АБДУЛЛА ОРИПОВ ШЕЪРИЯТИДА БАҲОР ТИМСОЛИ

Уйғонгувчи боғларни кездим,

Топай дедим қирдан изингни.

Ёноғингдан ранг олган дедим –

Лолазорга бурдим юзимни,

Учратмадим аммо ўзингни,

– Сен баҳорни соғинмадингми?

 

 

Халқимизга ёд бўлиб кетган, севимли ҳофизларимиз томонидан куйга солинган ушбу самимий сатрларни ўқишимиз билан, кўз олдимизда беихтиёр ардоқли шоиримиз Абдулла Орипов тимсоли гавдаланади.

Абдулла Орипов – улкан истеъдод соҳиби ва туғма шоир. Тасодифни қарангки, у янгиланиш ва яшариш фаслида кун ва тун тенглашган санада таваллуд топган. Бу кунни халқимиз азал-азалдан “Янги кун”, яъни “Наврўз” дея катта шодиёна билан қарши олади. 1999 йилдан бошлаб эса 21 март – Бутунжаҳон шеърият куни сифатида ҳам эътироф этилиб, халқаро миқёсда нишонланмоқда.

Бутунжаҳон шеърият куни  ЮНЕСКО Бош конференциясининг 30-сессиясида белгиланган бўлиб, бу орқали инсониятга шеъриятнинг аҳамиятини эслатиб туриш, киши қалбига поклик, руҳига қувват, идрокига теранлик бахш этувчи сўз санъатини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Ҳар йили дунёнинг деярли барча давлатларида айни санада шеърхонлик кечалари, адабий учрашувлар, маърифий тадбирлар ўтказилади. Чин истеъдод соҳиби бўлган оташнафас шоирлар яна бир бор ёдга олинади.

Мамлакатимизда эса бу сана Наврўз байрами ҳамда суюкли шоиримиз Абдулла Ориповнинг таваллуд куни билан уйғун ҳолда нишонланади.

Ҳа, Абдулла Орипов ана шундай шоирона санада таваллуд топган. Унинг ижодида баҳор, бу фаслга хос табиат манзаралари тасвири кўп учрашининг боиси ҳам балки шундадир.

Абдулла Орипов шеъриятида баҳор – бу тириклик, баҳор – бу ҳаёт. Шоир қуёшнинг ҳароратли нурлари эркалаб уйғотаётган табиат тимсолида тириклик кучининг мислсиз қудратини, ҳаёт гўзаллигини ва яшаш бахтини кўради ҳамда олқишлайди:

 

                   Яна баҳор келди. Яна оламда

                   Ажиб бир гўзаллик, ажиб бир баёт.

                   Мен сени қутлайман шу улуғ дамда,

                   Улуғ елкадошим, музаффар ҳаёт!

 

Табиатни уйғотувчи, оламни яшилликка, инсонлар қалбини қувончга тўлдирувчи тириклик кучи нимада? Шоир бу саволга муҳаббат дея жавоб беради.

 

                   Баҳор аввал кириб келгай юракка,

                   Чулғар дилни турфа орзу тилакка.

                   Гар инсонга ёрдир толе, саодат,

                   Баҳор бергай тенгсиз шодлик, фароғат.

                   Ошиқ магар ишқда эса бахтиёр,

                   Муҳаббатдир баҳордаги илк шиор.

 

Мумтоз адабиётда инсон умри азалдан йил фаслларига қиёсланган. Ушбу анъанавий ташбеҳ Абдулла Орипов шеъриятида ҳам учрайди. Шоир баҳор фаслини ёшлик даврига менгзаб, қизига аталган шеърида шундай ёзади:

 

                  Баҳор сеникидир,

                   Югур энтикиб,

                   Югур адирларнинг лолазорига.

                   Мен эса қувонай кўзимни тикиб,

                   Тоғларнинг ҳаётбахш, тоза қорига.

                   Баҳор сеникидир,

                   Толма елишдан.

                   Югур, сочларингга баргаклар тақиб.

                   Мен эса қувонай қаҳратон қишдан

                   Омон чиқа олган илдизга боқиб.

 

Абдулла Орипов ижодида баҳор манзаралари маҳорат билан тасвирланган соф лирик шеърлар ҳам талайгина. Уларда фавқулодда теран ўхшатишлар, нафис топилмалар учрайди. Масалан:

 

                   Шошқин дарёларнинг зангордир лаби,

                   Шамоллар ўйнайди йироқ-йироқда.

 

Ёки

 

                   Кўряпсанми, қандай яшармиш олам,

                   Бепарво гўдакдай жилмаяди жим.

        

Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Табиат ҳодисалари, олам манзараларининг инсон руҳияти билан уйғунлашуви, қуйма мисралар орқали фалсафий маъно касб этиши ҳам Абдулла Орипов шеъриятига хос хусусиятдир. Шоир ҳеч бир табиат манзарасини шунчаки тасвирламайди, балки ундан инсонлар учун муҳим хулосалар чиқаради. Масалан, “Баҳор шамоли” шеърида кўкламнинг дилга хуш ёқувчи шаббодасини завқ билан тасвирлар экан, таассуротларини қуйидаги тўртлик билан якунлайди:

 

                   Баҳор-ку ўтади шамолдек шитоб,

                   Майли, ўтажак у ва ўтар бўлсин.

                   Азизим, умрингда ҳаво бўлсин соф,

                   Умринг шамоллари муаттар бўлсин.

 

Умуман олганда, Абдулла Ориповнинг фақат баҳор мавзусидаги шеърларида эмас, балки бошқа ашъорларида ҳам кўклам билан боғлиқ ўхшатишларни учратамиз. Жумладан, “Эслаш” номли шеърида шоир:

 

                   Ҳар тонг қаршилардим сени шу йўлда,

                   Билмам, қайларгадир шошиб ўтардинг.

                   Илк баҳор селидай тошиб ўтардинг,

        

дея ниҳоятда гўзал ташбеҳни қўллайди. Бу эса баҳор фасли шоир учун бемисл илҳом манбаи бўлганидан далолат беради.

Хулоса қилиб айтганда, Бутунжаҳон шеърият кунида таваллуд топган улуғ шоиримиз Абдулла Орипов ижодида баҳор фасли рангин маънолари ва бетакрор жозибаси билан акс этган. Баҳорий ҳарорат ва жўшқинлик шоир қалбида акс садо бериб, ўхшаши йўқ мисраларга айланган. Уларни ўқиш, уқиш ва ўрганиш эса инсон маънавияти, ҳис-туйғулари ва тафаккурининг юксалишига хизмат қилади.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech