Хитойда никоҳлар сони камайиб кетяпти

ХХРда сўнги ўн йилдаги энг кам никоҳ қайд этилди. Бу маълумотни CNN келтирган.

Дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти ҳисобланган бу давлатда демографик пасайишнинг олдини олиш учун ёшларни оила қуриш ва фарзанд кўришга ундаш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракат давом этаётганига қарамай, янги никоҳлар сони рекорд даражада пасайди.

Фуқаролик ишлари вазирлиги томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, 2024 йил 6,1 миллионга яқин жуфтликнинг никоҳи қайд этилган, Бу аввалги йилга нисбатан 20,5 фоиз кам.

Никоҳ ва туғилиш кескин камайиши Пекин учун жиддий муаммога айланмоқда, чунки ишчи кучи қисқариши ва аҳоли тез қариши мамлакатда иқтисодий ўсишни секинлаштиради.

Ўтган йил 16-59 ёш оралиғидаги меҳнатга лаёқатли одамлар 6,83 миллион камайди, 60 ёшдан ошганлар эса кескин кўпайиб, умумий аҳолининг 22 фоизини ташкил этди.

Расмийлар ва социологлар фикрича, ҳозирги ташвишли ҳолат қисман аҳоли кўпайишини чеклаш мақсадида ўнлаб йиллар давомида олиб борилган сиёсат билан боғлиқ бўлиб, ҳозир никоҳ ёшидаги ёшлар кескин камайиб кетган.

2015 йил ХХР бир бола сиёсатига чек қўйиб, эр-хотинларга икки фарзанд кўришга рухсат берди. 2021 йил бу чегара уч нафарга оширилди. Афсуски, никоҳ ва туғилиш даражаси ҳамон пасайишда давом этяпти.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech