Янги Ўзбекистон демократик йўлининг яна бир эътирофи

Ўзбекистон тарихида илк бор Парламентлараро Иттифоқ ассамблеяси мамлакатимизда ўтказилди. Бу воқеа нафақат мамлакатимиз, балки  бутун Марказий Осиё тарихида  улкан воқеа бўлди.  Эътиборлиси, Тошкентда 181 та мамлакат миллий парламентларини  бирлаштирувчи Парламентлараро иттифоқнинг юбилей 150-йиғилиши ўтказилди.

Ҳокимиятнинг қонунчилик бўғинлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва парламент назоратини кучайтириш Иттифоқ фаолиятининг асосини ташкил қилади. Парламентлараро Иттифоқ йиғилишлари юксак даражадаги халқаро нуфузи билан ажралиб туради. Хусусан, Тошкентдаги тадбирда 100 дан ортиқ  миллий парламентларни таништирувчи 2 мингдан зиёд парламент аъзолари иштирок этди. Айни дамда Парламентлараро Иттифоқ демократияни ривожлантиришнинг  долзарб масалаларини глобал даражада  муҳокама қилиш учун ноёб имконият яратади. 

Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеясини ўтказиш жойи сифатида Тошкент шаҳри танланиши Янги Ўзбекистоннинг демократлаштириш,  мамлакат сиёсий ҳаётида парламентнинг ролини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлари самарасидир. Қолаверса, Президент Шавкат Мирзиёев  раҳбарлигида халқаро парламент демократиясининг  глобал марказларидан бирига айланган республикамиз нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар  Парламентлараро иттифоқнинг “Демократия учун. Ҳар бир киши учун”  шиорини амалда  татбиқ этиб,  мамлакатимиз парламентини асосий демократик  институтлардан бирига айлантиришга ёрдам берди. Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорликда парламент дипломатияси фаол ривожланиб, тинчлик, демократия ва барқарор ривожланишга кўмаклашиш соҳаси, шунингдек, халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. 

Парламентлараро иттифоқ доирасида демократик бошқарув  институтлари ривожланмоқда, парламентлар ва депутатлар билан фуқароларнинг талаб ва истакларини қондириш йўналишидаги ишлар  такомиллашмоқда. Шу билан бирга ҳамкорлик инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, гендер тенглик,  ёшлар ҳуқуқлари,  иқлим ўзгаришларига қарши кураш ва барқарор ривожланиш каби соҳаларни ҳам қамраб олган ҳолда,  парламентнинг бевосита фаолияти доирасидан ташқарига чиқмоқда.

Парламентлараро ҳамкорлик Ўзбекистоннинг очиқлик ва прагматизм  йўлини янада мустаҳкамлаб,  давлатимизнинг ташқи сиёсатини янада фаоллаштиришга хизмат қилади. Бу бугунги кунда дунёда сақланиб  қолаётган  беқарорлик, мураккаб ва  қарама-қарши  геосиёсий жараёнлар, халқаро кескинлик,  иқтисодий муаммоларнинг ортиши шароитида муҳим аҳамият касб этади.

Парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг бу жараёндаги  роли  ортиб бораётгани миллий манфаатларни халқаро майдонда  самарали илгари суришга хизмат қилмоқда. Парламентлараро Иттифоқ юбилей  йиғилишининг  ўтказилиши халқаро ҳамкорликнинг ҳозирги  мураккаб шароитида Янги Ўзбекистоннинг жаҳон сиёсати марказларидан бири,  глобал  ташаббуслар манбаи сифатида шаклланганини англатади.

Ўзбекистон Республикаси Парламенти юз бераётган жараёнларда  муҳим ўрин эгаллайди. Мамлакатимиз парламентлараро  ҳамкорликнинг   етакчи халқаро тузилмаларининг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида муҳим  таклиф ва ташаббусларни илгари сурган ҳолда ҳамкорликни ривожлантиришда фаол  иштирок этмоқда. Бухорода Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш  бўйича Халқаро  парламент форуми ҳамда  Тошкентда парламентлар аёл раҳбарларининг 14-саммити ўтказилиши бу ҳамкорликнинг амалдаги ифодаси десак муболаға бўлмайди. 

Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеяси доирасида парламент ҳамкорлиги механизмларини янада мустаҳкамлаш, энг яхши амалиётларни тарғиб этиш, бугунги куннинг долзарб муаммоларига биргаликда ечим топиш зарурлигига эътибор қаратилди. Давлат ҳокимиятининг шаффофлигини ошириш, давлат бошқарувида фуқаролик жамиятининг ролини  фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар Парламентлараро Иттифоқ фаолияти давомида тўпланган тажриба халқаро сиёсат  соҳасида ўзаро ҳамкорлик намунаси бўлибгина қолмай, жадал глобал ўзгаришлар шароитида қонунчилик назоратининг самарали андозаларини ривожлантиришда муҳим роль тутишини қайд этди. 

 Ассамблеяда барқарор ривожланишни  илгари суриш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Делегатлар иқлим ўзгаришларига қарши кураш, замонавий технологияларни жорий қилиш ва қонунчилик жараёнида гендер тенглик ролини  кучайтиришга қаратилган янги ташаббусларни кўриб чиқди.  Ҳар  бир фуқаронинг  ижтимоий ва иқтисодий  ҳолатидан қатъи назар, унинг қизиқишлари устувор бўлган янада адолатли ва инклюзив жамият  шакллантириш учун биргаликда шарт-шароитлар яратиш мумкин. 

Тошкентда Ассамблеяси Янги Ўзбекистоннинг глобал парламент дипломатияси соҳасида муҳим шерик сифатидаги роли тобора ортиб бораётганини халқаро ҳамжамиятга кўрсатиб берган муҳим воқеа бўлди. Турли мамлакатлар парламентларининг вакиллари расмий учрашувлар ва норасмий музокаралар давомида тажриба алмашди, ҳуқуқий ва институционал ислоҳотларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди ҳамда ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олди. 

Парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш бугунги кун чақириқларига жавоб бера оладиган глобал мулоқотни шакллантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва очиқлик каби ҳамкорлик тамойиллари келажакда амалга ошириладиган қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг бошланғич нуқтаси бўлмоқда. Шу тариқа, Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеяси нафақат халқаро парламентаризм ривожида муҳим босқич бўлди, балки, замонавий демократик бошқарув соҳасидаги янги стандартлар ва тамойилларни ишлаб чиқишда Ўзбекистоннинг интилишини  ҳам кўрсатди.

Барқарор  ривожланиш мақсадларини амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари, гендер тенгликни таъминлаш, ёшлар ҳуқуқларини кенгайтириш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш масалалари бўйича йиғилиш кун тартибининг кенгайтирилиши муҳим аҳамиятга эга. 

         Н. Рашидова,

 “Адолат” социал-демократик партияси фракция аъзоси

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech