Яқин кунларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганинг 32 йиллигини нишонлаймиз. Конституция ва унинг асосидаги қонун устуворлиги тамойили – бу барқарор тараққиётнинг асосий мезони. Сўнгги йилларда барча ислоҳотлар айни шу тамойил асосида амалга оширилмоқда. Айниқса, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон халқининг ваколатли вакиллари бўлмиш парламент аъзолари, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлари томонидан қабул қилинганини биламиз. Бундан фарқли ўлароқ, мамлакатимиз Асосий қонунининг янги таҳрири бевосита умумхалқ референдумида – тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан қабул қилинди. Шу маънода, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ҳақиқий муаллифи халқнинг ўзидир.
Фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эса ислоҳотларнинг манбаи ва ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 7-моддаси биринчи бандида «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи», деган норма белгилаб қўйилган. Бу норма тимсолида Ўзбекистон Республикасида жаҳон миқёсида умумэътироф этилган халқ ҳокимиятчилиги принципи, яъни халқ суверенитетнинг ташувчиси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканини англатувчи тамойил мустаҳкамлаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда Янги Ўзбекистон – инсон шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланган давлат бўлиши, халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши, «одамлар ташвиши билан яшаш», барча муҳим қарорлар аҳоли иштирокида, фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашув асосида қабул қилиниши каби принцип ва ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Асосий қонуннинг 7 моддаси, иккинчи бандида яна бир умумэътироф этилган тамойил мустаҳкамланган. Унга кўра давлат ҳокимияти фақат «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган органлар томонидангина амалга оширилади». Конституциядаги ушбу қоидалар 10-модданинг «Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин», деган биринчи бандида янада аниқ ифода этилган ва чуқур очиб берилган. Яъни жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас. Демак, Конституциямизда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги белгиланган экан, ана шу қоидадан келиб чиқиб, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттириляпти.
Хусусан, 27 октябрь куни мамлакатимизда янги таҳрирдаги Конституцияда белгилаб берилган қоидалар асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди. Бу сафарги сайловлар мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда, парламент ва маҳаллий кенгашларнинг давлат ҳокимияти тизимидаги ўрни ва ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилган шароитда ўтказилгани мамлакатимизнинг халқаро имижига кучли ижобий таъсир қилган муҳим воқелик бўлди. Ўзбекистондаги динамик ислоҳотлар фуқаролик жамияти ролини кучайтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этиб, демократик бошқарувни ривожлантиришга ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бу галги сайловларда энг кўзга кўринган ўзгаришлардан бири бу аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида 40 фоизини ташкил этиши белгилангани бўлди. Олдин аёл номзодлар учун гендер квотаси 30 фоиз эди. Сайлов кодексининг 70 ва 91-моддаларида ушбу ўзгаришларнинг акс этиши сайловда аёлларнинг кенг иштирокини таъминлади. Натижада хотин-қизлар Қонунчилик палатасидаги 150 ўриндан 47 тасини эгаллади, бу умумий номзодларнинг 45 фоизини ташкил этади. Мазкур ижобий ўзгариш хотин-қизларнинг мамлакатимиз сиёсий ҳаётига қўшаётган ҳиссаси ортиб бораётгани, гендер тенгликка риоя қилинаётганидан далолат.
Таъкидлаш жоизки, ушбу сиёсий жараёнга тайёргарлик анча олдин бошланди. 2023 йил 18 декабрь куни қабул қилинган конституциявий қонун – Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва “Референдум тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича конституциявий қонун асосида тайёргарлик кўрилди. Яъни, сайловлар илк бор аралаш – можаритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказилиши белгиланди. Марказий сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўришда юксак маҳорат намойиш этди. Йиғилишларнинг мунтазам равишда тўғридан-тўғри эфирга узатилиши, қарорларнинг ўз вақтида қабул қилиниши жараённинг шаффофлигини таъминлади. Натижада 20 миллионга яқин сайловчи рўйхатга олинди ва сайловчилар рўйхати жамоатчилик назорати учун очиқ бўлди.
Бу галги сайловнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда 2023 йил умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ, аҳолининг айрим гуруҳлари учун сайлов ҳуқуқларини чеклаш бекор қилинди. Бу халқаро стандартларга тўлиқ мос келади. Бундан ташқари, қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга кўра сенаторлар сони 100 тадан 65 тага қисқартирилди ва ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратининг янги механизмлари жорий этилди.
Сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича қонунчилик жараёни расмий равишда жамоатчилик маслаҳатини ўз ичига олган бўлиб, бу фуқароларга ўз таклифларини билдириш имконини берди. Сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини турли усуллардан – ёпиқ йиғилишлардан тортиб, интернетдаги рекламагача эркин ўтказиш имкониятига эга бўлди. Сайлов участкаларида номзодлар ҳақидаги ахборот плакатларидан фаол фойдаланилди. Сайловчиларни хабардор қилиш мақсадида телекўрсатувлар ташкил этилди.
Инклюзивлик ҳам эътиборга молик муҳим масалалардан бўлди.
МСК мунозаралар давомида Брайл алифбосидаги материаллар ва сурдо-таржимонлар мавжудлигини таъминлаш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг иштирокини яхшилаш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказди. Сайлов бюллетенлари ўзбек ва маҳаллий тилларда чоп этилди, бу эса сайлов жараёнининг барча аҳоли қатлами учун очиқ бўлишига хизмат қилди.
Бу йилги сайловда рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш, сайловчиларга, сайлов ташкилотчиларига қулайлик яратиш, халқаро ва маҳаллий кузатувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг сайловда иштирокини рақамли технологиялар кўмагида ташкил этиш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги билан бирга “E-Saylov” ахборот тизими ишга туширилди. Ушбу тизим сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳаракатларни электрон шаклда амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтирди. Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари ва туман, шаҳар сайлов комиссиялари ўртасида бўладиган мулоқотлар, ҳужжатлар ва ахборот алмашинуви айнан “E-Saylov” ахборот тизими орқали амалга оширилди. Бу эса сайлов комиссиялари ўртасидаги ҳужжат алмашинувини тезлаштирди, ортиқча вақт йўқотилишининг олдини олди. Энг муҳими, мазкур тизим сайловчиларга қулайлик яратди. Улар “E-Saylov” тизими орқали ўз ҳудудидан кўрсатилаётган номзодлар ва уларнинг дастурлари ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлди. Бу эса сайлов кунигача сайловчиларнинг номзодлар ҳақида аниқ бир тўхтамга келишига асос яратди.
Хориждаги ватандошларимизнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш масаласи ҳам МСКнинг доимий эътиборидаги масала бўлди. Марказий сайлов комиссияси ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга масъул ҳисобланиб, чет элда ташкил этилган участкаларда ватандошларимизнинг пропорционал тизим орқали сиёсий партияларга овоз бериш имкониятини яратди. Зеро, сўнгги йилларда Ўзбекистон босиб ўтган чуқур ислоҳотлар йўли дунё миқёсида тан олинмоқда. Айни янгиланишлар сайлов ислоҳотларида ҳам яққол намоён бўляпти. Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси ва такомиллашган Сайлов кодекси шундан даракдир. Ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этишга эътибор ошди.
Парламент сайлови ҳақида сўз борганда унинг олдингиларидан фарқланадиган баъзи томонларига эътибор қаратиш зарур. Айниқса, аралаш сайлов тизимига ўтиш – муҳим янгилик. Мазкур ўзгариш Конституция ҳамда Сайлов кодексидан эскирган қоидаларни олиб ташланганини англатади. Сўнгги сайловгача юртимизда сайлов жараёнлари можаритар тартибда ўтказилиб, Қонунчилик палатаси депутатлари ушбу сайлов тизими асосида, яъни ҳудудий бир мандатли округ бўйича сайланарди. Ўзбекистонда амалда бўлган даврдаги амалиёт ва умуман хорижий давлатлар тажрибаси можаритар сайлов тизимининг ижобий жиҳатлари билан бирга, бир қатор ўзига хос камчиликларини намоён этди. Амалда бўлган ушбу можаритар сайлов тизимида сиёсий партиялар фаолиятини самарали ривожлантириш, уларни ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг қудратли инструментига айлантиришга тўсқинлик қилувчи қатор концептуал муаммолар мавжуд эди. Аралаш сайлов тизими сиёсий партиялар рақобат кураши самарадорлигини оширади. Партиялараро рақобат сиёсий тизимнинг соғлом ишлашини таъминлайди, аҳолини сиёсий фаол бўлишга ундайди ва бу билан жамият ривожига хизмат қилади. Сиёсий партияларнинг сайловчилар билан ишлашини самарали ташкил этишга хизмат қилади, улар олдидаги масъулият ва ҳисобдорлигини кучайтиради. Бу эса жойларда кенг омманинг, аҳолининг сиёсий партияларга бўлган ишончини оширади, сайловчиларни фаол бўлишга ундайди. Аралаш тизим туфайли қонунчилик фаолияти сифати яхшиланади, аҳолининг депутатларга қонунчиликни такомиллаштириш бўйича мурожаатлари сони ва айни пайтда депутатлар томонидан қонунчиликка тузатишлар киритиш бўйича фаоллиги ошади, қонун чиқарувчиларнинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни амалга ошириш юзасидан минтақаларнинг ижро этувчи ҳокимият раҳбарларига талабчанлиги ошади. Натижада халқнинг сиёсий жараёнларга қизиқиши ортади. Бу профессионал парламент шаклланишига хизмат қилади. Аралаш сайлов тизими сиёсий партияларни Сиёсий партиялар фаол ва ташаббускор бўлар экан, аҳоли ҳам ўз-ўзидан сиёсий фаол бўлади, сиёсий онги ва маданияти юксалади.
Халқимиз сайловда ўзининг фаоллигини намойиш этди. Унда овоз бериш ҳуқуқига эга сайловчиларнинг 72 фоиздан ортиғи қатнашди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида сайловчиларнинг иштироки 30-40 фоизни ташкил этаётган бир пайтда мамлакатимизда халқнинг фаоллик кўрсатиши уларнинг мамлакат тақдири ва келажагига бефарқ эмаслигини кўрсатди. Буни халқаро кузатувчилар ҳам эътироф этди. Таъкидлаш жоизки, юртимизда адолатли ва соғлом рақобатга асосланган сайловларнинг ташкил этилишида юртдошларимизнинг 2023 йил 30 апрель куни муҳим тарихий сиёсий жараён – янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси бўйича ўтказилган референдумда ўз келажаги, мамлакатимиз эртаси учун ижобий овоз бергани сабаб бўлди. Айнан шу куни тинчлик ва инсон қадрини чуқур англайдиган эл-юртимиз демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқатини яна бир бор амалда тасдиқлади. Бу билан юртимизда демократлашув жараёни жадаллаштирилди, юртдошларимизнинг барча Конституциявий ҳуқуқлари кафолатланди.
Юртимиздаги инсон қадрини кўзлаган сиёсат натижасида Янги Ўзбекистонимизда парламентнинг ваколати кенгайди, айниқса, ҳукумат соати деган институтнинг пайдо бўлиши парламент, депутатларимизнинг ижтимоий ҳаётдаги ролининг ортиб боришига олиб келди. Ҳар ойда бир маротаба энг долзарб масалалар бўйича депутатлар, партиялар ва уларнинг фракцияларини қизиқтирган саволлар бўйича ҳукумат ҳисоботини эшитаётганлиги бунинг яққол далилидир.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга оширишда Конституциямизни такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этди. Яъни, Асосий қонунга ўзгаришлар киритилиши мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни янада жадаллаштиришда, уни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратишда муҳим аҳамият касб этяпти.
Янгиланган Конституциямизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилини сайлаш, Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги Миллий маърузани кўриб чиқиш (78-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш», Президентнинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш, шунингдек уларнинг фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш (80-модда), Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари қонунчиликка оид таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида киритишга ҳақли каби ўзгартиш ва қўшимчаларнинг акс этгани Парламент ваколатларини кенгайтиришга, уларнинг масъулияти ошишига бевосита хизмат қилмоқда.
Парламент ваколатларини кенгайтириш орқали халқ ўзи сайлаган депутатлар орқали давлатни бошқаришда билвосита иштирок этади. Агар депутатларнинг ваколатлари имкониятлари кучайтирилса, вакиллик органининг мавқеи мустаҳкамланса, демак халқнинг ҳам жамият ва давлат ҳаётига оид муҳим масалаларни ҳал қилиш имкониятлари кўпаяверади. Шу сабабдан Конституцияга киритилган айнан мазкур ўзгаришлар жуда муҳим.
Дарҳақиқат, сўнгги беш-олти йил ичида мамлакатимизда қўлга киритилган ютуқларни, эришилган марраларни таҳлил қилар эканмиз, «Ўзбекистон Президенти танлаган янги сиёсий йўл ўзини оқлади», деб ишонч билан айта оламиз. Зеро, «инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари», «очиқлик ва ошкоралик», «жамоатчилик назорати», «хусусий мулк дахлсизлиги» каби тушунчалар айнан Шавкат Мирзиёевнинг президентлик фаолияти билан бирга инсонларнинг реал ҳаётига чуқур кириб, амалий аҳамият касб этиб бордики, бундан буён одамлар ўз тақдирини ушбу тушунчаларсиз тасаввур эта олмайди. Мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар ва сўнгра Тараққиёт стратегиялари демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлиснинг ролини янада кучайтириш борасида муҳим омил бўлди. Ушбу тарихий ҳужжат ўтган қисқа даврда халқ сайлаган вакиллик органлари – парламент ва халқ депутатлари Кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини тубдан ўзгартирди. Давлат раҳбарининг ўзи ҳам Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида олдимизда турган ўта долзарб ва мураккаб вазифаларни муваффақиятли ҳал этиш учун аввало, қонун ижодкорлиги соҳасида ишни бутунлай янгича ташкил этиш масаласини олға сурди. Чунки қабул қилинаётган қонунларнинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш демакдир. Қонун ижодкорлиги фаолияти «Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт» деган устувор тамойилга асосланди. Бу эса Қонунчилик палатасини ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам «демократия мактаби»га айлантирди.
Алоҳида таъкидлашни истардим, Конституцияга парламент ваколатларини кенгайтириш юзасидан киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар туфайли парламентимиз ҳақиқий халқ вакилларига айланди, унинг фаолияти янада шаффофлашиб боряпти, депутатларимизнинг халқ манфаатлари йўлида илгари сурадиган таклифлари сони кўпайди. Янги таҳрирдаги Конституция асосида парламент ваколатларининг кенгайиши ҳокимиятнинг уч бўғини ўртасидаги мувозанатни сақлашга, ўзаро бир-бирини тийиб туришга, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини янада яхшилашда муҳим ўрин тутмоқда. Шунингдек, қонунларни қабул қилиш жараёнида кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш, бунда фуқароларнинг хоҳиш-истакларига қулоқ тутиш, аҳоли ўртасида очиқ муҳокамалар ўтказиш ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатли бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
Тошпўлат Матибаев,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,
Социология фанлари доктори, профессор.
- Қўшилди: 20.11.2024
- Кўришлар: 172
- Чоп этиш