2020 йил 10 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Халқаро инсон ҳуқуқлари куни тадбирларида иштирок этганим ва камтарона хизматларим учун «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирланганимдан беҳад хурсанд бўлдим.
Айниқса, ана шу анжуманда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, таниқли давлат арбоби, академик Акмал Саидовнинг бизнинг камтарин меҳнатимизни эътироф этиб, шаънимизга кўп яхши фикрлар изҳор қилгани мени янада қувонтирди. Илм-фанда янгидан-янги асарлар яратиш, шогирдлар тарбиялашга илҳомлантирди.
Ўзбекистоннинг подшоҳлик Россияси ва совет мустамлакачилиги даврида юртимиз, халқимиз озодлиги йўлида кураш олиб борган ва шу муқаддас иш йўлида мустабид режим томонидан қатағон қилинган юртдошларимизнинг аянчли, фожиали тақдирини ўрганиш ва халқимизни, айниқса, ёшларни ватанпарварлик, миллатпарварлик руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссам давлатимиз, ҳукуматиз томонидан муносиб қадрланаётганидан жуда мамнунман.
1991 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 2019 йили «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирлангандим.
Мана энди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасига Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» фармони ижросини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда катта ҳисса қўшган фуқароларни рағбатлантириш тўғрисидаги қарорини ҳаётга татбиқ этиш доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирландим.
Истиқлол арафаси ва мустақиллик йилларида совет давридаги тарихимизнинг фожиали, аламли саҳифалари тарихини яратишда озми-кўпми иш қилганимни қалбан сезаман.
Советларнинг Ўзбекистонда амалга оширган коллективлаштириш, қулоқлаштириш ва сургун қилиш сиёсати ҳамда амалиётининг фожиали оқибатлари ҳақида «Ўзбекистонда советларнинг қулоқлаштириш сиёсати ва унинг оқибатлари (Тошкент, 2001)», «Қишлоқ фожиаси: жамоалаштириш, қулоқлаштириш, сургун (Тошкент, 2003)», «Шимолий Кавказ сургунидаги юртдошлар қисмати (Тошкент, 2005)», «Тарихнинг ҳасратли саҳифалари (Тошкент, 2006)», 3 жилдлик «Трагедия Среднеазиатского кишлака (Ташкент, 2006)», «Среднеазиатский кишлак в годы Большого террора (Андижон, 2007)», «Шимолий Қозоғистон сургунидаги юртдошлар қисмати (Тошкент, 2009)» монографик тадқиқотларимиз эълон қилинди.
1937-1938 йиллардаги «Катта террор»да ўзбекистонликлардан 40 мингга яқин юртдошларимиз қатағон қилинган. Улардан 7 мингга яқини отилган, қолганлари ГУЛАГ лагерлари ва қамоқхоналарига ҳукм қилинган, кўплари ўша жойларда ҳалок бўлган.
Бу ватандошларимизнинг фожиали қисмати, тақдири ҳақида «Жертвы репрессии», «Истиқлол йўлида шаҳид кетганлар», 6 жилдлик "Репрессия" – рус тилида, "Қатағон" – ўзбек тилида, «Ўзбекистонда советларнинг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари», «Андижон, Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятлари бўйича қатағон қурбонлари», «Қатағон қилинган юртдошларни хотирлаб» номли китобларимиз нашр юзини кўрди ва улар кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда.
Сўнги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармойишларида белгилаб берилган подшоҳлик Россияси ва совет даврида Ўзбекистондаги қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари бўйича хотира китобларини яратиш, Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси мавзулари бўйича тадқиқот ишларини олиб бормоқдамиз.
Юқори малакали мутаҳассис кадрлар етиштириш бўйича ҳам фаолият қизғин бормоқда. Андижон давлат университетида Ўзбекистон тарихи соҳасида номзодлик диссертациясини ҳимоя қиладиган Ихтисослашган Кенгаш 1993-1998-2005, 2018-2020 йиллар давомида фаолият кўрсатмоқда.
Шундан бери Кенгашга раислик қилмоқдамиз. Бу орада 20 дан ортиқ диссертация ҳимоя қилинди. Ҳозиргача шогирдларимиздан 2 нафари фан доктори, 9 нафари тарих фанлари номзоди илмий унвонларига эгадир. Номзодлик ва докторлик диссертациялари устида иш олиб бораётган шогирдларим 5 нафар.
2018 йилдан Андижон давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори ва университет профессори лавозимида меҳнат қилиб келмоқдамиз.
Шуни ҳам айтишимиз лозимки, 1994 йилдан ҳозиргача Олий ўқув юртлари учун ёзган Ўзбекистон тарихи ўқув қўлланмаси дарслиги 5 маротаба қайта нашр қилиниб, ўқув жараёнида фойдаланилмоқда. 2016 йилдан «Водийнома» журнали бош муҳаррири вазифасида хизмат қилмоқдамиз.
Сўнги 4 йил ичида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон тарихи фанига, умуман тарихий меросимизга жуда катта эътибор қаратмоқда. Бу борада тегишли қарор, фармойиш ва кўрсатмалар бермоқдаки, улар биз тарихчиларни ниҳоятда қувонтиради.
Шу боис бир ғайратимизга ўн ғайрат қўшилиб, илмий тадқиқот ишларимиз янада самарали бўлиши учун иентилаяпмиз. Биз ёзган асар ва мақолалар халқимизни, айниқса, ёшларни ватанпарварлик, миллатга, юртга садоқат билан хизмат қилиш руҳида тарбиялаши учун бор имкониятимизи сафарбар қиламиз.
Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
Андижон давлат университети профессори, тарих фанлари доктори;
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони соҳиби
- Қўшилди: 15.12.2020
- Кўришлар: 3871
- Чоп этиш