Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Депутатларнинг атрофлича муҳокамаларидан сўнг қонун қабул қилинди.
“Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг асоси давлатимиз раҳбарининг ташаббусидир. Бинобарин, ушбу вазифа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майда имзоланган “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган.
Ўтган даврда мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасининг 5 нафар депутати ташаббуси билан Қонунчилик палатасиги киритилди. Бундай қонунни қабул қилишнинг сабаблари нимада, деган савол туғилиши табиий.
Биринчи сабаб. Шу пайтга қадар мамлакатимизда волонтёрлик фаолияти ҳуқуқий тартибга солинмаган.
Волонтёрлар фаолиятини тартибга солувчи махсус қонун йўқ. Уларнинг ҳуқуқий мақоми, шу жумладан, ҳуқуқ ва мажбуриятлари бирон-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатда акс эттирилмаган.
Аммо, бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда “волонтёрлик” атамаси қўлланилган. Қонун ҳужжатларининг миллий базасида 46 мингдан ортиқ ҳужжат мавжуд бўлиб, шундан 12 тасида ушбу атама учрайди.
Хусусан, “Ҳомийлик тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида мазкур атамага: “Кўнгиллилар – ҳомийлик олувчининг ёхуд ҳомийлик ташкилотининг манфаатларини кўзлаб бепул ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шаклидаги ҳомийликни амалга оширувчи жисмоний шахслар”, деб таъриф берилган. Олий Мажлис Сенати тасдиқлаган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот”да эса Омбудсманнинг 8 та минтақавий вакиллигида волонтёрлар компьютер саводхонлиги бўйича таҳсил олгани таъкидланган.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 июнда қабул қилинган “Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қариялар, ногиронлар, ёрдамга муҳтож кишиларга, хусусан, томорқаларида ёрдам бериш учун волонтёрлик ҳаракатини жорий қилиш зарурлиги белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 8 августда қабул қилинган “Япония билан ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, шунингдек, 2017 йил 14 августда тасдиқланган "Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорларида ҳам “волонтёрлик” тушунчаси хусусида сўз боради.
Кейинги даврда қабул қилинган ҳужжатлар ҳақида фикр юритганда, мазкур атама Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясида, ҳамда 2019 йил 9 январдаги Фармони билан тасдиқланган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси”да қайд этилганини таъкидлаш лозим.
Иккинчи сабаб. Волонтёрлик – мамлакатда фуқаролик жамияти ривожланганлиги даражасини кўрсатувчи индикатордир.
Бугунги кунда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини либераллаштириш ва демократлаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Кучли ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишнинг муҳим шартларидан бири – мустақил нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини барча соҳалар бўйича мунтазам ривожлантириб боришдир.
Юртимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ҳимоя қилиш ҳамда «учинчи сектор»ни эркин ва изчил ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий база яратилган.
Мамлакатимизда жадал ривожланаётган волонтёрлик фаолияти мустаҳкам қонунчилик базасига эга эмас. Шу боис мазкур қонуннинг қабул қилиниши юртимизда волонтёрлар фаолияти янада ривожланишида алоҳида аҳамият касб этади.
Учинчи сабаб. Волонтёрлик ҳаракати ҳозирги даврда турли миллий ва халқаро тадбирларни ўтказишдаги фаоллиги билан яққол кўзга ташланмоқда.
Жумладан, турли хайрия тадбирлари ва акциялар, халқаро анжуманлар ва спорт мусобақалари, ҳатто сайлов жараёнларида кўнгиллилар фаол иштирок этмоқда. Мазкур тадбирларни тайёрлаш ва ўтказишда кўпгина ҳолатларда волонтёрлик хизматидан самарали фойдаланилмоқда.
Тўртинчи сабаб. таҳлилларга кўра, волонтёрлик институти кенг имкониятларга эга бўлиб, бу имкониятлардан Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фойдаланиш мумкин.
Мисол учун, волонтёрлар ўз фаолияти давомида: қатор муҳим ижтимоий хизматларни кўрсатади; маълум товарларни ишлаб чиқаради; ўз манбалари ҳисобидан жамиятнинг эҳтиёжманд қатламларини қаноатлантиради; давлат органларининг айрим вазифаларини зиммасига олади.
Бу омиллар, ўз навбатида, мавжуд бюджет маблағларини иқтисод қилиш имконини беради.
Бешинчи сабаб. волонтёрлик ёшларни жамият ҳаётига киришиш жараёнларига кўмак кўрсатиш, зарур иш тажрибасини тўплаш ва меҳнат бозори талаблари бўйича зарур малака даражасини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, у жамият аъзолари онгига асосий демократик қадрият ва кўникмаларни сингдириш, ижтимоий муносабатларни амалга оширишда ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Миллий тажрибани ўрганиш шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда волонтёрлик фаолияти, тегишли тушунчалар мажмуи ва ушбу фаолиятни амалга ошириш тартиблари ҳозирга қадар аниқ бир қонун ҳужжатида мустаҳкамланмаган бўлса-да, барибир, изчил ривожланмоқда.
Олтинчи сабаб. Волонтёрлик фаолияти кўп асрлик тарихга эга бўлиб, халқимизнинг онгу тафаккури ва менталитетига чуқур сингиб кетган. Хусусан, ҳашар – жамоавий кўнгиллилик фаолиятининг кенг тарқалган кўринишларидан бири.
Шу билан бирга, айрим социологик тадқиқотлар натижаларига қараганда, ҳозирги кунда мамлакатимизда қарийб 90 фоиз ННТ ўз фаолиятини амалга оширишда волонтёрлардан фойдаланади. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Қизил ярим ой жамияти ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси шундай ташкилотлар орасида энг фаолларидир.
«Бунёдкор» ёшлар меҳнат гуруҳлари турли турар-жойлар ва инфратузилма объектлари, хусусан, Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли каби қурилишларда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Мазкур кўнгиллилар гуруҳларига дастлаб 30 мингдан ортиқ ёшлар бириккан бўлиб, улар ўз фаолияти давомида зарур меҳнат кўникмаларини эгаллашга ва ўзаро мустаҳкам дўстлик алоқаларини ўрнатишга муваффақ бўлдилар.
Еттинчи сабаб. Волонтёрлик фаолияти қатор ижтимоий тармоқлар орқали ҳам фаоллашиб бормоқда. Масалан, «facebook.com» ижтимоий тармоғида «волонтёры.uz» гуруҳи мавжуд. Гуруҳ аъзолари сони 12 мингдан ортиқдир.
Бу гуруҳ хайрия тадбирлари, акциялари ҳамда ёрдам кўрсатиш бўйича ўзаро маълумотлар алмашадилар. Улар йўқолган кишиларни излаш, ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш, эгасиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш, эҳтиёжмандларга дори-дармон сотиб олиш ва қиммат тиббий операцияларни бажариш учун маблағ йиғиш ва бошқа шу каби беғараз ёрдам тадбирларини амалга оширмоқда.
Шу тариқа мамлакатимизда шундай ҳолат юзага келдики, миллий қонунчиликда волонтёрлик фаолияти билан боғлиқ “ҳуқуқий бўшлиқ” мавжуд бўлишига қарамай, ушбу йўналиш изчил ривожланмоқда.
Ушбу соҳада тегишли қонун ҳужжатлари мажмуининг йўқлиги оқибатида кўнгиллиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, ижтимоий ҳимояси, муносиб меҳнат шароитларининг кафолатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ННТ ва ОАВ билан ҳамкорлик механизмлари тўғрисидаги масалалар очиқ қолмоқда.
Қолаверса, қонунчиликдаги бу «оқ доғлар», ўз навбатида, юртимиз ёшларини мазкур йўналишда давлат сиёсати ва миллий менталитетимизга мос келмайдиган қадриятлар асосида «бирлаштириш»га интилувчи турли шахслар ва ташқи кучларга «кенг майдон» яратиб беришидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда 80 дан зиёд мамлакатда йирик профессионал волонтёрлик ташкилотлари мавжуд. Давлатлар томонидан катта ёрдам кўрсатилаётгани туфайли волонтёрлик сектори жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий қисмига айланиб бормоқда.
Англиянинг “Charities Aid Foundftion” компанияси ҳар йили “Жаҳон хайрия рейтинги”ни эълон қилади. 2018 йили Ўзбекистон 145 давлат ичида 68-ўринни эгаллади. Мамлакатимиз 2016 йили волонтёрлик ҳаракатининг ёйилиши бўйича 40-ўринда эди.
Шу маънода, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қабул қилган ушбу қонун мамлакатимизда волонтёрлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Демакки, у беғараз ишларни бажариш ва хизмат кўрсатишни кўнгилли равишда амалга оширувчи жисмоний шахслар фаолияти билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни қонунлаштиради.
Қонуннинг қабул қилиниши қуйидаги масалаларни ҳал қилиш имкониятини беради:
биринчидан, волонтёрлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни қонуний тартибга солади;
иккинчидан, волонтёрлик фаолияти тўғрисида ягона қонуний тушунчалар мажмуини шакллантиради;
учинчидан, волонтёрлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиб-тамойилларини белгилайди;
тўртинчидан, волонтёрлик фаолияти янада фаоллашишини рағбатлантиради;
бешинчидан, волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча кафолатлар яратади;
олтинчидан, давлат органларининг ва фуқаролик жамияти институтларининг волонтёрлар билан ҳамкорлигининг усуллари ва шаклларини аниқлайди.
“Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонунда қуйидагилар, яъни волонтёрлик фаолиятининг мақсад ва вазифалари; волонтёрлик фаолиятининг асосий принциплари; волонтёрлик фаолиятининг асосий йўналишлари ва шакллари; волонтёрлик фаолиятини рўйхатга олиш реестри; Вазирлар Маҳкамасининг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари; маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бу борадаги ваколатлари; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги иштироки; волонтёрлик шартномаси; волонтёрлик шартномасининг таркиби; волонтёрлик фаолиятини рағбатлантириш чоралари; волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва молиявий таъминлаш назарда тутилган.
БМТ аъзо давлатларни волонтёрликни қадрлашга ва ҳар хил фаолият турларига кўнгиллиларни жалб қилишга даъват этиб келмоқда. Хусусан, БМТ Бош Ассамблеяси, “Волонтёрларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги тавсиялар” номли махсус Резолюция қабул қилган. Бунга жавобан кўплаб давлатлар волонтёрлик фаолиятини тартибга солувчи ва ҳимоя қилувчи «ҳуқуқий доиралар» мажмуини яратган.
Ўзбекистонда мазкур қонун лойиҳасини тайёрлаш асносида бир қанча хорижий давлатларнинг бу борадаги қонунчилик амалиёти таҳлил қилинди. Хусусан, Франция, Швеция, Буюк Британия, Сербия, Македония, Польша, Словакия, Латвия, Литва, шунингдек, МДҲга аъзо давлатлардан Россия, Украина, Қозоғистон ва Молдова тажрибаси атрофлича ўрганилди.
Жумладан, Францияда кўнгиллилар фаолиятида иштирок этишнинг икки шакли – “Benevolat” ва “Volontariat” қабул қилинган.
“Benevoles” – эътироф этилган тижорат ёки нотижорат мақомга эга шахслар, масалан волонтёрлик харакатидаги иштирокидан келиб чиқиб қўшимча ҳуқуқларга эга ёлланма ишчилар ёки талабалардан иборат.
Аммо волонтёрлик фаолиятида иштирок этишнинг бундай шакли аниқ ҳуқуқий мақомга эга эмас. Шунинг учун бундай волонтёрлар бошқа қўшимча фаолият билан ҳам шуғулланишлари мумкин.
“Volontaires” – волонтёр сифатида ҳуқуқий мақоми тан олинган шахслар. Улар фақат волонтёрлик фаолияти билан шуғулланади. Волонтёрликнинг иккала шакли ҳам Франциянинг кўплаб қонунлари билан тартибга солинади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, волонтёрлик тўғрисида алоҳида қонунлар Литва, Македония, Словакия, Сербия, Молдова, Украина, Россия, Қозоғистон каби давлатларда қабул қилинган.
Парламентимизнинг қуйи палатаси депутатлари ишлаб чиққан қонун билан Адлия вазирлиги томонидан волонтёрлар фаолиятини рўйхатга олиш реестри жорий қилиниб, мунтазам равишда янгилаб борилиши, «Волонтёрлик шартномаси»ни амалиётга жорий қилиниши кўзда тутилган. Қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Олий Мажлис Сенатига юбориладиган бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқишдан кўзланган мақсад – волонтёрлар фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдир.
Қолаверса, ушбу қонун ҳужжати нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, волонтёрлар фаолиятини замон талаблари асосида самарали йўлга қўйишга қаратилган. У демократик ислоҳотлар натижадорлигини таъминлаш ва волонтёрлар хизматидан фойдаланишнинг энг самарали механизмларини шакллантиришга хизмат қилади.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Демократик институтлар,
нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси
- Қўшилди: 14.11.2019
- Кўришлар: 6861
- Чоп этиш