Виждон эркинлиги: янги таҳрирдаги лойиҳада амалдаги Қонуннинг қайси талаблари бекор қилинмоқда?

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига келиб тушган янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси матни жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилди.  

Қонуннинг асосий мақсади – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган виждон ва дин эркинлигига доир ҳуқуқларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, дейилади norma.uz сайти хабарида.

Янги таҳрирдаги лойиҳада амалдаги Қонунда мавжуд бир қатор талаблар, жумладан:

  • диний ташкилотни ташкил этиш учун маҳалла фуқаролари йиғинларининг розилигини олиш тартиби;
  • диний таълим муассасаларида диний таълим берувчи шахслар учун маҳаллий бошқарув органининг розилигини олиш талаби;
  • диний ташкилот устави ва унинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома дубликатини олиш тартиби бекор қилинмоқда.

Қонун лойиҳасида, шунингдек диний ташкилотни рўйхатга олиш учун зарур бўлган ташаббускорлар сонини 100 нафардан 50 нафаргача камайтириш; диний ташкилотни рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатини эса уч ойдан бир ойгача қисқартириш белгиланган.

Энг асосийси, Қонун лойиҳасида қуйидаги муҳим янгиликлар кўзда тутилган: 

биринчидан, қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинадиган муносабатлар тўғридан-тўғри амал қилувчи ягона қонунга бирлаштирилган;

иккинчидан, виждон эркинлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва принциплари белгиланган;

учинчидан, ушбу соҳадаги ваколатли давлат органларининг вазифа ва функциялари чегаралари аниқ белгиланган;

тўртинчидан, диний ташкилотларни давлат рўйхатига олиш тартиб-таомили соддалаштирилган, хусусан: 

- тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилган;

- уларни нотариал ва бошқа шаклларда тасдиқлашга доир талаблар бекор қилинган;

- давлат хизматлари тўлиқ электрон шаклда кўрсатилиши назарда тутилган;

- рўйхатга олишни рад этиш учун асослар аниқ белгиланган.

 

Бундан ташқари, Қонун лойиҳасида қуйидагилар ҳам қайд этилган:

  • виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий принциплари;
  • диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми, уларнинг фаолиятини ташкил этиш асослари;
  • диний ташкилотни ташкил этиш тартиби;
  • диний ташкилотни рўйхатга олиш ва қайта рўйхатга олиш тартиби.

 

Маълумот учун: Қонун лойиҳасини такомиллаштиришда жамоатчилик фикрини олиш мақсадида лойиҳа parliament.gov.uz сайтининг “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига жойлаштирилган. Фикр-мулоҳаза ва таклифларингизни demokratkom@parliament.gov.uz манзилига йўллашингиз мумкин.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech