“Montsame” ахборот агентлиги “Ўзбекистон – туб ислоҳотларни бошдан кечираётган янги Осиё йўлбарси” сарлавҳали мақола эълон қилди. Муаллиф юртимиз сўнгги бир неча йил ичида мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришларни бошдан кечираётганига эътибор қаратган.
– Самарқанд, Бухоро, Хива, Урганч, Қарши каби қадимий Ипак йўлидаги шаҳарлари билан машҳур Ўзбекистон минг йиллар давомида цивилизациялар чорраҳаси вазифасини бажарган узоқ тарихга эга мамлакат, – дея бошланган мақолада.
Шундан сўнг охирги 10 йилда иқтисодиётимиз йилига ўртача 5,9 фоиз ўсгани, 2017 йил бошланган ислоҳотлар изчил давом этаётгани, Янги Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича стратегик сиёсат муваффақиятли амалга оширилаётганига эътибор қаратилган:
– Ўзбекистонни халқаро кузатувчилар “Осиёнинг бешинчи йўлбарси” деб атаётгани бежиз эмас, – дейди муаллиф. – Маълумки, Осиёда 1960-1990 йилларда “тўрт йўлбарс” пайдо бўлган – Жанубий Корея, Сингапур, Тайвань ва Гонконг. 1990 йил “Иккинчи тўлқин йўлбарслари” – Индонезия, Малайзия, Вьетнам ва Таиланд майдонга чиқди. Мана энди Ўзбекистон “янги йўлбарсларнинг учинчи авлоди” қиёфасини намоён этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар амалга ошириш имконияти исботланган қатъий илмий ҳисоб-китобга асослангани, мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш, халқаро майдондаги мавқеини кучайтиришга қаратилгани таъкидланган:
– Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясида турли имтиёзлар орқали қулай сармоявий муҳит яратиш кўзда тутилган бўлиб, келгуси беш йилда 120 миллиард доллар, жумладан 70 миллиард хорижий инвестиция жалб этилиши кўзда тутилган. Республика иқтисодиёти янада очиқ бўлгани сари хорижий сармоядорлар иштирокидаги корхоналар сони кескин ошмоқда.
Нашр юртимиздаги мавжуд мўл-кўл минерал ресурслар, етарли ишчи кучи, аҳолининг юқори таълим даражаси, нисбатан кам ташқи қарз, ислоҳотларни давом эттириш иштиёқи кучли ҳукумат – буларнинг бари жадал тараққиётни таъминлаш учун қулай шарт-шароит гарови эканини таъкидлаган. Шунингдек, “Янги Ўзбекистонни 2022-2026 йилларда ривожлантириш стратегик режаси”да атроф-муҳит муҳофазасига алоҳида урғу берилгани, “Яшил майдон” лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиш мақсад қилингани қайд этилган.
Муаллиф бундан икки йил олдин Янги “ақлли” Тошкент шаҳрини бунёд этиш учун тамал тоши қўйилганига ҳам тўхталган:
– Ҳозир Ўзбекистон пойтахтида аҳоли сони жадал ошиб бориши, турар-жой бинолари ва бошқа объектлар қурилиши ҳисобига инфратузилма юки ортиб боряпти. Яқин келажакда урбанизация янада кучайиши кутиляпти. Шунинг учун ҳам Тошкент шаҳрини ривожлантириш режасини ишлаб чиқишда давлат раҳбари 15-20 йиллик вазиятни олдиндан кўра билиб, архитектура тараққиётининг истиқболдаги тенденцияларини инобатга олган ҳолда, пойтахтни ҳозирги жойидан узоқ бўлмаган Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларига кўчириш бўйича қарор қабул қилди. Бундан икки йил аввал янги шаҳарнинг тамал тоши қўйилди. Бу улкан лойиҳанинг дастлабки босқичида 20 000 гектар ер алоҳида давлат эҳтиёжи учун ажратилиб, 100 000 киши учун уй-жой, инфратузилма яратилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
- Қўшилди: 25.06.2025
- Кўришлар: 312
- Чоп этиш