Сенатнинг эллик бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги 4 йилда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий-ҳуқуқий соҳаларига оид халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинган.
Улар орасида 2020 йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги ПФ-6003-сонли Фармони юртимизда бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлди.
Ўтган давр мобайнида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида бир қатор халқаро рейтингларда ижобий кўрсаткичларга эришилди.
Хусусан, иқтисодиётнинг либераллашуви ва қулай инвестиция муҳитининг яратилиши натижасида Иқтисодий эркинлик индексида мамлакатимиз ўрни 5 поғонага кўтарилиб, 178 та мамлакат орасида 109-ўринни эгаллади. Сўнгги 7 йилда эса Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини 57 поғонага яхшилади.
Шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада, шу жумладан қишлоқ хўжалиги, энергетика, қурилиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа кўплаб соҳаларда олиб борилган инновацион ва технологик ривожланиш Ўзбекистоннинг Глобал инновациялар индексидаги кўрсаткичларининг яхшиланишига олиб келди. Ўзбекистон мазкур Индексда 132 та давлат орасида 93-ўриндан 82-ўринга кўтарилди.
Давлат хизматларининг рақамлаштирилиши, давлат органлари фаолиятига электрон технологияларнинг кенг жорий қилиниши натижасида Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида республикамиз ўз кўрсаткичини 18 поғонага яхшилаб, 193 та давлат орасида 69-ўринни эгаллади ва бу борада “жуда юқори ривожланаётган” мамлакатлар қаторига кирди.
Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Коррупцияни қабул қилиш индексидаги мамлакатимиз кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатди. Жумладан, ушбу Индексда 180 та давлат орасида Ўзбекистон кўрсаткичларини 2020 йилда 146-ўриндан 2024 йилда 121-ўринга олиб чиқишга эришилди. Умуман олганда, сўнгги 7 йилда Индексдаги мамлакатимиз ўрни 36 поғонага яхшиланди.
Мамлакатимизда ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида Ҳуқуқ устуворлиги индексида Ўзбекистон сўнгги уч йилда ўз кўрсаткичларини 14 поғонага яхшилаб, 142 та мамлакат орасида 78-ўринни эгаллади.
Шу билан бирга, республикамизнинг халқаро майдондаги мавқеини янада ошириш, халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашда ихчам ва натижага йўналтирилган тизимни жорий қилиш ҳамда парламент ваколатларини кенгайтириш мақсадида 2024 йил 19 июнда “Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда ушбу соҳада парламент назоратини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президентнинг ПФ–91-сонли Фармони қабул қилинди.
Фармон билан Олий Мажлис Сенати томонидан устувор халқаро рейтинг ва индексларнинг рўйхатини ҳамда самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларини тасдиқлаш белгиланди.
Мажлис давомида мамлакатимиз учун 15 та устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар ва уларга масъул вазирлик ва идоралар рўйхати ҳамда 2030 йилга қадар мақсадли кўрсаткичлар ишлаб чиқилганлиги қайд этилиб, Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маърузани тайёрлаш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Сенаторларнинг фикрича, халқаро рейтинг ва индекслар муайян соҳа, йўналиш ва тармоқларни турли йўллар билан аниқлаш воситаси ҳисобланиб, улар мамлакатларнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва мавқеини белгилашда, олиб борилаётган ислоҳотларга холис баҳо беришда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳокамадан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 16.08.2024
- Кўришлар: 1175
- Чоп этиш