Ўзбекистон Республикасининг «Хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Лойиҳада Ўзбекистон томонидан хориждаги ватандошларга кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш назарда тутилмоқда.
Лойиҳада хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадлари, асосий йўналишлари, рағбатлантириш усуллари белгиланмоқда.
Жумладан, Ўзбекистоннинг хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, истиқомат қилаётган мамлакатнинг қонунлари ва Ўзбекистон халқаро шартномалари асосида чет эллардаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатилади.
Ўзбекистон маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, уни дунёда ўрганиш ва оммалаштириш, истиқомат қилаётган мамлакатларида ўзбек тилини, маданиятини ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган ватандошларимизнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг Ўзбекистонда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ва унинг хорижий мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишни истаган ватандошлар ва улар томонидан тузилган ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш назарда тутилган.
Ўзбекистон ҳудудида ватандошларнинг касбий, шу жумладан, тадбиркорлик, сармоядорлик, илмий, маърифий ва маданий фаолиятини амалга ошириши учун қулай ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитлар яратилади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон халқаро обрў-эътиборини янада мустаҳкамлашга ватандошлар салоҳиятини жалб қилиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон маданият, илм-фан, таълим ва ахборот соҳаларида ҳамда иқтисодий соҳада хориждаги ватандошлар ва уларнинг ташкилотларини қўллаб-қувватлайди, улар билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг бошқа хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларини мустаҳкамлашга йўналтирилган тадбирларни ташкил қилади.
Таклиф этилаётган лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади.
Хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадлари, асосий йўналишлари, рағбатлантириш усуллари белгиланади. Хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришга эришилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА
- Қўшилди: 18.07.2024
- Кўришлар: 1239
- Чоп этиш