ЕИ, АҚШ ва яна саккиз давлатнинг Мьянмадаги гуманитар вазият бўйича баёноти эълон қилинди

Европа Иттифоқи, АҚШ, Австралия, Канада, Янги Зеландия, Норвегия, Жанубий Корея, Швейцария, Шарқий Тимор ва Буюк Британия ҳарбий гуруҳлар томонидан бошқарилаётган Мьянмада инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ва гуманитар вазият ёмонлашувидан чуқур хавотир билдирди.

Қўшма баёнотда мамлакатдаги инқироз кучайиб бораётганига эътибор қаратилиб, давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятга келган гуруҳ томонидан халққа нисбатан зўравонлик ва босимнинг қабул қилинмаслиги таъкидланган.

“Анадолу”нинг ёзишича, ўлкада тинч аҳолига нисбатан инсон ҳуқуқлари бузилиши, жумладан, болалар, этник ва диний озчиликлар вакиллари ўғирланиши кузатилмоқда. Аракан штатида эса Роҳинжа мусулмонлари қаттиқ тазйиқ остида. 

— Барча зўравонликларни қораловчи давлатлар ўзбошимчалик билан ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирди, — дейилади баёнот матнида. — Биз Роҳинжа мусулмонлари дуч келадиган камситиш ва ҳақоратларга қарши кураш Мьянмадаги инқироз — сиёсий ечимнинг бир қисми бўлиши кераклигини таъкидлаймиз.

Шунингдек, баёнотда вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш ва инклюзив демократия йўлига қайтиш учун “самимий ва конструктив мулоқот”га чақирилган.

Б.Худойбердиев, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech