Сўнгги тўрт йил мобайнида “Янги Ўзбекистон” деган ижтимоий реал воқелик асосида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига эътибор кун сайин юксалмоқда. Буни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси юксак минбаридан туриб, соф ўзбек тилида сайёрамиздаги ёшларнинг ҳуқуқлари бўйича Конвенцияни қабул қилиш таклифини киритганида ҳам кўриш мумкин.
Айниқса, мамлакатимиз Президентининг бевосита ташаббуси билан Инсон ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси тасдиқлангани ва амалга оширилаётгани диққатга сазовор. Миллий стратегия БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини инобатга олган ҳолда, жумладан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилгани жуда муҳим.
Мазкур тарихий ҳужжатда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишнинг устувор вазифа ҳамда йўналишлари белгилаб берилган. Бу борада, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг самарали фаолиятини эътироф этиш зарур, деб ҳисоблайман.
Бу ҳақда фикр юритганда, Миллий стратегия ижроси доирасида жорий йилнинг 12-13 август кунлари нуфузли халқаро, минтақавий ва нодавлат нотижорат тузилмалар жумладан, БМТ ва унинг агентликлари, ЮНЕСКО, Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот, ЮНИСЕФ, БМТ Аҳолишунослик фонди (ЮНФПА), БМТ Тараққиёт дастури, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ, ЕХҲТнинг Парламент Ассамблеяси, Европа Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Осиё Парламент Ассамблеяси, Африка иттифоқи, ШҲТ, МДҲ вакиллари иштирокида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларига бағишлаб Самарқанд веб-форуми ўтказилганини алоҳида таъкилаш лозим.
Бинобарин, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бу борада асосий мезбон ташкилотчилардан бир бўлди.
Халқаро анжуман якунида “Ёшлар-2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат, ўз навбатида, БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди.
Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли Миллий стратегиянинг қабул қилиниши мазкур тизимда давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси мустаҳкамланишига замин яратади.
Шу боис масаланинг илмий асосига эътиборни кучайтириш ҳар томонлама манфаатли эканлигини назардан қочирмаслик керак.
Бугунги кунда республикамизда Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ривожлантиришда, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг илмий ечимига бағишланган илмий-назарий тадқиқотлар яратиш ҳамда замонавий воситалар асосида тарғиб этишда фаол иштирок этаётгани ҳам эътиборга молик.
Бу борадаги шахсий ҳиссамга келсак, мен томонимдан "Давлат ва ҳуқуқ назарияси", "Давлат ва ҳуқуқ тарихи", "Сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихи" фанларидан ўқув қўлланама ва монографик илмий ишлар ёзилган. Юзга яқин, монография, рисола, ўқув ва услубий қўлланма ҳамда дарсликлар муаллифиман.
Бунга қадар эса камина Алишер Навоийнинг давлат ва ҳуқуқ қарашлари бўйича юридик фанлари номзодлилиги диссертациясини ҳамда “Ўзбекистонда XIV-XV асрларда сиёсий ва ҳуқуқий таълимотларнинг асосий йўналишлари" мавзуида докторлик диссертациясини ёқлаган.
“Ўзбек давлатчилик тарихи тўғрисида”ги 3 жилдлик китобимиз ҳаммуаллифлик асосида тайёрланган.
Ўзбекистонда биринчи марта ўзбек тилида менинг раҳбарлигимдаги муаллифлар жамоаси томонидан “Инсон ҳуқуқлари” ўқув қўлланмаси нашр этилган.
Шунингдек, ўнлаб номзодлик ва докторлик диссертацияларига раҳбарлик қилиб, ҳуқуқ соҳасида бир қанча шогирдлар тайёрладим.
Чорак асрдан буён, яъни 1995 йилдан ҳозирги кунга қадар Тошкент давлат юридик университетида таълим-тарбия ва илмий фаолият масалалари билан шуғулланиб келмоқдаман. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мутахассисларни тайёрлаш ишига озми-кўпми хизматим сингаётганидан мамнунман.
Ҳалимбой БОБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби,
юридик фанлар доктори, профессор;
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони соҳиби
- Қўшилди: 16.12.2020
- Кўришлар: 3879
- Чоп этиш