Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлигининг аҳоли ҳаётига таъсири

Муносабат

Жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳри тарихий аҳамиятга эга муҳим сиёсий воқеа – “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи”нинг биринчи саммитига мезбонлик қилди. Бу каби юқори даражадаги халқаро учрашувлар кўпинча кишида дипломатик мулоқот, сиёсий изоҳлар ва расмий баёнотлар билан боғлиқ, деган тасаввурни уйғотади. Бироқ, бу галги саммит ташаббуслар ва келишувлар сиёсий доирасида чекланиб қолмай, балки ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётида акс этиши лозим бўлган аниқ ва амалий натижаларни назарда тутди.

Жумладан, саммит доирасида қабул қилинган қарорлар, илгари сурилган ташаббуслар қатор муҳим йўналишларда – янги иш ўринларини яратиш, иқтисодий ўсишга кўмаклашиш, маҳаллий маҳсулотларни Европа бозорларига олиб чиқиш имкониятларини кенгайтириш, таълим ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш, “яшил энергетика” ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш, транспорт ва ҳудудий боғлиқликни мустаҳкамлаш, сайёҳлик ва маданий алмашувни жонлантиришни кўзда тутган. Шунингдек, хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали ҳар бир фуқаронинг фаровонлигига хизмат қилади.

Шу боис ҳам, Самарқанд саммити Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичига қадам қўйиш билан бирга, фуқаролар манфаатлари йўлидаги амалий ҳаракатлар майдонини кенгайтираётгани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Саммитда иштирок этган Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен “Global Gateway” ташаббуси доирасида Марказий Осиёга 12 миллиард евро миқдорида стратегик инвестиция йўналтирилишини қайд этди. Маблағлар транспорт инфратузилмаси, қайта тикланадиган энергия манбалари, рақамли алоқалар ҳамда муҳим стратегик хомашё материалларига оид лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган.

Бунда аввало, қурилиш, логистика, ахборот технологиялари, телекоммуникация ва хизмат кўрсатиш соҳаларида минглаб янги иш ўринлари яратилади. Иккинчидан, йирик инфратузилмавий лойиҳалар орқали минтақада транспорт ва энергетика тармоқлари модернизация қилиниб, халқ хўжалиги тармоқлари ўртасидаги боғлиқлик мустаҳкамланади.

Энг муҳими, ушбу лойиҳалар нафақат иқтисодий фаолликни кучайтиради, балки аҳоли учун янги имкониятлар, қулай шароитлар ва мустаҳкам ижтимоий инфратузилмани яратади. Бунда шаҳар ва қишлоқларнинг турмуш даражаси яхшиланиб, транспорт, энергетика таъминотининг сифати ва рақамли хизматларга кириш имконияти ортади, фуқароларнинг ҳаётида туб янгиланишлар кузатилади.

Шунингдек, Саммит доирасида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Европа бозорларига олиб чиқиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Бундай имкониятлар маҳаллий тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар билан иштирок этиш салоҳиятини мустаҳкамлайди. Албатта, бунда техник регламентлар, маҳсулот стандартлари ва сертификатлаштириш бўйича Европа Иттифоқининг институционал кўмаги муҳим ўрин тутади. Бу эса миллий маҳсулотларнинг халқаро талабларга мослигини таъминлаб, уларни ташқи бозорларга чиқариш жараёнини анча енгиллаштиради. Иқтисодий ўсиш баробарида ижтимоий барқарорлик ҳам мустаҳкамланади.

Соҳалар бўйича муҳим келишувлар

Саммит доирасида таълим соҳасида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, Европа Иттифоқининг Erasmus+ дастурини кенгайтириш ва Марказий Осиё ёшлари учун қўшимча квоталар ажратиш шулар жумласидандир. Бу ҳар йили юзлаб ёшларга Европа университетларида таълим олиш, малака ошириш ва халқаро академик муҳитда тажриба орттириш имконини беради.

Шунингдек, Ўзбекистонда “Уфқ – Европа” (Horizon Europe) илмий-тадқиқот дастурининг минтақавий ваколатхонасини очиш таклиф этилди. Мазкур платформа орқали сунъий интеллект, йирик ҳажмдаги маълумотлар, рақамлаштириш ва космик тадқиқотлар каби замонавий соҳаларда қўшма илмий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Таълим ва илмий ҳамкорликнинг бу тарзда йўлга қўйилиши фарзандларимизнинг замонавий билим ва кўникмаларни чуқур эгаллаш имкониятини кенгайтириб, уларнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширади. Энг муҳими, бу жараён мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишга қодир, юксак салоҳиятга эга кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. Демак, бу – фақат таълим эмас, балки ёшларимиз ва мамлакатимиз келажагига киритилаётган энг муҳим стратегик сармоялардан биридир.

Ўзбекистон 2030 йилга қадар энергия балансида қайта тикланадиган манбалар улушини 54 фоизга етказишни стратегик мақсад қилиб белгилаган. Бунга эришишда Европа Иттифоқи билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Саммит доирасида қайта тикланадиган энергия манбалари – қуёш ва шамол энергетикаси бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, электр энергиясини Европа бозорларига экспорт қилиш, “яшил” энергетика бўйича инвестиция платформаларини ривожлантириш юзасидан аниқ келишувларга эришилди.

Шунингдек, углерод кредитлари бозорини шакллантириш ва иқлим ўзгаришига мослашув бўйича сиёсатни мувофиқлаштириш, ушбу йўналишдаги вазирликлар ўртасида ишчи гуруҳлар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу ташаббуслар фақат энергетика соҳасини модернизация қилиш эмас, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳолига тоза, хавфсиз яшаш муҳитини яратишга ҳам қаратилган.

Бундай ёндашув, ўз навбатида, аҳолининг соғлиғи, турмуш сифатини яхшилаш, иқлимнинг мўътадиллигини сақлаш ва барқарор муҳитда яшаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, иқтисодий фаоллик ва ишлаб чиқариш ҳажмларининг ортиши экологик масалаларга нисбатан масъулиятли ва замонавий ёндашувни талаб этади. “Яшил” энергетика лойиҳалари ана шу талабларга жавоб бериши, иқтисодий ривожланиш билан бир қаторда, экологик барқарорликни ҳам таъминлаши лозим. Демак, бу соҳадаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва экологик жиҳатдан ҳам самарали натижаларга олиб келиши мумкин.

Яна бир муҳим масала, бу – Транскаспий транспорт йўлагини кенгайтириш, минтақадаги логистика тизимини янгилаш ва минтақалараро алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувлардир. “Global Gateway” ташаббуси доирасида Европа Иттифоқи 10 миллиард евро миқдорида инвестицияларни йўналтириш ниятида эканлигини билдирган эди. Саммит давомида ушбу лойиҳаларни амалга оширишни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Бу каби инфратузилмавий ҳамкорлик маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун Европа бозорига чиқишни анча енгиллаштириб, логистика харажатларини камайтириш, етказиб бериш муддатларини қисқартириш ва маҳсулот рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, мамлакатимиздаги ишбилармонлик муҳити ва умумий иқтисодий кайфиятга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Умуман олганда, Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш, нафақат геоиқтисодий лойиҳа, балки мамлакатлар ўртасидаги яқинлашув ва фуқаролар манфаатини таъминлашга қаратилган стратегик амалий қадамдир.

Ушбу нуфузли саммитнинг аҳамияти ҳақида сўз кетар экан, фақат иқтисодий ёки геосиёсий масалалар эмас, балки жамиятлар ўртасидаги инсоний ва маданий яқинлашув масалалари ҳам алоҳида ўрин тутади. Хусусан, минтақаларимиз аҳолисини бир-бирига яқинлаштириш, маданий алмашувни рағбатлантириш ва умумий тарихи ҳамда урф-одатларини кенг тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар долзарб аҳамият касб этмоқда.

Айни шу мақсадда Саммитда 2025 йилда Бухоро шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” сайёҳлик форуми ҳақида алоҳида фикр билдирилди. Ушбу форум минтақа давлатлари ва Европа ўртасидаги сайёҳлик ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда. Шу билан бирга, “Бир тур – бутун минтақа” концепцияси асосида ягона Марказий Осиё визаси тизимини жорий этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.

Бу, ўз навбатида, халқаро сайёҳлар оқимининг кескин ошиши, маҳаллий иқтисодиёт, айниқса, хизмат кўрсатиш ва ҳунармандчилик соҳаларининг жадал ривожланиши, энг муҳими, аҳоли даромадларининг ошиши ва ижтимоий фаолликни кучайтиради. Шунингдек, ҳар бир минтақа ўз маданияти, тарихий мероси ва миллий қадриятларини жаҳон ҳамжамиятига намоён қилиш имкониятига эга бўлади. Демак, сайёҳликдаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий, балки маданий ва маънавий яқинлашувнинг самарали воситасидир.

Хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев саммит арафасидаги чиқишида таъкидлаганидек, минтақавий хавфсизликни таъминлаш Марказий Осиё мамлакатлари учун доимо энг устувор вазифалардан бири бўлиб келган ва бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен ҳам хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни икки томонлама муносабатларнинг асосий йўналишларидан бири сифатида қайд этди.

Шу боис, Саммит доирасида киберхавфсизликни мустаҳкамлаш, экстремизм ва наркотрафикка қарши курашиш, чегараларни муҳофаза қилиш ва радикаллашувнинг олдини олиш каби муҳим йўналишларда янги ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди. Бу борада “BOMCA” (Border Management Programme in Central Asia) каби дастурлар доирасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш масалалари Европа Иттифоқи билан ҳамкорликдаги доимий ва устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб олинди. Ушбу соҳалардаги қўшма ташаббуслар ҳуқуқий-ижтимоий кафолатларни мустаҳкамлаш билан бир қаторда, ҳар бир фуқаронинг хавфсизлиги ва эркинлиги таъминланишида муҳим аҳамият касб этади.

Хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларига оид масалалардаги бу каби кенг қамровли келишувлар мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини кафолатлаш ва барқарор тараққиётни таъминлашда, шубҳасиз муҳим омилга айланади. Саммитнинг ушбу жиҳати минтақавий барқарорлик, шунингдек, умуминсоний қадриятларни ҳимоя қилишда ҳам амалий натижаларни бериши кутилмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Самарқанд бўлиб ўтган саммитга нафақат дипломатик муваффақият, балки ҳар бир фуқаронинг ҳаётида сезиларли ижобий ўзгаришларга замин яратувчи стратегик воқелик сифатида қараш лозим. Зеро, қайд этилган инвестициялар, таълим ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик, транспорт ва логистика лойиҳалари, савдо-иқтисодий келишувлар, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар оддий аҳолининг фаровонлигини оширишда муҳим ўрин тутади.

Ушбу тарихий саммит икки минтақани – Марказий Осиё ва Европа Иттифоқини иқтисодий, маданий, фан-таълим ва сиёсий жиҳатдан ҳам яқинлаштирди. Бугунги беқарор глобал шароитда шундай очиқ, ишончли ва узоқни кўзлаган ҳамкорлик платформалари минтақанинг ривожига ўз ҳиссасини қўшишига умид қиламиз. 

Энг муҳими, саммитда белгиланган мақсад ва келишувларни самарали ва ўз вақтида амалга оширишдир. Шундагина ҳар биримиз ушбу юқори даражадаги учрашувнинг оддий фуқаролар ҳаётига қай тарзда ижобий таъсир кўрсатаётганини аниқ ҳис қилиш имкониятига эга бўламиз.

Элдор ТУЛЯКОВ, 

«Тараққиёт стратегияси» маркази 

ижрочи директори

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech