ЎЗБЕКИСТОН БИЛАН ЕВРОПА ИТТИФОҚИ ЎРТАСИДАГИ ПАРЛАМЕНТЛАРАРО ҲАМКОРЛИК: ҲОЛАТИ ВА ИСТИҚБОЛЛАРИ

2022 йил 31 январь куни Брюссель шаҳрида «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 15-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари раҳбарлигидаги мамлакатимиз парламенти делегацияси иштирок этди.

Европа Иттифоқи делегациясига Европарламентнинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Монголия билан алоқалар бўйича делегацияси раисининг ўринбосари Атидже Алиева-Вели бошчилик қилди.

Европа оммавий ахборот воситалари ва маданий-гуманитар соҳалар вакиллари иштирокидаги матбуот тадбирлари доирасида бир қанча учрашувлар ҳам ташкил этилди.

 

Ўзбекистон – Европа Иттифоқи: ўзаро ҳамкорлик натижалари

 

Ўзбекистон Европа Иттифоқини ўзининг энг асосий халқаро ҳамкорларидан бири сифатида кўради. Бинобарин, ушбу нуфузли халқаро ташкилот демократиянинг умуминсоний қадриятларини илгари суриш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тинчликни сақлаш, ҳамкорлик ва барқарор тараққиётга эришиш борасида улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

Кейинги йилларда  Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида жадал ривожланаётган ўзаро ҳамкорлик муносабатларининг кўлами ва қамрови тобора кенгайиб бормоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, хусусан, 2019 йилда мамлакатимизга Европа кенгаши Президенти Дональд Туск ташриф буюргани ва Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашганини таъкидлаш лозим.

Шунингдек, 2020 йил апрели ва 2021 йил августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан телефон орқали мулоқотлари ҳам самарали бўлди.

Ўтган йилнинг август ва ноябрь ойларида эса мамлакатимизга Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел ҳамда Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас ташриф буюрди. Европа Иттифоқининг ҳар икки юқори мансабдор шахси давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинди.

 Айни чоғда ўзаро савдо ҳажми жадал ортмоқда, Европа етакчи компанияларининг илғор тажрибаси ва технологияларини жалб қилган ҳолда йирик инвестиция лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда. Таълим, хавфсизлик соҳаларида, терроризм ва наркотрафикка қарши курашиш борасида муҳим қўшма дастурлар амалга оширилмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги амалий ҳамкорликка оид айрим аҳамиятли далил ва рақамларни келтирамиз.

Биринчидан. Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг коронавирус пандемиясига қарши тизимли курашини рағбатлантириш мақсадида 10 миллион евро ажратганини алоҳида қайд этиш зарур.

Иккинчидан. Европа томони жорий йилнинг 10 апрелидан бошлаб Ўзбекистонга “Преференция бош тизими қўшув” (“GSP+”) тизимида иштирок этадиган бенефициар-мамлакат мақомини тақдим этмоқда. Бунинг натижасида мамлакатимиз Европа Иттифоқи бозорига экспорт қиладиган тўқимачилик маҳсулотлари ҳажмини ҳар йили камида 300 миллион АҚШ доллари миқдорига ошириш имконига эга бўлади.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги, электр техникаси, кимё, рангли металлар ва миллий иқтисодиётмизнинг бошқа соҳаларида ишлаб чиқарилган 6 минг 200 хил номдаги товарларни Европа Иттифоқи мамлакатларига бож тўловларисиз экспорт қилишимиз мумкин.

Учинчидан. Ўзбекистон Орол муаммосини ҳал этишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан тузилган Орол денгизи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фондига катта ишонч билан қарайди. Шу нуқтаи назардан, Европа томони ушбу Фондга 5,2 миллион евро миқдорида молиявий улуш қўшганини ниҳоятда қадрлаймиз.

Тўртинчидан. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун фаол иш олиб бормоқда. Европа Иттифоқи бу интилишларимизни қўллаб-қувватлаган ҳолда, айни йўналишда техник кўмак учун 5 миллион евро миқдорида маблағ ажратди.

 

Европарламентда “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” эътироф этилди

 

«Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Парламент ҳамкорлиги қўмитасининг Брюсселда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида Европа вакилларига Президент Шавкат Мирзиёевнинг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” маъно-моҳияти ва аҳамияти ҳақида атрофлича ахборот тақдим этилди. Европарламент депутатлари Ўзбекистон томонининг ушбу дастуруламал ҳужжатни амалга оширишга қаратилган интилишларини қўллаб-қувватлади.

 Йиғилиш давомида Олий Мажлис билан Европа парламенти ўртасидаги муносабатларнинг жорий ҳолати ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар:

  • Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самараларини бераётгани;
  • мамлакатда инвестиция муҳити яхшилангани;
  • айни йўналишда бозорларимизнинг очиқлиги ва техник ҳамкорликка шайлигимиз;
  • таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт, энергетика ва инфратузилма соҳалари билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишни янада кенгайтириш;
  • атроф муҳитни ҳимоя қилиш, сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ жойларни ва экологик барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш омилларини ҳисобга олган ҳолда, пандемия шароитида ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш масалаларини кўриб чиқдилар.

Айниқса, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, савдо-сотиқ йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш, минтақавий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергетика соҳасини қўллаб-қувватлаш, молиявий-техникавий жиҳатдан кўмаклашиш, туризм ва таълим соҳасидаги алмашинувларни  рағбатлантириш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Ўзаро манфаатли барча йўналишлардаги икки томонлама ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани ижобий баҳоланди. Томонлар ҳамкорлик муносабатларининг турли босқичларида, шу жумладан, олий даражада фаол алоқалар муҳимлигини қўллаб-қувватладилар.

Маълумки, 2019 йилда Европарламентга ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар бўлиб ўтгани, шунингдек, коронавирус пандемияси туфайли «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Парламент ҳамкорлиги қўмитасининг навбатдаги йиғилишини ўз вақтида ўтказиш имкони бўлмади. Шу муносабат билан томонлар парламентлараро алоқаларни жадаллаштириш чораларини кўриш зарурлиги тўғрисида якдил фикрга келдилар.

Томонлар Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш борасидаги музокараларда сезиларли натижаларга эришилганини қайд этдилар. Айни жараённи тезроқ якунига етказиш ва Ўзбекистон Президентининг жорий йилда Брюсселга режалаштирилаётган олий даражадаги ташрифи чоғида ушбу ҳужжатни имзоланиши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Европа томони Ўзбекистонда адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий сиёсат соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни олқишлади. Европарламент 2021 йил октябрида тарихда илк бор ўз делегациясини Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президент сайлови жараёнларини кузатиш учун юборгани ушбу ишончли ҳамкорликнинг изчиллигини тасдиқлайди.

Йиғилишда халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг айрим жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашинди. Хусусан, Афғонистондаги вазият ва афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ҳақида сўз юритилди.

Музокаралар якунида томонлар  «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Парламент ҳамкорлиги қўмитасининг навбатдаги йиғилишини келгуси йили Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олдилар.

Мулоқотлар асносида Европа томони Европа Иттифоқи учун Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчи ҳамкор эканини тасдиқлаган ҳолда, ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини таъкидлади.

 

Ўзбекистон – таҳдидларга бардошли ва барқарор мамлакат

 

2022 йил 31 январь куни мамлакатимиз парламенти делегацияси Европа парламенти вице-президенти Хайди Хаутала билан учрашди.  Учрашувда ўзаро манфаатли соҳалардаги икки томонлама парламентлараро ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.   

Х.Хаутала пандемия туфайли жорий этилган чекловлар бекор қилинганидан сўнг Ўзбекистон парламенти аъзолари Европа парламентига ташриф буюрган илк расмий делегациялардан бири эканини қайд этди. Европа парламенти вице-президенти мамлакатимиз қонун ижодкорларига дунё бўйлаб ҳаракатланиш чегараланган ва санитария чекловлари амалда бўлган оғир бир шароитда тор доирада бўлса ҳам юзма-юз учрашувга ташриф буюрганлари учун миннатдорчилик изҳор этди.

«Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Парламент ҳамкорлиги қўмитасининг йиғилиши очиқлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва амалий мулоқот руҳида ўтди. Шу аснода “Европарламент – Ўзбекистоннинг дўсти, баъзан танқидий жиҳатдан ёндашишига қарамай, содиқ ва ҳақикий дўстидир”, дея таъкидлади Х.Хаутала.

Томонлар ўзаро сиёсий мулоқотлар самарадорлигини ошириш, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар. Шунингдек, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокара жараёнларини жадаллаштириш ҳамда минтақалараро алоқаларни кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Х.Хаутала қайд этганидек, Европа ва Марказий Осиё  айни вақтда мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Бу ўринда Афғонистон, Қозоғистондаги вазият, халқаро диний ақидапарастлик ва терроризм таҳдиди тобора ортиб бораётгани, шунингдек жаҳон бозоридаги молиявий беқарорлик назарда тутилмоқда.

Шундай ташвишли ҳолатларда Ўзбекистон ўзининг бу каби таҳдидларга бардошли ва барқарорлигини баралла намоён этаётган камсонли мамлакатлардан бири ҳисобланади, дея эътироф этди Х.Хаутала. У Марказий Осиё  минтақаси мамлакатларида инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги таъминланишига тааллуқли масалаларни фуқаролик жамияти ҳамда академик доиралар вакиллари иштирокида муҳокама қилиш таклифини илгари сурди.

Европа парламенти вице-президентининг фикрича, Европа Иттифоқи мамлакатимиз билан савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтириш, иқлим ўзгариши ва бошқа шу каби турли таҳдидларга қарши курашиш борасида ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек, инсон омили билан боғлиқ мулоқотларни кенгайтиришдан манфаатдордир.

Шу нуқтаи назардан, “Бугунги кун тартибимизда мустаҳкамлашимиз зарур бўлган ўзаро ҳамкорлигимиз миқёслари ўз аксини топган. Қолаверса, унда олдимизда турган катта ишларнинг бутун кўлами ҳам мужассамдир”, деди у.

Ўзбекистон томони Х.Хаутала хонимга мамлакатда бўлиб ўтган Президент сайловини кузатиш жараёнида Европарламентнинг нуфузли делегацияси таркибида шахсан иштирок этгани учун миннатдорчилик изҳор этди. Бинобарин, ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирга Европа томони фаол иштирок этиб, ўзининг холис ва амалий баҳосини берган.

Европа парламенти вице-президенти Х.Хаутала билан мулоқот якунида истиқболдаги  ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг шакллари, даража ва мавзулари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

 

Европарламент – Ўзбекистоннинг дўсти

 

2022 йил 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси делегацияси Европа парламенти депутати, Европарламент ҳузуридаги “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси Ричард Чарнецкий билан учрашув ўтказди. 

 

“Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи Европарламент ҳузурида 2021 йил 29 апрелда таъсис этилган. Унинг таъсисчилари Европа парлментининг 8 нафар депутати:  Р.Чарнецкий (Польша), Ф.Мартушелло (Италия), А.Васкес Ласара (Испания), А.Алиева-Вели (Болгария), Т.Мариани (Франция), Т.Жданока (Латвия), И.Винклер (Руминия) ва Н.Нинас (Германия) ҳисобланади. Р.Чарнецкий – мазкур дўстлик гуруҳининг раиси, И.Текдемир эса сиёсий маслаҳатчисидир.

Р.Чарнецкий Президент Шавкат Мирзиёев тасдиқлаган “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”га катта қизиқиш билдирди. Шунингдек, у кейинги йилларда Ўзбекистонда парламент институтларини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган янгиланишларни ижобий баҳолади.

Учрашув давомида икки томонлама парламентлараро ҳамкорликнинг томонлар манфаатларига бевосита хизмат қиладиган соҳаларига тааллуқли долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Европарламент депутати “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳининг икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган фаолияти ҳақида сўзлаб берди. У Ўзбекистон манфаатларини Европа қонун ижодкорлари орасида илгари суришга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.

Мулоқот якунида бир қатор амалий натижаларга эришилди.

Биринчидан, “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳининг онлайн шаклдаги илк қўшма мажлисини ўтказиш ва олдинда турган тадбирлар ҳамда ўзаро ҳамкорлик режаларини батафсил муҳокама қилишга келишиб олинди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Брюсселга ташрифи арафасида “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳининг парламент форумини ўтказишга қарор қилинди. Бу анжуманда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ратификация қилиш масалаларини атрофлича муҳокама қилиш мўлжалланмоқда.

 

Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар – Европа жамоатчилигининг доимий эътиборида

 

2022 йил 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари раҳбарлигидаги мамлакатимиз делегацияси Европа оммавий ахборот воситалари ва маданий-гуманитар соҳалар вакиллари иштирокидаги матбуот тадбирлари доирасида бир қанча учрашувлар ўтказди.

«Diplomatic World» журнали Бош муҳаррири Барбара Дитрих ва «Diplomatic World Institute» таҳлилий марказининг лойиҳалар бўйича менежери Альберто Туркстра билан бўлиб ўтган ўзаро мулоқот шулар жумласидандир.

Тадбир аввалида Президент Шавкат Мирзиёев тасдиқлаган “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”нинг маъно-моҳияти ва аҳамияти ҳақида муфассал ахборот берилди. Мулоқот иштирокчилари бу борада тақдим этилган маълумотларни алоҳида қизиқиш билан қабул қилдилар.

Хусусан, Б.Дитрих инсон ҳуқуқлари, айниқса, хотин-қизлар ҳуқуқларини амалга ошириш жуда муҳимлигини қайд этди. У мамлакат раҳбариятининг аёллар таълим олиши ва меҳнат қилиши имкониятларини янада кенгайтиришга доир режаларига ижобий баҳо берди.

Журналист, шунингдек, Тараққиёт стратегиясида Ўзбекистоннинг “Ҳуқуқ устуворлиги индекси”да юқори даражага эришган мамлакатлар сафидан ўрин олиши мақсад қилиб қўйилганини олқишлади. Унинг фикрича, бу Европа жамоатчилигининг доимий эътиборида турадиган масаладир.

Мулоқот якунида «Diplomatic World» журналининг навбатдаги сонида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига бағишланган мақола чоп этилиши ҳақида келишиб олинди.

Ўз навбатида, А.Туркстра Тараққиёт стратегиясида давлат ҳокимияти органларини такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг аҳамиятига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, мазкур соҳани такомиллаштиришни изчил давом эттириб, ихчам ва самарадор бошқарув тизимини яратиш ниҳоятда муҳим.

«Diplomatic World Institute» таҳлилий маркази вакили Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими, адвокатура институти, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органларнинг тадбиркорлар ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ фаолиятини ислоҳ этиш борасида белгилаб олинган истиқболдаги режаларни ҳам ижобий баҳолади.

А.Туркстранинг фикрича, бундай оқилона мақсадларга эришилиши, шубҳасиз, мамлакатда аҳоли даромадларининг ошиши ва ялпи фаровонлик юксалишига олиб келади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда “яшил” ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилаётгани Европада айниқса катта қизиқиш уйғотмоқда.

 

Таниқли журналист ва адиб Ремко Рейдинг билан учрашув

 

Голландиялик журналист, ёзувчи ва тарихнавис Ремко Рейдинг номи юртдошларимизга яхши таниш ҳамда жуда қадрлидир.  Чунки у Иккинчи жаҳон уруши бошида Смоленскдаги қақшатқич жангларда мардларча курашган ва асирга олиниб, фашистларнинг Голландиядаги “Амерсфорт” концлагерига ташланган 101 нафар ўзбек аскарининг аччиқ қисмати ҳақида биринчилардан бўлиб бонг урган фидойи ижодкор ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси делегацияси раҳбари учрашув чоғида қаттол урушнинг ўзбекистонлик 101 нафар қаҳрамони ва қурбони тақдирини чуқур ўргангани ҳамда ана шу қайғули ва ибратли воқеа тафсилотлари ҳақида алоҳида китоб ёзгани учун Ремко Рейдингга чуқур миннатдорчилик изҳор этди.

2022 йил 30 январь куни Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган ушбу мулоқот асносида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2020 йили Тошкент шаҳрида очилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси таркибида 101 нафар ўзбек жангчиси хотирасига бағишлаб “Концлагерь” ёдгорлиги бунёд этилгани таъкидланди. Шунингдек, “Шон-шараф” давлат музейида айни мавзуни ёритишга қаратилган махсус павильон ишлаб турибди.

Ғалабанинг 75 йиллиги арафасида ўзбек киноижодкорлари томонидан миллатимизнинг гўзал сийратини, азалий одоби ва инсонпарварлик фазилатларини теран очиб берадиган ушбу ҳаётий қисса асосида “101” номли бадиий фильм тасвирга олинган. Бу ҳақда китоблар чоп этилмоқда, оммавий ахборот воситаларида атрофлича маълумотлар эълон қилинмоқда.

Ремко Рейдинг ҳозирги вақтда Голландиянинг “Совет жангчилари шон-шуҳрати майдони” жамғармаси бошқаруви раиси лавозимида ишлаётганини қайд этди. Ушбу номдаги ёдгорлик мажмуаси Амерсфорт шаҳрининг “Растхоф” қабристонига туташ ҳудудда жойлшган бўлиб, бу ерда 865 нафар совет аскари, жумладан, 101 нафар ўзбек жангчиси дафн этилган.

Р.Рейдинг ана шу қурбонларнинг шахсини аниқлаштириш учун 20 йилдан буён изчил изланишлар олиб бормоқда. Унинг айтишича, бу ерда хоклари кўмилган 101 нафар ўзбек жангчиси 1941 йилда асирга олинган ва 1942 йил 8 апрелда қатл этилган. “Совет жангчилари шон-шуҳрати майдони” жамғармаси ҳар йили шу қайғули санада собиқ “Амерсфорт” концлагерининг юртдошларимиз отиб ташланган майдонида хотира тадбири ўтказиб келади.

Жорий йилда ана шу машъум санага 80 йил тўлади. Шу муносабат билан Р.Рейдинг бу галги хотира тадбирига Ўзбекистон вакилларини ҳам таклиф этди.

Томонлар муҳокама қилинган масалалар бўйича ўзаро келишиб олдилар. Р.Рейдингнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунида Ремко Рейдингга 2021 йили Ўзбекистонда ўзбек, инглиз ва рус тилларида катта ададда нашр этилган “Ғалаба боғи фалсафаси” китоби тақдим этилди.

 

Екатерина Царанок: “Ўзбекистон олимлари билан юридик таълим соҳасида ҳамкорликка шаймиз”

 

2022 йил 30 январь куни «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 15-йиғилишида  иштирок этиш учун Брюсселга ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг делегацияси Бельгиянинг Modern Education & Research Institute” (MERI) таълим институти директори Екатерина Царанок билан учрашди.

Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда мактабгача таълим, мактаб таълими ва олий таълим равнақига алоҳида устувор аҳамият қаратилаётгани таъкидланди. Айни вақтда мамлакатда 142 та олий ўқув юрти мавжуд бўлиб, улар орасида нуфузли хорижий олий таълим муассасалари кўпчиликни ташкил этади.

Ўз навбатида, Е.Царанок Брюсселда жойлашган MERI таълим институтига 2016 йилда олий таълим соҳасида фаолият юритадиган нотижорат ташкилот сифатида асос солинганини маълум қилди. Мазкур институт таълимни байналмилаллаштиришга кўмаклашиш ҳамда олий таълим тизимига глобал миқёсдаги замонавий ёндашувларни жорий этиш борасида ўқитувчилар ва университетлар маъмуриятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. 

MERI таълим институтида мунтазам равишда халқаро илмий конференциялар, малака ошириш дастурлари, таълимнинг инновацион усулларини татбиқ этиш бўйича тренинглар ўтказилади. Бу ерда, монография ва илмий тадқиқотлар тақдимотлари учун ҳам кенг шарт-шароит яратилган.

Мулоқот чоғида ўзаро ҳамкорликнинг салоҳиятли йўналишлари муҳокама қилинди. MERI таълим институти директори ўзбек олимларини, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳуқуқшунос мутахассисларини Лёвен университетида тажриба (стажировка) ўташ ҳамда ушбу олий таълим муассасаси ҳузуридаги Европа ҳуқуқи маркази фаолиятини ўрганиш учун таклиф этишга ёрдамлашгани тайёр эканини билдирди.

Бундан ташқари, Е.Царанок ўзи раҳбарлик қилаётган таълим муассасаси Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга шайлигини қайд этди. Бу ўринда турли соҳалар бўйича сабоқ берадиган ўқитувчилар малакасини ошириш ва олий ўқув юртларининг халқаро кўламдаги фаоллигини кучайтириш масалалари ҳақида сўз бормоқда.

Учрашув якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан муайян келишувларга эришилди.

 

Парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари: таҳлил ва таклифлар

 

Ўзаро ҳамкорлик йўлидаги изчил ва амалий мулоқотлар самараларини бермоқда. Айтайлик, Европа Иттифоқи мамлакатимиз тараққиёти учун тақдим этаётган қулайлик ва енгилликлар ниҳоятда муҳимдир.

Биргина мисол: Ўзбекистоннинг “GSP+” тизимида иштирок этадиган бенефициар-мамлакат мақомига эга бўлиши экспорт салоҳиятимизни ошириши билан бир қаторда, бошқа кўплаб илғор соҳалардаги натижаларимизни ҳам яхшилашга хизмат қилади. Бу ўринда, албатта,  замонавий стандарт ва технологияларни татбиқ этиш, зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиш, ҳар бир соҳада сифат кўрсаткичларининг зарур даражада бўлишига эришиш ҳақида сўз бормоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистон томони инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тегишли 33 та халқаро конвенция доирасида зиммасига олган мажбуриятларини ўз вақтида бажариб бориш учун зарур барча чораларни кўрмоқда. Шу мақсадда Олий Мажлис томонидан қатъий парламент назорати ўрнатилган.

Мамлакатимизда ана шу конвенцияларнинг бажарилишини мониторинг қилиш учун ташриф буюрадиган Еврокомиссия делегациясини кутиб олиш ва ўзаро ҳамкорликда ишлашга ҳамиша тайёрмиз.

Бу йил февраль ойида Европа парламенти Ташқи ишлар бўйича қўмитаси раиси Д.Макаллистернинг юртимизга ташрифи кутилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон ўз тараққиётининг тарихий ва тақдируламал даврига қадам қўйди. Мамлакатни модернизация қилиш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган таъсирчан чораларнинг изчил амалга оширилиши натижасида том маънода демократик ҳуқуқий давлат – Янги Ўзбекистон қиёфаси шаклланмоқда.

Эндиликда юртимизда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишга киришилди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва сайлов жараёнида ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказилган бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Биз ушбу стратегияда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини энг олий қадрият этиб белгиладик. Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Биз бундан буён фаолиятимизни “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этамиз”.

Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан 2020 йил апрелида бўлиб ўтган мулоқотида Ўзбекистонда “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” Вазирлар конференциясини ўтказиш таклифини илгари сургани бежиз эмас. Зеро, ушбу анжуман нафақат минтақамизда, балки минтақаларимизда ҳам ўзаро ҳамжиҳатлик ва барқарор тараққиётга эришиш учун муҳим аҳамият касб этиши тайин.

Ўзбекистон томони ушбу тадбирни жорий йилнинг 22 июлида Самарқандда ўтказишни таклиф этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббуси рўёбга чиқса, савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, рақамлаштириш ва бошқа истиқболли соҳаларда самарали қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконияти туғилади.

Яна бир муҳим таклиф – туризм бўйича “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форумини жорий йилнинг иккинчи ярмида Хива шаҳрида ўтказиш билан боғлиқ. Бу анжуман бизга ва минтақамиз ҳамда Европадаги ҳамкорларимизга пандемиядан кейинги даврда сайёҳликни ривожлантириш бўйича муҳим қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун ниҳоятда қўл келади.

 Хулоса қилиб айтганда,  «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 15-йиғилиши Европа Иттифоқи билан ҳамкорлигимиз тарихида биринчи марта Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги борасидаги вазият учун танқидга учрамаган, аксинча, европалик ҳамкасбларимиз билан ўзаро музокаралар ғоят ижобий руҳда ўтган дастлабки ўзига хос тадбир бўлди.

Энг муҳими, мамлакатимизда мазкур йўналишларда, айниқса, сўнгги йилларда муҳим ўзгаришлар амалга оширилгани Европарламент депутатлари томонидан алоҳида эътироф этилди.

 

Акмал САИДОВ,

«Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Парламент ҳамкорлиги қўмитасининг Ўзбекистон томонидан ҳамраиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech