- Мамлакатимизда 2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайловлар янги ҳуқуқий ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида ташкил этилмоқда.
- Ўзбекистонда сайловларни демократик принциплар асосида ўтказишда Сайлов кодексининг қабул қилингани ҳамда сайловлар билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилгани ушбу сиёсий жараёнга янгича руҳ берди.
- Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси сайлов жараёнлари янада ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган илғор амалиётни жорий этишни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлайди.
- Сайлов кодекслари қабул қилинган дунёнинг 40 та давлати сафига эндиликда Ўзбекистон ҳам қўшилди.
- Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси мамлакатимиздаги ўн саккизинчи кодекс саналади.
- Кодекс лойиҳасини тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳи томонидан 20 дан ортиқ давлат, жумладан, Франция, Нидерландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Албания, Беларусь, Озарбайжон, Туркия каби мамлакатлар тажрибаси ҳамда ушбу соҳадаги халқаро стандартлар пухта ўрганиб чиқилди.
- Сайловга доир 10 дан ортиқ халқаро ҳужжат атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг асосий ғоя ва стандартлари Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси нормаларига чуқур сингдирилди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт, ЕХҲТнинг инсонийлик мезонлари тўғрисидаги ҳужжатлари шулар жумласидандир.
- Парламент Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти сайлов қонунчилигидан чиқариб ташланди.
- Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши ҳуқуқи берилди.
- Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби жорий этилди.
- Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларга сайловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди.
- Сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш сайловга уч кун қолганида тўхтатиладиган бўлди.
- Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сони 3 нафардан 5 нафарга кўпайтирилди.
- Ташвиқот ишларини бошлашда барча номзодлар учун ягона муддат, яъни уларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши белгиланди.
- Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизимига Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати жорий этилди.
- Сайловлар бўйича кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишлари такомиллаштирилди.
- Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш амалиётида биринчи марта барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ишлар 8 босқичли “каскад” услубида ташкил этилди.
- Сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича семинар-тренингларда жами 170 мингга яқин сайлов комиссиялари аъзоси ўз билими ва кўникмаларини оширади.
- Сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар – йўриқнома, регламент ва низомлар қабул қилинди.
- Сайлов комиссиялари аъзолари тезкорлик билан фойдаланиши учун махсус “Сайлов – 2019” мобиль илова ишлаб чиқилди.
Оммавий ахборот воситалари материаллари асосида тайёрланди
- Қўшилди: 28.10.2019
- Кўришлар: 5557
- Чоп этиш