Ёшлар – Янги Ўзбекистоннинг ватанпарвар, фидойи ва ташаббускор бунёдкорлари

Муносабат

Эртамиз эгаларига ишонч билдирилса, истеъдоди қўллаб-қувватланса нималарга эришса бўлади? Бу саволга ёшларимиз эришаётган натижаларни жавоб сифатида кўрсатиш мумкин. 

Президентнинг ёшларга қарата ҳар бир ютуғингиз – бутун халқимизнинг ютуғи дегани миллионлаб қалбларга ўзига хос ғайрат бағишлади. Азму шижоатингиз, соғлом дунёқарашингиз, бахту иқболингиз – миллионлаб ота-оналар, устоз-мураббийлар, яқинларингизнинг ҳам бахту саодатидир дея ишонч билдирилгани эса уларни янада руҳлантирди.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда нутқ сўзлади. Ўзбекистон ёшларини ушбу қутлуғ айём билан табриклади.

Тадбир иштирокчиларидан бир қанчасини суҳбатга чорладик.

Даврон КАРИМОВ,

Ўзбекистон давлат филармониясининг хор жамоаси артисти, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби:

– Мукофотни давлат раҳбарининг қўлидан олар эканман энди зиммамдаги масъулият нечоғлик жиддий эканини янада теран ҳис қилдим. Президент бизга қарата ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз, дея ишонч билдирди. Сизлар Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлодсиз дедилар.

 Мақом санъатимизни дунёга таратишга, унинг авлодлар камолотидаги ўрнини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиб келяпман. Бу санъат Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида жадал ривожланиб, юксак чўққига кўтарилган. Бугун Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаяпмиз. Бу ўринда биз санъат аҳли ҳам фаол бўлишимиз керак. Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк боболаримиз кўплаб мусиқий асарлар яратиб, мақом ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Биз шу аждодларга муносиб бўлишимиз керак. Бунинг учун мамлакатимизда барча шароит бор. Президентимиз эътибори билан санъатимиз равнақи янги босқичга чиқди. Бугунги кунда мақом бутун мамлакатимиз бўйлаб, бошланғич таълимдан тортиб, академик фан даражасигача бўлган босқичларда узлуксиз тарзда ўрганилмоқда. Бу йўналишда сермаҳсул ижод қилаётганларни қўллаб-қувватлаш мақсадида миллий танловлар ўтказиш яхши анъанага айланди.

Райёна ИБРОҲИМОВА,

Андижон шаҳридаги 4-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби: 

– Мен ҳали ўқувчиман, лекин зиммамдаги Ватан равнақига дахлдорлик ҳиссини доим теран туйиб тураман. Шунинг учун мамлакатимизда биз, ёшларнинг таълим-тарбияси учун яратилаётган шароитлардан тўлалигича фойдаланишга ҳаракат қиламан. Бугун мен келажак бунёдкорлари сафида эканимдан фахрланаман. Давлатимиз раҳбари ҳозирги вақтда дунё нотинч ва мураккаб бўлиб бораётганини, тинчлик – энг буюк неъмат, инсон қадри ва адолат – энг олий қадриятлигини алоҳида таъкидлади. Бу гапларнинг маъносини яхши англасак, ўз-ўзидан ғайратимиз ортаверади. 

Шу ўринда бир рақамга эътиборингизни қаратмоқчиман. Ўтган йили 150 мингдан зиёд опа-акаларимиз, тенгдошларимиз халқаро тил сертификатларини олган экан. Бу рақамни ундан олдинги йил билан солиштирсак, икки баравар кўп дегани. Ўзим ҳам Германияда ўтказилган Жаҳон немис тили олимпиадасида ғолибликни қўлга киритдим. Оддий мактаб ўқувчисининг етмишга яқин давлатдан энг сара тилчилар иштирок этган баҳсларда пешқадам бўлиши ниманинг ҳисобига? Жавоб оддий, мактабимизда таълим олишимиз учун ҳамма шароит бор. Биз эса фақат яхши ўқишимиз керак. Келажакда режаларимиз жуда катта.

Жамшидбек ИСМОИЛОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби:

– Президентнинг маҳаллада битта боланинг нотўғри йўлга кириши ҳам фавқулодда ҳолат бўлиши керак деган гаплари ҳаммамизнинг юрак-юрагимизга кириб бориши керак. Фаолиятимдан келиб чиқиб айтаман, мамлакатимизда ёшлар сиёсати масаласига эътибор мана шундай жиддий аҳамиятга эга. Давлат раҳбари биз билан мулоқотда ёшларнинг тилини ёшлар тушунади дедилар. Бир-биримиздан ўрнак олишимиз, бир-биримизга мотивация беришимизга эътибор қаратдилар. Демак, Ўзбекистондаги 9 мингдан зиёд маҳаллада фаолият олиб бораётган мен каби ёшлар етакчилари янада фаол бўлишимиз керак. Бу тизим орқали уч йил давомида кўп нарса ўрганилди. Етарли тажриба орттирдик.

Президентимиз энди бизга мактаб, техникум, тил ва касб марказлари билан ҳам ишлашни ўрганишимиз кераклигини айтдилар. Биз бу чорловга, албатта, лаббай деб жавоб қайтарамиз. Тан олиш керак, маҳаллаларимизда ҳозир ҳам уюшмаган ёшлар, тарбияси оғир ва ҳуқуқбузарлик қилганлар бор. Президентимиз маҳалладаги тинчлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, соғлом муҳит кимга боғлиқ деган саволни қўяр экан, жавобни ҳам ўзлари айтдилар. Бу биз маҳалла еттилигига, ҳудуд фаолларига боғлиқ. 

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech