2020 йил 7 декабрь куни Тошкент давлат юридик университетида Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги бошланди. Ҳафталик доирасидаги тадбирлар 13 декабрга қадар давом этади. Мазкур ҳафталик доирасида инсон ҳуқуқларига бағишланган бир қатор тадбирлар, жумладан, викторина, олимпиада, юридик клиникада вебинар ўтказилиши режалаштирилган.
Жорий йилнинг 7 декабрь куни “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишда ҳуқуқ устуворлигининг аҳамияти” мавзусидаги халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбати давомида ҳафталикнинг очилиш маросими ўтказилди.
Тадбирда ТДЮУ ректори Раҳимжон Ҳакимов табрик сўзи билан иштирок этиб, инсон ҳуқуқлари – Ўзбекистон давлат сиёсати ва халқаро ҳамкорлигининг муҳим йўналиши эканлигини қайд этди. Шунингдек, охирги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида кенг қамровли чора-тадбирлар қабул қилинганлиги ва улар халқаро ҳамжамиятнинг эътирофига сазовор бўлганлиги таъкидланди.
Шундан сўнг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси раҳбари Ришард Коменда Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди ҳамда жорий йилда Инсон ҳуқуқлари кунининг шиори – “дунёни “аввалгидан ҳам яхшироқ” тамойили бўйича қайта тиклаш учун бирлашамиз” эканига эътиборни қаратди.
Тадбир давомида Омбудсманнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги роли (А.Юнусова), ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш масалалари (Н.Гафурова), БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига Ўзбекистоннинг сайланиши (М.Тиллабоев), инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим (О.Нарзиев), инсон ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликни ривожлантиришнинг асосий тенденцияларига (М.Махаматов) бағишланган маърузалар тингланди.
Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев ўз маърузасида таъкидлаганидек, 2020 йил 13 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга сайланди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларга сайланиши учун Ўзбекистон номзодини илгари суриш вазифаси давлатимиз раҳбари томонидан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгилаб берилганди. Шу асосда ўтган даврда комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва изчиллик билан амалга оширилди.
Ўзбекистоннинг БМТ органига аъзолик учун интилгани бежиз эмас. Бу самарадор саъй-ҳаракат давлатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзосига юклатиладиган мажбуриятларни астойдил бажариш ва инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаганидан далолатдир.
Давра суҳбатида халқаро экспертлар, хусусан, М.О. Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети вакили Е.Нуртазин ва Богдан Хмельницкий номидаги Черкасс миллий университети вакили Н.Попова Қозоғистон ва Украинада ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш тажрибасига бағишланган маърузалар билан иштирок этди.
Маърузалардан сўнг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича қизиқарли мунозаралар бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 09.12.2020
- Кўришлар: 4442
- Чоп этиш