Веб-сайтлар тўғрисидаги нормалар такомиллашди (Бешинчи мақола)

2018 йил 18 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун 3 та янги модда билан тўлдирилиб, 11 та моддага ўзгартириш киритилди.

Хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар ҳам оммавий ахборот воситаси сифатида эътироф этилди. Веб-сайтлар тўғрисидаги норма ушбу Қонунда аввал ҳам мавжуд эди-ку, деган мулоҳаза пайдо бўлиши табиий.

Гап шундаки, авваламбор, Қонуннинг «Оммавий ахборот воситалари» деб номланган 4-моддасида берилган таърифда илгари қўлланилган «умумфойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларидаги веб-сайтлар» жумласи эндиликда «Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар» деб ўзгартирилди.

Қонуннинг 20-моддаси эса: «Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган тақдирда веб-сайтнинг домен номи кўрсатилади, бунда ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи ва ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотларни тақдим этиш талаб қилинмайди», деган мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилди.

Шу билан бирга, 27-модда матнига қуйидаги мазмундаги биринчи қисм киритилди. Яъни: «Ахборот ташувчи жисмларга ёзилган, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштирилган, электрон техник қурилмалар ёрдамида фойдаланишга мўлжалланган газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқа даврий босма нашрлар даврий босма нашрнинг электрон шаклидир».

Қонун 27(1)-модда билан тўлдирилган бўлиб, ушбу янги модда «Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси» дея номланади.

Унда «Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси Интернет тармоғидаги таҳририй-ноширлик жиҳатидан ишлов берилган, ўзгартирилмаган тарзда тарқатиш учун мўлжалланган, электрон шаклдаги ҳужжатлар ва маълумотларни ўз ичига олган ахборот ресурсидир», деган таъриф баён этилган.

Бундан ташқари, мазкур веб-сайтлар бош саҳифаларида қайд этилиши шарт бўлган маълумотлар санаб ўтилган.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, XXI аср жамият ҳаётига ахборот асри сифатида кириб келди. Замонавий ахборот ва алоқа технологияларининг ижтимоий ҳаётимизда кенг қўлланилиши ахборотнинг жамият ривожланишига таъсир ўтказувчи асосий омиллардан бирига айланди.

Ҳозирги ахборот, коммуникация ва компьютер технологиялари асрида, Интернет кундан-кун ҳаётимизнинг барча жабҳаларига тобора чуқур ва кенг кириб бораётган бир пайтда, одамларнинг онги ва тафаккури учун кураш ҳал қилувчи аҳамият касб этаётган бир вазиятда қонунчилигимиздаги ушбу янгиликларнинг аҳамияти, айниқса, долзарб экани шубҳасиз.

Мисол учун, охирги йилларда мамлакатимизда катта аудиторияга эга бўлган қарийб 290 та хусусий ва идоравий Интернет нашрлари ташкил этилди. Улар бошқа материаллар қаторида энг муҳим расмий ахборотлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида тарқатмоқда.

Ғулом Мирзо

фото интернет тармоғидан олинди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech