Шу йил 12-13 ноябрь кунлари Швейцария пойтахти – Женева шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қийноқларга қарши қўмитасининг 68-сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.
БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси сессияси иштирокчиларига БМТнинг Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадрқимматни камситувчи турларига қарши конвенциясини бажариш бўйича Ўзбекистоннинг Бешинчи маърузаси тақдим этилди. БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси сессиясида Ўзбекистон делегацияси раҳбари кириш нутқи сўзлади.
БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг сессиясида бу борада Ўзбекистон делегацияси ва Қўмита аъзолари ўртасида жонли ҳамда қизғин интерфаол мулоқот бўлиб ўтди. Музокаралар давомида, айниқса, Ф.Гаер, Д.Родригез-Пинзон, Й.Модвиг, Э.Бельмир, А.Хани, А.Рачу ва Б.Тузмухамедов томонидан ижобий ва холис шарҳлар ҳамда танқидий ва аниқлаштирувчи саволлар берилди.
Афсуски, ушбу ишчан мулоқот жараёнлари “Би-би-си” ўзбек хизматининг “bbc.com” веб-сайтида 13 ноябрь куни эълон қилинган “Ўзбекистон: Қийноқлар шикоятлари 1000 дан ошган, лекин нега бу йил фақат 1 киши жазоланди?” номли мақоласида бирёқлама ёритилган.
Биринчидан, мақолада “Саидов чиқиши ортидан сўз олган Қийноққа қарши қўмита раиси ўринбосари Фелис Гаэр Ўзбекистон ҳукумати тайёрлаган ҳисоботлардан қониқмаганини билдирди”, деган хулоса чиқарилган.
Аслида, Ф.Гаер хоним “Бугунги Ўзбекистон олдингисидан мутлақо фарқ қилади. Жорий сессияда ўзбек ноҳукумат ташкилотлари вакиллари қатнашди, илгари буни тасаввур ҳам этиб бўлмасди”, деб эътироф этди. Шунингдек, у Ўзбекистон Ҳукуматининг икки нафар БМТ махсус маърузачисини қабул қилишга доир қарорини ва Ўзбекистон томони уларнинг такрорий ташрифига тайёрлигини ижобий баҳолади.
Иккинчидан, “bbc.com” веб-сайти “Гаернинг айтишича, айни дамда қийноқлар бўйича юқори даражали янги ҳолатлар бўйича ҳам ўзбек томонидан жавоб олинмади”, дейилган ахборотни тарқатган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон делегациясига Конвенция қоидаларига оид 150 тадан ортиқ савол берилди ва Ўзбекистон томони якуний мажлисда ана шу кўпсонли саволларнинг барчасига батафсил жавоблар тақдим этди. Бундан ташқари сессия Котибиятига Қўмита аъзоларининг бир қанча қўшимча саволлари юзасидан ёзма жавоблар етказилди.
Учинчидан, мақолада “Раис муовини Эссадия Белмир ўз чиқишида айтишича, Ўзбекистонда суд тизими ислоҳотига киришилган бўлса ҳам, у ҳали ҳам "Совет мероси" остида қолмоқда. Унга кўра, ўзбек суд тизими мустақил эмас”, дейилган.
Ўзбекистон томони мамлакат суд тизимида "совет мероси"нинг айрим салбий жиҳатлари сақланиб қолаётганини инкор этмайди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан кейинги 3 йилдан буён суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар ана шу салбий таъсирга тўла барҳам бериб, Ўзбекистон суд тизимини том маънодаги мустақил, холис ва одил судлов тизимига айлантиришга қаратилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон делегацияси БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг сессиясида ҳам сўз борди. Хусусан, Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ тизмини ислоҳ этиш борасидаги сезиларли саъй-ҳаракатлари ҳам алоҳида таъкидланди. Озодликдан маҳрум қилиш муассасаларидаги маҳкумлар сони кескин қисқаргани суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг аниқ ва реал натижаларидан бири сифатида қайд этилди. Ўзбекистоннинг “Жаслиқ” колониясини ёпиш ҳақидаги қарорига катта эътибор берилди.
Женевадаги сессияда, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг 2019 йил 19-25 сентябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи юқори баҳоланди. Д. Гарсия-Саян ушбу ташрифи якунида: “Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, хусусан, уларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида саъй-ҳаракатлар эътирофга лойиқдир” дея таъкидлаган.
Мазкур веб-сайт ижодкорларини ўзларининг “BBC Uzbek ( Би-би-си Ўзбек хизмати) Ўзбекистон, минтақа ва жаҳон янгиликлари учун холис ҳамда ишончли манбадир” деган шиорига амал қилишга чақирамиз.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.11.2019
- Кўришлар: 5244
- Чоп этиш