Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик
Жорий йилда мамлакатимизда энг муҳим ижтимоий-сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Ушбу сайлов Ўзбекистонни, таъбир жоиз бўлса, бутун Марказий Осиё минтақасини ўрта ва узоқ истиқболда янада барқарор ривожлантириш йўлида ҳал қилувчи ўрин тутадиган ғоят муҳим қадам бўлади.
Кейинги йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Янги Ўзбекистоннинг демократия йўлида изчил ривожланиши, ташқи дунёга очиқлиги ва рақобатбардошлигини таъминлаш доирасида улкан ишлар амалга оширилди. Мамлакат фуқароларининг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланишга доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги изчил ислоҳотлар шулар жумласидандир.
Авваламбор, умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан эркин ва адолатли сайловларни очиқ ҳамда шаффоф тарзда ўтказишга тааллуқли ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга қаратилган узвий чора-тадбирлар кўрилди. Чунки эркин ва очиқ, қонуний ва адолатли, холис ва шаффоф сайловлар демократик ҳуқуқий давлатнинг юзи ҳамда ҳозирги замон демократик сайлов тизимини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг ажралмас белгиси ҳисобланади.
Бу ўринда Ўзбекистон сайлов қонунчилиги мунтазам ўтказиб келинаётган сайловлар давомида тўпланган миллий сайлов амалиёти негизида жадал суръатларда такомиллаштирилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу жараёнда, албатта, халқаро талаблар ва андозалар, фуқароларнинг сиёсий онги ва сайлов (электорал) маданияти ўсиб бориши, жорий демократик янгиланишларнинг талаб ҳамда мезонлари ҳам ўз вақтида ҳисобга олинмоқда.
Шу нуқтаи назардан, бугунги Янги Ўзбекистон сайлов қонунчилиги тараққиётида уч босқични ажратиб кўрсатиш мумкин.
Айрим сайлов қонунларидан – Сайлов кодекси сари
Қонунчиликни кодификациялаш, яъни кодекслаштириш – амалдаги қонун ҳужжатларини чуқур ва ҳар томонлама қайта ишлаш йўли билан тизимлаштирилган ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатни яратиш бўйича амалга ошириладиган фаолиятдир. Бунда, бир томондан, эскирган норматив-ҳуқуқий меъёрлардан воз кечилса, иккинчи томондан, миллий ҳуқуқий тизимни ялпи ривожлантиришга қаратилган янги ҳуқуқий қоидалар ишлаб чиқилади.
Хорижий давлатларда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари одатдаги қонунлар, конституциявий қонунлар ёки сайлов кодекслари қабул қилиниши орқали тартибга солинади. Бунда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатида сайловларни Сайлов кодекси асосида тартибга солиш билан боғлиқ ҳуқуқий амалиёт (модель) қўлланилишини таъкидлаш лозим.
Янги Ўзбекистонда ҳам сайлов қонунчилигини кодекслаштириш йўли танланди. 2019 йилда илгари сайлов тизимимизда амалда бўлган 5 та қонун (1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонун; 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонун; 1994 йил 5 майда қабул қилинган «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонун; 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонун; 1994 йил 5 майда қабул қилинган «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун) ўрнига ягона Сайлов кодекси қабул қилинди. Сайлов кодекси мамлакатимизнинг барча ижтимоий-сиёсий кучлари – сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари иштирокида, умумхалқ муҳокамаси негизида ишлаб чиқилди.
Бу жараёнда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ҳамда Европа Кенгашининг Венеция комиссияси тавсиялари, шунингдек Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ), Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) каби бир қатор халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловларни кузатишда иштирок этган хорижий кузатувчилар миссияларининг тегишли хулоса ҳамда фикрлари ҳам ҳисобга олинди.
Хусусан, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистонда 2016 – 2019 йилларда бўлиб ўтган сайловлар якунлари бўйича ўз тавсияларини тақдим этганди. Миллий сайлов қонунчилигига шу тавсияларнинг 29 таси – тўлиқ, 8 таси – қисман имплементация қилинди, бошқалари эса экспертлар томонидан ўрганилмоқда.
Сайлов кодексининг қабул қилиниши Янги Ўзбекистоннинг жамиятни демократлаштириш ва эркинлаштириш, фикрлар хилма-хиллиги ҳамда кўппартияли тизимни мустаҳкамлаш йўлидан қатъий одимлаётганининг ёрқин ифодаси бўлди.
Сайлов кодексининг энг муҳим янгиликлари, жумладан, қуйидаги хусусиятларида кўринади:
биринчи хусусияти: миллий сайлов қонунчилигига сайлов тўғрисидаги халқаро ҳужжатларнинг парламент палаталаридан ҳеч бўлмаганда биттасига тўғридан-тўғри сайлов ўтказилишини таъминлашга қаратилган асосий қоидалари тўла имплементация қилинди. Қонунчиликдан парламент қуйи палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланиб, бунда Қонунчилик палатасида амалдаги депутатлик ўринлари (150 ўрин) сақлаб қолинди;
иккинчи хусусияти: сайловчиларга сайловда биттадан ортиқ партия иштирок этишини қўллаб-қувватлаш имконияти берилди. Яъни сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта партияни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиш ҳуқуқи мустаҳкамланди;
учинчи хусусияти: қонунчиликда Президентликка номзодларни, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни илгари суриш ҳуқуқига сиёсий партиялар эга экани белгиланган. Бунда сиёсий партиялар ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни номзод сифатида кўрсатиш ваколатига эга;
тўртинчи хусусияти: ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этгани учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи норма чиқариб ташланди;
бешинчи хусусияти: номзодларга сиёсий партиялардан бириктириладиган ишончли вакиллар сони кўпайтирилди. Эндиликда Президентликка номзодлар учун – 15, парламент депутатлигига номзодлар учун – 10, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодлар учун – 5, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодлар учун – 3 киши ишончли вакил бўлиши мумкин;
олтинчи хусусияти: сиёсий партиялардан қўйиладиган кузатувчиларнинг сайловлар ошкора ва демократик руҳда ўтишини таъминлашдаги роли кучайтирилди. Улар сайлов комиссияси овозларни санаш якунлари бўйича баённома тузганидан сўнг дарҳол сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаларини олишлари мумкин. Сайлов комиссиясининг овозларни санаш якунлари бўйича баённомасини кўпчиликнинг танишиб чиқиши учун камида 48 соат муддатга сайлов участкасига зудлик билан илиб қўйиш тартиби ўрнатилди;
еттинчи хусусияти: сайловларни ташкил этиш, ўтказиш ва якунларини чиқаришга доир масалалар юзасидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг сайлов комиссиялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби белгиланди. Бундан ташқари, эндиликда номзод ё кузатувчи сайлов жараёнларининг ҳар қандай босқичи, шу жумладан овозларни қайта санаб чиқиш ёки сайлов натижаларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Сайлов комиссиялари, шу жумладан Марказий сайлов комиссияси қарорлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи узил-кесил мустаҳкамлаб қўйилди. Бу борада судга ариза берган шахслар ўз мурожаатининг кўриб чиқилишида бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга ҳисобланади;
саккизинчи хусусияти: илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низом бекор қилиниб, Сенат аъзоларини қонунчиик даражасида сайлаш тартиби белгиланди;
тўққизинчи хусусияти: Сайлов кодексида сиёсий партиялар ва номзодлар томонидан сайловолди тарғиботини амалга ошириш турлари, шакллари ва усуллари қатъий белгилаб қўйилди;
ўнинчи хусусияти: кузатувчилар, партияларнинг ваколатли вакиллари, оммавий ахборот воситалари фаолияти масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Сайлов кодексида сайлов жараёни ушбу иштирокчиларининг ҳуқуқлари доираси мустаҳкамланди. Зеро, уларнинг иштироки туфайли сайлов жараёни шаффофлиги таъминланади.
Сайлов комиссиялари мажлисларида сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хорижий давлатлар, халқаро ташкилотчилар кузатувчилари иштирок этиши мумкин. Сайлов комиссияларининг мажлислари очиқ тарзда ўтказилади. Сайлов комиссияларининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ёки Сайлов кодексида белгиланган тартибда оммалаштирилади;
ўн биринчи хусусияти: Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш кўзда тутилган бўлиб, давлат ахборот ресурси ҳисобланадиган ушбу рўйхатда сайловчи-фуқаролар, уларнинг доимий яшаш манзиллари ва вақтинча турар жойлари ҳақидаги маълумотлар жамланади.
Бир сўз билан айтганда, 2019 йилда давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловлар даврида Сайлов кодекси синовдан яхши ўтди. Ушбу Кодекс фуқароларнинг сайловга тааллуқли конституциявий ҳуқуқларига демократия ва адолат, холислик ва очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик принциплари асосида сўзсиз риоя этилишига, сайловчиларнинг сайловда эркин иштирок этиши учун зарур шароитлар яратилишига, сиёсий партиялар ва номзодларга эса сайлов кампанияси давомида кенг ва тенг имкониятлар тақдим этилиши таъминланишига хизмат қилиши ўз тасдиғини топди.
Сайлов комиссиялари фаолиятининг мустақиллигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар
Мамлакат сайлов қонунчилиги ва сайлов тизимини демократлаштиришнинг иккинчи босқичи 2021 йилнинг февралида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани билан бевосита боғлиқдир. Бунда, жумладан, қуйидаги устувор вазифаларни ҳал этишга асосий эътибор қаратилди.
БИРИНЧИ УСТУВОР ВАЗИФА – сайловларда барча фуқароларнинг фаол иштирок этишини ҳамда қаерда жойлашгани ва вақтинча яшаб турганидан қатъи назар, уларнинг сайлов ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш.
Қонунчилигимизда илк бор хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқароларини, уларнинг дипломатик ваколатхоналарда консуллик рўйхатига олингани-олинмаганидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, хорижий мамлакатлардаги ҳамюртларимизнинг яшаш ёки иш жойи бўйича кўчма сайлов қутиларида овоз беришлари учун ҳуқуқий асослар яратилди.
ИККИНЧИ УСТУВОР ВАЗИФА – сайлов ташкилотчиларининг барча тизимлари, яъни Марказий сайлов комиссияси бошчилигида барча даражалардаги сайлов комиссиялари мустақиллигини янада мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилди, бинобарин бу демократик сайловларнинг зарурий ва муҳим шартидир.
Шу мақсадда Марказий сайлов комиссияси ва сайлов комиссиялари аъзоларининг мақоми қонуний асосда белгиланди. Сайлов ташкилотчиларининг фаолиятига хос бўлмаган вазифалар чиқариб ташланди. Хусусан, бундан буён сайлов комиссиялари ўз ваколатига кирмайдиган иш – номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этиш билан шуғулланмайди.
Сайлов комиссиялари тизими ҳам мақбуллаштирилди. Туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти қисқартирилди. Бундай мақбуллаштириш туфайли 5 минг 739 та ортиқча округ сайлов комиссияси тугатилиб, натижада катта миқдордаги мутахассислар захираси – 54 мингдан зиёд инсон кераксиз вазифалардан озод этилди.
Шу тариқа сайлов комиссиялари давлат ҳокимиятининг барча органларидан мустақил фаолият юритиши учун тегишли ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди. Бугунги кунда сайлов ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий даражаси, сайлов натижаларининг қонунийлиги асосан сайлов жараёни барча субъектлари қонунчилик талабларига нечоғлик аниқ амал қилишига боғлиқдир.
УЧИНЧИ УСТУВОР ВАЗИФА – сиёсий партиялар тарғибот олиб бориши, умумпартиявий сайлов тадбирлари, жумладан, сайлов кампанияси доирасида оммавий тарғибот тадбирларини ташкил этиши учун имкон қадар қулай ҳуқуқий шароитлар яратиш.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тегишли конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида эмас, балки октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.
Сайлов ўтказишнинг конституциявий муддатини бошқа санага кўчиришдан олдин, албатта, ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирни демократик асосда, холис ва адолатли тарзда ташкил этишни таъминлаш борасидаги миллий, хорижий ва халқаро амалиёт синчиклаб ўрганилди ҳамда бу борадаги энг илғор тажрибаларга таянилди.
ТЎРТИНЧИ УСТУВОР ВАЗИФА – сайлов кампанияси даврида давлат ресурсларидан фойдаланилишига йўл қўймаслик.
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг турли аъзо-давлатлардаги сайловларни кузатиш миссиялари ўз якуний маърузаларида, одатда, бир аниқ устувор тавсияни билдиради. Бу ҳам бўлса, “маъмурий ресурсларнинг суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик ва/ёки бундай суиистеъмолликларга йўл қўйилгани ҳолати бўйича шикоятларни самарали ва ўз вақтида кўриб чиқиш механизмини яратиш” тўғрисидаги амалий тавсиядир.
Бу борадаги миллий ва хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистонда ҳам давлат хизматчиси (агар у ишончли вакил ҳисобланмаса), шунингдек ҳарбий хизматчилар, диний ташкилотлар ходимлари ва судьяларнинг сайлов даврида тарғибот билан шуғулланиши қонуний асосда тақиқланган. Ушбу омил сайловларни холис, қонуний ва адолатли асосда ўтказиш йўлидаги яна бир муҳим қадам ҳисобланади.
Иккинчи босқичнинг энг муҳим янгиликлари ҳақида сўз борганда, сиёсий партиялар ва уларни молиялаштириш тўғрисидаги қонунчиликнинг Сайлов кодекси талабларига мослаштирилгани, Президент ва парламент сайловлари, шунингдек маҳаллий вакиллик органларига сайловларни давлат томонидан молиялаштириш тартиби ўрнатилгани, сайлов комиссияларининг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш муддати 10 кундан 5 кунга қисқартирилгани каби ҳолатларни алоҳида қайд этиш мақсадга мувофиқдир.
Энг асосийси, мамлакат сайлов қонунчилиги ва сайлов тизимини демократлаштиришнинг иккинчи босқичи фуқароларнинг Конституцияда кафолатланган сайлов ҳуқуқлари янада тўлиқ амалга оширилишига, уларнинг сайловлардаги иштироки кенгайишига кўмаклашади, демократик сайловлар ўтказиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Адолатли сайловнинг ҳуқуқий асослари
Янги Ўзбекистоннинг замонавий сайлов тизими – кўп йиллик тадрижий тараққиёт ва кўп томонлама сиёсий мулоқот самарасидир. Зотан, сайлов қонунчилиги сайлов жараёнини такомиллаштиришга қаратилган қанчадан-қанча ўзгартиришларни бошидан ўтказди.
Модомики, ушбу ўзгартиришларнинг энг кичиги, арзимас бўлиб туюлганининг ортида ҳам катта ва оғир меҳнат, олдинги сайлов кампанияларининг чуқур таҳлили ва шу асосда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдек мураккаб жараёнлар ётибди.
Шундай қилиб, сайлов тизими йиллар давомида изчил суръатларда ривожланиб борди. Ўз навбатида, ушбу янгиланишлар мамлакатни сиёсий-ҳуқуқий ривожлантиришнинг узвий ва мантиқий давоми сифатида намоён бўлди.
Бу ўринда, албатта, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Сайлов кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси билан чиққани ҳақида сўз бормоқда. Ушбу қонунчилик ташаббуси сайлов қонунчилиги ва сайлов амалиётини янада такомиллаштириш, халқаро андозаларга мувофиқ ҳолга келтириш ҳамда том маънода демократик сайловлар ўтказиш борасидаги энг мақбул амалиётларга мослаштиришга қаратилгани билан алоҳида диққатга сазовордир.
Бу борада бир қатор масалаларда янгиланишлар кўзда тутилган.
Биринчидан, давлат ҳокимиятининг таъсис этувчи (яъни, Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги сайлов комиссиялари тизими) ва суд ҳокимияти тармоқлари фаолиятида тийиб туриш ва ўзаро мувозанатни таъминлаш мақсадида улар ўртасидаги ваколатларни тақсимлаш ишларини давом эттириш.
Авваламбор, жорий этилган ўзгартириш ва қўшимчалар, бир томондан, участка сайлов комиссияларининг қарорлар қабул қилиш борасидаги мустақиллиги ва масъулиятини кучайтиришни назарда тутади. Иккинчи томондан, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қабул қилган қарорлари юзасидан фуқаролар ҳамда сайлов жараёнлари бошқа иштирокчиларининг мурожаатлари ва шикоятларини кўриб чиқиш борасида судларнинг ролини оширишга хизмат қилади.
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, Сайлов кодексида шундай муҳим бир норма мустаҳкамландики, унга кўра Марказий сайлов комиссияси сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қабул қилган қарорлари юзасидан сайловчилар ҳамда сайлов жараёнлари бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқмайди.
Шу йўл билан ариза ва мурожаатлар тақдим этишнинг “қўшалоқ” тизимига, демакки Марказий сайлов комиссияси билан суднинг бир-бирига зид қарорлар қабул қилиши эҳтимолига ҳам барҳам берилди. Бу масалалар фақат судларнинг ваколатига киритиладиган бўлди.
Айни чоғда, фуқароларнинг сайловга тааллуқли ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятлари сезиларли даражада кучаймоқда. Бугунги кунда Сайлов кодексига мувофиқ:
- ҳар қандай фуқаро сайловчилар рўйхатидаги хато ёки ноаниқликлар юзасидан участка сайлов комиссиясига мурожаат қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси мурожаатни 24 соат ичида ўрганиб, хато ёки ноаниқликларни бартараф этиши ёхуд мурожаатчига мурожаатининг кўриб чиқилмаслигини асосланган жавоб орқали билдириши зарур. Бунда участка сайлов комиссиясининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин;
- сайлов комиссияларининг қарорлари устидан сиёсий партиялар органлари, уларнинг номзодлари, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар томонидан судга шикоят қилиниши мумкин;
- Марказий сайлов комиссияси қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.
Сайлов кодексида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичларида қабул қилинган қарорлар устидан сайлов ҳуқуқи субъектлари томонидан шикоят қилинишининг аниқ тартиб-қоидалари кўзда тутилган. Кодексда сайлов комиссиялари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг сайловга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш ва сайлов якунларига доир масалалар бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби белгилаб қўйилган.
Буларнинг барчаси фуқароларнинг одил судловга бўлган ажралмас ҳуқуқлари амалга оширилишига хизмат қилади. Яъни низоли ҳолатларни фақатгина суд кўриб чиқиши ва адолатли қарорлар чиқариши лозим.
Таъсис этувчи ҳокимият фақат сайловларни ташкил этишга доир вазифалар билан шуғулланиши зарур. Улар фуқароларга сайловда ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун шароит яратиб бериши даркор. Сайлов комиссияларининг бу жараёндаги ҳаракати ёки ҳаракатсизлигини баҳолаш эса судларнинг вазифасига киради.
Иккинчидан, сайлов даврида сиёсий партиялар томонидан ташкил этиладиган оммавий йиғинлар, митинг ва намойишлар учун хабардор қилиш тартибини татбиқ этиш.
Гап шундаки, 2019 йили бўлиб ўтган парламент сайловлари арафасида сиёсий партиялар томонидан бутун мамлакат бўйича 800 тадан зиёд оммавий митинг ўтказилган. Бунга ҳеч қандай тўсқинлик қилинмаган ва партиялар томонидан ўзларининг оммавий тадбирлар ўтказишга доир ҳуқуқлари бузилгани тўғрисида бирон-бир мурожаат бўлмаган.
Аммо ўшанда қонунчиликда бу борада бўшлиқ мавжуд бўлганидан кўз юмолмаймиз. Шунинг учун Сайлов кодексида шундай норма мустаҳкамландики, унга кўра партиялар оммавий тадбирлар ўтказишдан камида уч кун олдин – ҳокимликларни ушбу тадбирни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида барвақт хабардор қилишлари зарур. Яъни бунда “рухсат кутиш” эмас, балки “хабардор этиш” тартиби амал қилади.
Учинчидан, Президент сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари салоҳиятини мустаҳкамлаш.
Ҳозирги вақтда, қонунчиликка мувофиқ, сайловга камида етмиш кун қолган даврда Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси ташкил этилади. Комиссия таркиби унинг раиси, раис ўринбосари, котиб ва 6-8 нафар бошқа аъзолардан иборат бўлади.
Лекин бунда бир ҳолатни ҳисобга олиш керак. Яъни парламент сайлови учун битта сайлов округи доирасида 70 тадан 120 тагача участка сайлов комиссияси шакллантирилса, Президент сайлови даврида қарийб 1000 та участка сайлов комиссияси тузилади.
Демакки, Президент сайлови даврида участка сайлов комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш вазифаси анчагина мураккаблашади. Шу муносабат билан Сайлов кодексида участка сайлов комиссиялари аъзоларининг сони 11 – 18 нафарга оширилган.
Бундан ташқари, учинчи босқичда олдинги сайловлар даврида аниқланган техник ва ташкилий масалаларни ҳал этишга қаратилган бошқа бир қатор янгиликлар ҳам назарда тутилган. Буларнинг барчаси, адолатли ва ҳақиқий демократик сайловлар ўтказишнинг умумэътироф этилган халқаро принципларини ҳисобга олган ҳолда, миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини демократлаштиришга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.
Аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш дастури
Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар, шунингдек фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг тобора юксалиб бораётган сиёсий ҳамда ҳуқуқий онги даражаси – мамлакатимиз сайлов тизимини янада такомиллаштириш учун муҳим ва мустаҳкам замин ҳисобланади.
Яқинда Ўзбекистон Парламенти БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилди. Конвенциянинг 29-моддасига кўра, иштирокчи-давлатлар ногиронлиги бўлган шахслар сиёсий ҳуқуқларга эга бўлишини ва бу ҳуқуқларидан бошқалар қатори фойдаланишини кафолатлайди. Шунингдек, ногиронлар сиёсий ва ижтимоий ҳаётда бевосита ёки ўзлари эркин сайлаган вакиллари орқали самарали ва ҳар томонлама иштирок этишини, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга бўлишини ҳамда овоз бериш имкониятидан фойдаланишини таъминлаш мажбуриятини зиммасига олади.
Сайлов кодексида ногиронлиги бўлган шахсларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида овоз бериш йўли билан иштирок этишга доир ҳуқуқларини амалга оширишнинг барча механизмлари ўз мужассамини топган. Хусусан, ушбу Кодекс талабига биноан, овоз бериш биносида жисмоний имкониятлари чекланган шахслар учун пандус мавжуд бўлиши ҳисобга олиниши зарур. Овоз бериш хоналаридаги технологик ускуналар – столлар, овоз бериш кабиналари ва қутилари – буларнинг барчаси ногиронлик аравачасида овоз бериш учун келадиган сайловчиларнинг талабларини инобатга олган ҳолда ўрнатилиши даркор.
2019 йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловлар даврида турли даражалардаги сайлов комиссиялари ногиронлиги бўлган 4 минг 158 нафар шахс билан иш олиб борганди. 2021 йил май ойида Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон Карлар жамияти ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзолади.
Шу асосда сайлов комиссиялари томонидан ногиронлиги бўлган сайловчиларга имкон қадар енгил ва қулай шароитлар яратиш учун бир қатор ташкилий тадбирлар ўтказилади ҳамда зарур ахборот материаллари тайёрланади. Сайлов участкаларининг ахборот стендларида мамлакат Президенти лавозимига номзодлари рўйхатдан ўтган шахслар ҳақидаги маълумотлар тегишли тартибда жойлаштирилади.
Масалан, кўриш қобилияти бўйича ногиронлиги бўлган сайловчи тўлдирилмаган бюллетенни Брайл алифболи қолипга жойлаштириб, бармоқлари кўмагида рўйхатдан ўтган номзоднинг исм-фамилиясини топиши ва тегишли туйнукчадаги катак ичига исталган белгини қўйиши мумкин бўлади. Эшитиш қобилияти суст ва кар сайловчилар учун, талабнома келиб тушган тақдирда, сайлов куни сайлов участкасига сурдотаржимонлар таклиф этилиши ҳам мумкин.
Сайловолди телекўрсатувлари сурдотаржимон ва субтитр (изоҳловчи ёзувлар) билан бирга намойиш этилади. Кўзи ожизлар учун эса Брайл алифбосида махсус журналлар нашрдан чиқарилади.
Бу амалий чораларнинг барчаси, шубҳасиз, ногиронлиги бўлган шахслар сайловда ўз хоҳиш-иродаларини эркин ифода этишларига яқиндан ёрдам беради. Бинобарин, ногиронлиги бўлган шахслар бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол иштирокчилари ҳисобланади.
Сайловчиларнинг сайлов маданияти ва фаоллигини ошириш, уларнинг сайлов институтига бўлган ишончини мустаҳкамлаш бугунги давр талабидир. Янги Ўзбекистон жамиятида давлат ҳокимиятини шакллантириш ҳамда янгича шароитларда конституциявий принципларни рўёбга чиқаришнинг ягона замонавий ва демократик механизми – бу сайлов экани ҳақида комил ишонч мустаҳкам қарор топиши тақозо этилади.
Бу муҳим омиллар фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқлари амалга ошишининг зарурий шартидир. Ана шу мақсадларга эришиш учун, жумладан, қуйидаги вазифаларни мутлақо янгича негизда бажариш лозим:
биринчидан, сайлов ташкилотчиларининг касб кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг ҳуқуқий билимларини ошириш тизимини такомиллаштириш, бу ишларнинг аниқ мақсадли, очиқ ва комплекс тарзда амалга оширилишига эътибор қаратиш;
иккинчидан, сайлов жараёнининг турли тоифадаги иштирокчилари, айниқса, ёшларнинг ялпи ҳуқуқий ва сайлов маданиятини ошириш;
учинчидан, оммавий ахборот воситалари билан ишлашни яхшилаш, журналистларнинг сайлов жараёни тўғрисидаги билимларини ошириш, уларни сайловнинг барча босқичларида ишончли ахборот тарқатиш жараёнига жалб этиш, шунингдек жамиятда медиамаданиятни юксалтириш;
тўртинчидан, фуқаролик жамияти институтларини сайлов жараёнининг демократик асосларда, қонуний ва адолатли ўтказилишини таъминлашга жалб этиш, давлат органларининг сайлов жараёни барча иштирокчилари, сайловчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятида уларнинг имкониятларидан ҳам унумли фойдаланиш даркор.
Бунда жамоатчилик фикрини чуқур ўрганган ҳолда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, давлат аҳамиятига эга қарорлар қабул қилиш ва жамият учун ўта муҳим чораларни амалга оширишда аҳоли фаоллигини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш ўринлидир. Масалан, “regulation.gov.uz” ёки “Mening fikrim” порталлари фаолияти орқали аҳолини шундай ижтимоий ишларга жалб этиш жуда муҳим;
бешинчидан, янги ахборот-коммуникация технологиялари негизида ахборот-ҳуқуқий таълим ресурсларини шакллантириш ва ривожлантириш лозим.
Энг муҳими, ушбу чораларнинг барчаси, бир томондан, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини ифода этиш кафолатини таъминлайди, иккинчи томондан, фуқароларда ватанпарварлик ва дахлдорлик туйғуларини кучайтиради, учинчи томондан, жамиятда сиёсий барқарорликни мустаҳкамлайди, тўртинчи томондан эса, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширади.
Шуни унутмаслик керакки, сайлов тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш жараёни, худди сайлов тўғрисидаги қонунчилик сингари ҳали тўла якунига етмаган. Зеро, дунё тажрибаси кўрсатишича, деярли ҳар бир навбатдаги сайлов кампанияси янги муаммоларни очиб бермоқда.
Биз айни пайтда тараққиётнинг шундай бир босқичида турибмизки, зарур ҳолларда тўплаган тажрибамиздан унумли фойдаланиб, таклиф қилинаётган ўзгартиришлардан қайси бири қандай ҳолатда ва қай тарзда самарали қўлланилиши мумкинлигини чамалаб, шу асосда дадил иш тутишимиз тақозо этилади.
Сайлов ташкилотчилари қонунларни яхши билиши ва қонунларга таяниб иш кўриши шарт. Парламентимиз томонидан тайёрланган Аҳолининг сайлов маданиятини ошириш бўйича миллий ҳаракат дастури бу борада муҳим кўмакчи бўлади, деб ҳисоблаймиз. Муҳими – касбий малакани оширишга, қонуннинг маъно ва мазмунини теран англаган ҳолда, айнан қонунга хизмат қилиш учун астойдил интилишдир.
Шундай қилиб, Янги Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва амалиёти тараққиётининг уч босқичи жамиятни сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий жиҳатдан янгилаш ҳамда мамлакатни модернизация қилиш йўлида изчиллик билан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан уйғунликда қуйидаги натижаларга олиб келади:
биринчи натижа: мамлакатда реал кўппартияли тизим сезиларли даражада ривожланади ва мустаҳкамланади. Бинобарин, юртимизда партиялараро соғлом рақобат муҳити яратилган бўлиб, барча сиёсий партиялар учун сайлов кампанияларини ташкил этиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун ажратилган маблағларни адолатли тарзда тақсимлаш, овоз беришни ҳаққоний ва сайловларни қонуний асосда ўтказиш борасида тенг шароитлар муҳайё этилган.
Бошқача айтганда, бўлажак Президент сайлови кўппартияли муҳитда, номзодларнинг беллашувлари, очиқлик, фикр эркинлиги ва ҳақиқий сайлов талаблари асосида бўлиб ўтади, деб ишонч билан таъкидлаш учун барча асослар мавжуд;
иккинчи натижа: сайловларда фуқаролик жамияти институтлари, кўнгиллиларнинг иштирок этиш имкониятлари кенгаяди ва роли кучаяди, фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллиги, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар суръатларини баҳолаш борасидаги талабчанлиги ҳамда дид-савияси сезиларли равишда ортади;
учинчи натижа: Ўзбекистонда сиёсий партиялар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, маҳаллий ва хорижий кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари сайлов кампанияси давомида ўз ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини амалга оширишлари учун зарур бўлган барча ҳуқуқий шарт-шароитлар юзага келади;
тўртинчи натижа: сайлов жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиш ва уларни ҳуқуқий тартибга солиш имкониятлари кенгаяди;
бешинчи натижа: коронавирус пандемияси инсон ҳаётининг барча соҳаларига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Ҳозир сайловлар янгича шароитларда ўтказилмоқда, яъни дунё сайлов тизими тарихида биринчи маротаба сайловчилар сайлов участкаларига қатъий равишда ниқоб таққан ва антисептик воситалардан фойдаланган ҳолда киритилмоқда. Шунинг учун пандемия шароитида сайлов жараёнини ташкил этишда муайян жиҳатларга эътибор қаратиш керак бўлади.
Биринчи жиҳат – сайловнинг умумий ташкилотчилик ишларига тааллуқли. Яъни овоз бериш бинолари ва хоналарини пандемия шароитига мослаш, масофадан ҳарорат ўлчаш, сайловчилар оқимини тартибга солиш, ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш ва санитайзерлардан фойдаланиш каби омилларга жиддий эътибор қаратиш лозим.
Иккинчи жиҳат – сайловчиларга қўйиладиган талаблар. Сайловчилар, албатта, ниқоб тақиши, антисептикдан фойдаланиши ва масофа сақлаши зарур.
Учинчи жиҳат – сайлов жараёни иштирокчилари фаолияти билан боғлиқ. Овоз бериш куни узоқ муддат сайлов участкаларида бўлиши тақозо этиладиган кишилар, яъни сайлов комиссияси аъзолари, кузатувчилар, ишончли вакиллар ҳам пандемия шароити талабларига қатъий амал қилишлари даркор.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайловлар том маънода давлат ҳокимиятини шакллантирадиган ва унинг ўтувчанлиги, яъни изчиллигини намоён этадиган ҳамда мамлакатда сиёсий барқарорликни таъминлайдиган самарали механизмга айланмоқда.
- Қўшилди: 26.10.2021
- Кўришлар: 5590
- Чоп этиш