Йўлларни лойиҳалаштиришда аҳоли фикрини инобатга олиш бўйича қатъий талаблар ўрнатилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисда “Автомобиль йўллари тўғрисида“ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан “Автомобиль йўлларини режалаштириш“ механизми жорий этилиб, йўл инфратузилмасини аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларига мос равишда ривожлантириш назарда тутилмоқда. Йўлларни лойиҳалаштиришда аҳоли фикри ва атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш ҳамда пиёдалар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш бўйича қатъий талаблар ўрнатилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасига коммуникация тармоқларини қуришда йўлларнинг аввалги ҳолатини тиклаш харажатларини қоплаш шарти киритилмоқда. Йўлларда катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тартибга солинмоқда. Ажратилган ва йўл бўйи минтақаларида хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштиришга оид талаблар белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасининг яна бир асосий жиҳати, бу пулли йўллар тармоғини барпо этишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда. Ушбу йўналишда инвесторларга имтиёзлар тақдим этилмоқда.

Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти, айни чоғда заруратига алоҳида эътибор қаратиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича бир қатор саволларни ўртага ташлашди. Қонун ташаббускорлари берилган барча саволлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб, билдирилган айрим таклифлар қонун лойиҳасини такомиллаштириш ва маромига етказишда эътиборга олинишини қайд этдилар.

Ушбу қонун лойиҳаси соҳада давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, йўл сифатини яхшилаш орқали мавжуд автомобиль йўллари тармоғини узоқ вақтгача соз ҳолда сақлаб туриш, пулли йўллар тармоғини барпо этиш ҳамда соҳага инвестицияларни, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишга қаратилган.

Баҳс-мунозаралар ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech