9 май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланади

Мустақиллик йилларида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарвар аждодларимиз хотирасига бағишланган муҳташам ҳайкаллар, музейлар бунёд этилди, ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилди.

Айниқса, кейинги даврда сиёсий қатағон йилларида ноҳақ қурбон бўлган юртдошларимизнинг номларини аниқлаш, уларнинг қолдирган меросини ўрганишга қаратилган илмий-тадқиқот натижалари, бадиий ва ҳужжатли асарларни кенг жамоатчиликка етказиш ишлари янги босқичга кўтарилди.

     Яқинда “Машраб” нашриёти томонидан чоп этилган "Эй, дарвеш (Зулмни енгган мазлумлар қиссаси)" номли китоби ҳам айни шу мавзуда ёзилган. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, шоир ва таржимон Ғулом Мирзо қаламига мансуб қисса тарихий ҳужжатлар ва шахсий хотиралар асосида битилган.

Ҳурматли газетхон! Ушбу қиссада ХХ асрнинг 37-50-йилларидаги катта қатағон қурбони бўлган ота-болалар Мирза Сўфи Тўлаев ва Абдирайим Мирзаевга нисбатан адолат тиклангани, яъни орадан 70 йил ўтиб уларнинг айбсизлиги аниқлангани ҳамда оқлангани ҳақида ҳикоя қилинган.

         Қиссадан мўъжаз бир фаслни эътиборингизга ҳавол қилишга жазм этдик. Сизга манзур бўлади, деган умиддамиз.

  

ГУЛАГдан кейин: бобомнинг ҳаёти

 

         Мирза Сўфи бобом 1956-йиллар атрофида жазо муддатини ўтаб, ГУЛАГдан (шўролар даврида қамоқхоналар бош бошқармаси ва унга қарашли лагерлар маълум вақтгача шундай қисқартма ном билан юритилган – Ғ.М.) қайтиб келган. Аммо, тез орада беш йилча муддатга Мирзачўл даштларига сургун қилинган. Чунки, трибунал ҳукмига кўра, бобом шунча муддатга ҳуқуқларидан ҳам маҳрум этилганди.

         Бунга қадар, яъни 1955 йил 27 майда аксилинқилобий жиноятлар содир этганлиги учун судланган шахслар ишини кўриб чиқиш бўйича ЎзССР комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтган. Ушбу мажлиснинг 29-сон баённомаси кўчирмасида қайд этилишича, Комиссия Мирза Тўлаевнинг 4-сон ишини кўриб чиққан ва қуйидаги қарорга келган:

         "Туркистон ҳарбий округи ҳарбий трибуналига Мирза Тўлаевнинг меҳнат-тузатиш лагеридаги жазо муддатини 6 йилгача камайтириш масаласида протест киритилсин".

         Ушбу протест Туркистон ҳарбий округида кўриб чиқилган. Бу ҳақда ҳарбий прокурорнинг 1956 йил 16 мартда чиқарилган қарори Туркистон ҳарбий округи ҳарбий прокурори ўринбосари, адлия подполковниги Пастушенко томонидан тасдиқланган. Қарорни Ҳарбий прокурор ёрдамчиси, адлия капитани Лисак имзолаган.

         Қарорнинг мазмуни"Мирза Тўлаев ва Абдирайим Мирзаевнинг иши бўйича ҳукм асосли чиқарилган, деб ҳисобланади".

         Шу муносабат билан Туркистон ҳарбий округи ҳарбий прокурори қуйидаги қарорга келган:

         "Мирза Тўлаевни ЎзССР Жиноят кодексининг 14, 125-моддалари "г" банди ва 66-моддаси 1-қисми бўйича ҳамда Абдирайим Мирзаевни ЎзССР Жиноят кодексининг 125-моддаси "г" банди бўйича айблашга доир иш юзасидан назорат жараёни тўхтатилсин. Иш архивда сақлаш учун қайтариб юборилсин".

         Агар бобом 1949 йили 10 йил муддатга қамалгани назарда тутилса, 1956 йилгача жазонинг 7 йилини ўтаган бўлади. Туркистон ҳарбий округи ҳарбий прокурори қароридан кўриниб турибдики, бобомнинг жазо муддатини камайтириш борасида Хрушчёвнинг "илиқлик мавсуми", афсуски, ёрдам бермаган.

         Мирза Сўфи бобомга ҳалол меҳнати туфайлигина озодлик ҳукмда белгиланганидан кўра сал вақтлироқ насиб этган. Яъни, ҳар бир меҳнат куни икки кунлик жазо муддати деб ҳисоблангани эвазига бобом қамоқда 10 йилдан камроқ муддат бўлиб қайтган.

         Шўролар ҳокимияти бобомни кечирмаган ва унутмаган. Шу каби, бобом ҳам бу зўравон ҳокимиятга нисбатан худди шундай мазмунда йўл тутган, десам, янглишмайман.

         Бобом умрининг охирига қадар бирон-бир совет ташкилоти ё корхонасига, ҳатто колхозга ҳам кириб ишламаган. Мирзачўлдаги сургун даврида ҳам, Хушвақт қишлоғимизга қайтганидан кейин ҳам фақат якка деҳқон хўжалиги ва томорқа зироатчилиги билан кун кўрган. Асосан қовун, тарвуз, бодринг, шунингдек узум етиштирган ва шу орқали тирикчилигини ўтказган.

         Шўролар турмуш тарзи ва қонунчилигига хилоф равишда,  бобом мусулмончасига кўпхотинлилик ақидасига амал қилган. Диний  фаолиятини, барибир, давом эттирган. Араб имлосидаги китоблардан иборат шахсий кутубхонасини қайта тиклаган.

         Хушвақт масжидини яна обод қилиш ҳаракатига тушган. Қишлоғимиздаги юк машиналари ҳайдовчиларига пул бериб, бетон устунлар ва сим тўр харид қилган. Бу, ўз навбатида, қаровсиз қолган даврида анчагина нураган масжид биносининг атрофини ихоталаш имконини берган.

         Масжидга туташ жойдаги тепаликда ҳар йили қишлоқ аҳли учун ҳайит сайиллари ва йилбоши (Наврўз кунлари) ўтказилган. Бу каби байрамларни ташкил этишга ҳам бобом бош-қош бўлган.

         Мирза Сўфи бобом масжиднинг гумбазини қайтадан тиклаш учун яна Самарқандга, уста Ўлжани йўқлаб борган. Аммо, уста кексайиб қолганини айтиб узрхоҳлик қилган.

         Уста тавсия этган шогирди масжидда қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаришга рози бўлган. Аммо бунинг учун шўро ҳокимиятининг рухсати зарурлигини айтиб, аввал, шу ҳақда бир парча қоғоз олиб келишини бобомдан сўраган.

         Бобом, барибир, масжид гумбазини тиклаш орзусини рўёбга чиқариш йўлидан қайтмаган, қўлини ювиб қўлтиғига урмаган. Аксинча, шу иш билан "қоғозбозликларсиз" шуғулланишга кўнадиган бирон-бир "юраги ботир" шогирди топилса, Қаршига юборишини уста Ўлжага тайинлаб, қишлоққа қайтган.

         Устанинг тавсиясига амал қилиб, мустаҳкам гумбаз тиклашга асқотадиган "ўтга чидамли" махсус пишиқ ғиштдан кўп миқдорда сотиб олган. Ғиштларни икки юк машинасида қишлоққа ташиб келтириб, масжиднинг ичкарисига тахлаб қўйган.

         Афсуски, умр бевафо экан. Мирза Сўфи бобом 1985 йил ёзида Самарқанддан келадиган устанинг йўлига интизор кўз тикиб турган кунларидан бирида фалакдан ажал фариштаси йўқлаб келади...

 

Ғулом Мирзонинг

"Эй, дарвеш (Зулмни енгган мазлумлар қиссаси)"

номли китобидан

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech