Юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кафолатланган

Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланадиган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган тизимли чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Биринчидан, мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси қабул қилинди, соҳанинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган ишлар амалга оширилди.

Ушбу ислоҳотлар жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясади ҳамда халқимизни ҳаётдан рози қилиш, юртдошларимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароити яратиш, уларнинг юртимиз келажагига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва дунёқарашини ўзгартириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, қонун устуворлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Иккинчидан, бугунги кунда мамлакатимизда суд тизимининг мустақиллиги ва одил судловни самарали таъминлаш бўйича олиб борилаётган изчил ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак" деб алоҳида таъкидланди.

Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар амалий натижасини бермоқда. Бу йўналишда янги қабул қилинган қонунлар, жорий этилаётган таъсирчан аниқ механизмлар, миқдори тобора ортиб бораётган оқлов ҳукмлари – бу каби ижобий ҳолатлар юртдошларимизда адолат, бахтли ҳаёт ва келажакка ишончни янада мустаҳкамламоқда.

Хусусан, ислоҳотлар натижасида судлар томонидан илк маротаба 2 минг 273 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган.

Шунингдек, жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига олинган. Инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун ҳуқуқ-тартибот идораларининг 60 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги саъй-ҳаракатлар самаралари халқаро доирада ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, яқинда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари, шунингдек АҚШ Давлат департаменти ўз ҳисоботларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ўзгаришлар, хусусан, диний эътиқод эркинлигини таъминлаш ва одам савдосига барҳам бериш борасидаги ислоҳотларга ижобий муносабат билдирди.

БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи юзасидан ўз маърузасини БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг навбатдаги сессиясига тақдим этди. Ушбу маърузада Ўзбекистонда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида эришилган ижобий натижалар алоҳида таъкидланган.

Учинчидан, мамлакатимизда жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда тубдан яхшилаш, қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини рўёбга чиқариш борасида тизимли ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. 

Бунда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, содир этилган ҳар бир жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, шахсга эълон қилинган айблов, ярашув институтини кенг жорий этиш ва жамиятда қонунга итоатгўйлик руҳини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тўртинчидан, Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги давлат сиёсати ҳаётга фаол татбиқ этилаётгани ва мамлакатимиз ушбу йўлдан собиқадамлик билан илгарилаб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 

Мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари мустақиллиги ва журналистлик фаолияти дахлсизлигини мустаҳкамлаш, сўз эркинлигини ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилаяпти.

Бу борада ўндан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Ҳозирги кунда илғор халқаро ва хорижий тажрибани чуқур ўрганиш, жамиятимизнинг янгиланиш жараёнлари ва қонуниятларини инобатга олган ҳолда, миллий қонунчилигимизга туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо турларини тайинлашни бекор қилишни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар тайёрланмоқда. Журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши ва ижод қилишлари учун ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар яратилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида мустақил ва холис оммавий ахборот воситалари бугунги кунда жойлардаги халқимизни қийнаётган муаммо ва камчиликларни рўй-рост очиб бераётган, қонунийликни қарор топтиришда чинакам “жамият кўзгуси” вазифасини бажараётган, самарали жамоатчилик назоратини амалга ошираётган, жамоатчилик фикрини шакллантираётган катта таъсирчан кучга айланди.

Маълумки, Ўзбекистон сўровига асосан Бишкекда қўлга олинган журналист Бобомурод Абдуллаев мамлакатимизга экстрадиция қилинди.

Б.Абдуллаевга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан инсонпарварлик принципи қўлланилди, хусусан, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у озодликка чиқарилди.

Ўзбекистон ушбу сиёсатга содиқ қолади ва журналистнинг журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғидаги дахлсизлиги, танқидий материаллар эълон қилганлиги учун таъқиб қилинмаслиги, ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиниши масалаларига давлат сиёсатининг энг устувор вазифалари сифатида қарайди.

Бешинчидан, Ўзбекистонда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларига риоя этилишини таъминлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ва саъй-ҳаракатлар нафақат мамлакатимизда, балки БМТ, ЕХҲТ ва нуфузли ҳалқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар раҳбарлари, экспертлари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.

Шу маънода, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган тамойил асосида халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш давлат ҳокимияти органларининг бош вазифаларидан бири бўлиб қолади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech