10 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган "Марказий Осиёда сув дипломатияси: барқарор ривожланиш йўлида ишонч, мулоқот ва кўп томонлама ҳамкорлик" халқаро илмий-амалий конференция – халқаро ҳамкорлар орасида катта қизиқиш уйғотди.
10 дан ортиқ мамлакат ва 15 та халқаро ҳамда ҳудудий ташкилотлардан 100 дан зиёд вакилларни тўплаган форум – Марказий Осиёнинг иккита йирик дарёси – Амударё ва Сирдарё ҳавзалари атрофида истиқомат қилувчи вакилларни бир платформада бирлаштирди.
Кўп томонлама мулоқотда Афғонистон делегацияси илк бор иштирок этгани Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро конструктив мулоқотга тайёр эканлигини намойиш этдики, бу ҳолат алоҳида эътирофга сазовор бўлди.
Анжуман иштирокчилари таъкидлаганидек, нафақат минтақамиз, балки бутун дунё дуч келаётган сув тақчиллиги хатарлари ортиб бораётган шароитда сув дипломатияси алоҳида долзарблик касб этиб, бўлиб ўтган форум нафақат Марказий Осиёда ўзаро манфаатли сув соҳасидаги ҳамкорликнинг юқори динамикасига барқарорлик бахш этади, балки глобал сув-иқлим бўйича кун тартибини шакллантиришга муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.
Масалан, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) минтақавий дастури раҳбари Каролина Милоунинг фикрига кўра,сув дипломатияси иқлим ўзгаришлари ва ортиб бораётган сув стресси шароитларида янада долзарблик касб этмоқда.

– Бугунги кунда сув нафақат шунчаки табиий ресурс, балки стратегик актив, ҳаёт манбаидир. Ва бу иқлим ўзгариши, музликларнинг жадал эриши ва экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг оқибатлари билан юзма-юз келаётган Марказий Осиёда яққол намоён бўлмоқда. Айна шунинг учун ҳам сув дипломатияси ва сув ресурсларини комплекс бошқариш ўта муҳим аҳамият касб этмоқда", – дея таъкидлади у.
Бунда GIZ вакили ҳамкорлик учун мавжуд салоҳият сув дипломатиясидан мамлакатлараро ишончли мулоқотни йўлга қўйиш воситаси сифатида фойдаланиш мумкинлигини таъкидлади. Бундай ёндашув умумий сув ресурсларини минтақавий барқарорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдеворга айлантириши мумкин.
Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг сув ресурслари бўйича маслаҳатчиси Лиза Марина Граммп ҳам шу ҳақида фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, сув дипломатияси сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги муаммоларни муваффақиятли ҳал қилишнинг гаровидир. "Мазкур йўналишга илмий ҳамжамият вакилларини жалб қилиш муҳимдир", – дея қайд этди у.

Делфт сув таълими институтининг сув ресусрларини бошқариш кафедраси доценти Женнифер Зеринг (Нидерландия) ҳам давлат сектори, илмий ҳамжамият билан бир қаторда, "Сув дипломатиясини тарғиб этишда фуқаролик жамияти вакиллари, ёшлар, шунингдек, маҳаллий аҳоли ҳам иштирок этиши лозим", – дея қайд этди. "Айнан шундай кенг қамровли ёндашув сув соҳасидаги муаммоларнинг моҳиятини тушуниб етиш ва сув-экология таҳдидларини енгиб ўтиш бўйича самарали ҳамда барқарор ечимлар ишлаб чиқиш имконини беради", – дейди Д.Зеринг.

Марказий Осиёда Халқаро сув ресурсларини бошқариш институтнинг (IWMI) минтақавий вакили Барбара Януш-Павлетта таъкидлашича, сув бўйича ҳамкорлик шунчаки сув соҳасидаги ҳамкорлик чегарасидан ташқари чиқадики, бу ҳамма томонларнинг манфаатларини эътиборга олиш ва потенциал зиддиятларнинг олдини олишга қаратилган бутун бир стратегиядир, ва бинобарин, илмий ёндашув ҳамда ишончли маълумотларни талаб этади. “Айнан ана шундай ёндашув минтақада юзага келган, сув соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда катта истиқбол йўлларини очаётган мақбул сиёсий вазият шароитларида алоҳида долзарб аҳамият касб этади", – дея қўшимча қилди у.

Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг сув дипломатиясини концептуаллаштириш ва уни давлатлараро ўзаро ҳаракатларнинг алоҳтида йўналишги сифатида илгари суриш бўйича саъй-ҳаркатлари юқори баҳоланди. Шу маънода, Барбара Януш-Павлеттанинг фикрига кўра, Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашган Ўзбекистон минтақа давлатлари ва Афғонистон ўртасида сув дипломатияси бўйича мулоқотни илгари суришда муҳим ўрин тутади ва бунда катта салоҳиятга эгадир.
Марказий Осиёда бугунги таҳдидлар ва сув хавфсизлиги хатарлари шароитларида трансчегаравий сув ресурсларидан самарали фойдаланишга умумий қарашни шакллантириш, нафақат Марказий Осиёда, балки глобал миқёсда сув дипломатиясини, сув ҳамкорлигининг самарали моделини илгани суриш воситаси сифатида ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Мазкур контекстда экспертлар бугунги кунда сув-иқлим соҳасидаги кун тартиби қачонлардир тарқоқ Марказий Осиё давлатлари омили сифатидаги ролидан минтақавий ҳамкорликнинг катализаторига айланганини қайд этишмоқда.
Ўзбекистон ва Қирғизистондаги Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг минтақавий ваколатхонаси директори Филипп Ян таъкидлашича, сув дипломатияси Марказий Осиё мамлакатларини яқинлаштириш ва ўзаро фаол мулоқотни йўлга қўйиш учун асос бўлиб хизмат қилади. У минтақадаги беш давлат ва Афғонистоннинг анжуманда иштирок этиши муҳимлигини таъкидлаб, минтақада сув масалаларини биргаликда ҳал қилиш очиқ инклюзив мулоқотни йўлга қўйишни талаб этишини қайд этди.

Бунда Ф.Эберт номидаги жамғарма вакили Марказий Осиёда мазкур йўналишда етарли тажриба тўпланганлигини таъкидлаб ўтди. Сув дипломатияси каби йиллар, ҳатто асрлар давомида ривожланиб келган ўзаро хатти-ҳаракатлар минтақа мамлакатлари бирлашиши учун асос бўлиб қолмоқда. Ҳозир трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш масалаларини ҳал қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида минтақа мамлакатлари ва Афғонистон учун қулай вазият юзага келди.
Ўз навбатида БМТнинг Марказий Осиёда Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари ўринбосари Филипп Саприкин Марказий Осиёда сув соҳасидаги ҳамкорликка юқори баҳо берди. Унинг таъкидлашича, минтақада сув кооперацияси учун мақбул шароитлар яратилган. "Мазкур тадбир ва унда илгари сурилган таклифлар сув хавфсизлигини таъминлашга катта ҳисса қўшади, минтақа барқарорлиги ни барқарор ривожлантиришга ёрдам беради".

Афғонистонга кўмак бериш бўйича БМТ Миссиясининг иқлим, тинчлик ва хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Чэрити Ватсон: "Афғонистоннинг мулоқотдаги иштироки сув ресурсларидан яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатлар йўлида биргаликда фойдаланиш соҳасида кўплаб масалаларни ҳал қилиш йўлини топиш имконини беради", – дея ишонч билдирди.

ЎзА
- Қўшилди: 14.04.2025
- Кўришлар: 256
- Чоп этиш