ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИДА ЖУРНАЛИСТИКАНИНГ ЎРНИ

Ахборот глобаллашуви жараёнида ҳаётимизни оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этишимиз жуда қийин. Айниқса, ҳар бир соҳада бўлаётган ўзгаришлар, имкониятлар бугун ушбу жараёнда ахборот тезлашувини, ўзаро фикр алмашишни талаб этади. Бунда эса албатта журналистиканинг ўрни ва роли беқиёс.

Чунки ҳар бир инсон бугун ўзига керакли бўлган маълумотни оммавий ахборот воситалари орқали топиш имкониятига эга бўлмоқда. Телевидение, газета, радио, ижтимоий тармоқлар дейсизми, барчасида маълумотлар тезкорлик билан нашр этилиб, аҳолига вақтида етказилмоқда.

           Таъкидлаш лозим, инсоният “глобаллашув” деб аталган янгича ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган ва бу алоқалар жадал суръатларда кенгайиб, чуқурлашиб бораётган янги тараққиёт босқичига чиқди. Бунинг натижасида “глобаллашув” сўзи иқтисодийгина эмас, балки ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ва бошқа қарийб барча соҳалардаги умуминсоний жараёнларни қамраб олувчи тушунчага айланиб улгурди.

         Эндиликда давлатларнинг қудрати, салоҳияти нечоғлик кўп ахборотга эгалиги билан ўлчанмоқда. Энг муҳими, ахборотга эгалик қилиш теварагида рақобат ҳар қачонгидан кучайиб бормоқда. Мазкур жараённинг ўзи журналистиканинг қарор топишини, ривожланишини, пировард натижада бутунжаҳон журналистикаси хусусиятларининг умумийлашувини жадаллаштирмоқда.

         Фуқаролик жамияти ўзи нима? Фуқаролик жамияти – конституциявий ҳуқуқ назариясида ҳуқуқ ва демократияга асосланган ижтимоий ҳаётнинг зарур оқилона усули; инсонга унинг иқгисодий, сиёсий ва маданий ҳаёти шаклларини эркин танлаш кафолатланадиган, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари қарор топадиган, кўп партиявийлик, сиёсий интлар, мафкура ва фикрларнинг хилма-хиллиги таъминланадиган ҳамда ўзини ўзи бошқариш органларининг мавқеи баланд бўлган ижтимоий тузум.

Фуқаролик жамиятини қуриш кучли давлатдан кучли жамият сари босқичма-босқич ўтиш орқали рўй беради. Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатмоқдаки, бугунги шиддатли давр инсонларда сиёсий онг ва ҳуқуқий саводхонликни, маънавий юксалишни, умуман, ҳар томонлама шаклланиб боришни талаб этмоқда. Кенг миқёсдаги янгиланишлар жараёнида уларнинг дахлдорлигини ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Айни шундай вазиятда журналистика сабаб инсон омили ривожланади, ўзига керакли маълумотни ола билиш имкониятига эга бўлади. Асосийси, керакли ахборот билан таъминлашга эришилади.

Албатта, фуқаролк жамиятида журналистиканинг ўрнини яна бир жиҳат билан тилга олсак бўлади, яъни унинг мавжудлиги сабаб инсон ҳар томонлама кучли фикрлдаш қобилиятига эга бўлади, сиёсий, маънавий ва маърифий жиҳатдан шаклланади. Биргина сиёсий қарашларнинг шаклланишини олайлик. Бу шаклланиш авваллари асосан газеталар орқали таъсир қилар эди, бугун эса барча оммавий ахборот воситалари орқали ўз таъсирини ўтказиб келмоқда.

Илгари мактабларда дарс бошланишидан аввал беш дақиқалик “сиёсий ахборот” — газеталар шарҳи ўтказилар эди. Катта авлоднинг сиёсий етуклигига шу ҳам сабаб бўлгандир, балки. Зеро, ҳар доим сиёсий тузумнинг ўзгариши ва қайта қуриш жараёнлари одамларга ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш орқали кечган. Бунда бош ролни айнан матбуот ўйнаган. Тарихга назар солсак, бунга етарлича мисолларни кўриш мумкин.

Журналистика деганда бугун кўпчиликнинг кўз ўнгида айнан ижтимоий тармоқлар ёхуд интернет журналистикаси келади. Тўғри, бугун улар бутун ҳаётни қамраб олганлигини, аммо баъзан нотўғри ахборотлар тарқатилаётганининг ҳам гувоҳи бўлиб келяпмиз. Жумладан, газеталарни олайлик. Газета нафақат бугунги кун панорамасини тўлиқ кўриш ва кузатиш, балки келгусидаги истиқболни ҳам яққол тасаввур қилишга ёрдам бериши кундек равшан!

Газета худди дарслик сингари барча мавзуларни, мамлакатнинг бутун тарихий йилномасини қамраб олади. Ундаги мақола — эртагаёқ эсдан чиқиб кетадиган узуқ-юлуқ фактнинг ўзигина эмас. Мақолага ҳар доим қайтиш мумкин. Керак бўлганда, яна бошдан мулоҳаза қиласан, муҳим жойларини белгилаб, ўқиганларни кейинчалик фойдаланиш учун сақлаб қўйиш мумкин.

Шу билан бир қаторда, матбуотда ишлашнинг ўзига яраша машаққати бор. Битта мақола ёки ахборот тайёрлангунча неча кишининг кўз нури тўкилади, кейин саҳифаланади, ҳар бир саҳифа мусаҳҳиҳлар қўлидан ўтказилиб, босмахонага юборилади ва тонггача тўлиқ босмадан чиқарилади, охирида тайёр маҳсулот — газета ўқувчилар қўлига етиб бориши учун бутун мамлакат бўйлаб юзлаб одамлар жон койитади. Масъуллар тун-алламаҳалгача, янаям аниқроғи, тонготаргача қолиб ишлайди. Энг қизиғи, шу ҳол ҳар кун такрорланади.

Изласак, юртимизда ҳам замон талабига кўра фаолият юритаётган босма нашрлар кўп. Кейинги йилларда газеталаримизда мунтазам равишда иқтисодий шарҳлар бериб бориляпти, ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар, ислоҳотлар қандай бораётгани, Президент фармон ва қарорлари одамлар ҳаётига қандай таъсир кўрсатаётгани кенг ёритилмоқда. Таҳлил ва шарҳлар тайёрлаш учун миллий ва хорижий экспертлар, сиёсатчилар, турли соҳа мутахассислари жалб этиляпти.

Газеталаримизга катта масъулият юклатилган — у ҳам бўлса, ватандошларимизга эртанги ёруғ кунлар сари бораётган йўлида ҳамқадам бўлиш, таъбир жоиз бўлса, ҳамроҳи, сирдошига айланишдир.

Жамиятнинг маданияти юксалишида ҳам газетанинг ўрни салмоқли. Негаки, айнан газета тил софлигини, унинг адабий-бадиий хусусиятларини, сўз юки ва қудратини нафақат сақлаб қолади, балки ошириб ҳам боради.

Босма нашрда ҳар бир сўз чуқур ва кенг маъно-мазмунга эга. Газета адабий тил қоидаларига тўлиқ амал қилгани учун ҳам қадрли. Айнан босма нашрларда ишловчи журналистлар шу боис ҳам ахборот майдони элитаси ҳисобланади. Улар ўз ўқувчилари олдидаги юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда, мулоҳазакорлик, ҳаққонийлик, ҳалоллик ва бурчга содиқликни фаолиятининг асосий тамойиллари деб билишади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш учун очиқ майдон яратилди. Бундай имкониятдан фойдаланиш йўлидаги турли ғовлар: маъмурий, норасмий чекловлар деярли олиб ташланди. Жамиятда ҳар ким ўз фикрини бемалол билдириши, мурожаат ва эътирозлари, таклиф ҳамда шикоятларини эркин ифода этиши учун зарур ҳуқуқий база яратилди ва у такомиллаштирилмоқда.

Фуқаролар, журналистлар, блогерларга катта минбарлар берилди. Булар интернет, ундаги ижтимоий тармоқлар, порталлар, газета-журналлар, ТВ ва радио, хуллас, ахборот етказишнинг барча воситасини, онлайн ва офлайн, анъанавий ва ноанъанавий инструментларни қамраб олди. Шунга яраша инсоннинг сўз ва ахборот олиш эркинлиги, журналистик фаолият эркинлиги кафолатлари тубдан мустаҳкамланди, бундай ҳуқуқларга дахл ёки қаршилик қилганларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари кучайтирилди.

Пировардида юртимизда шаффоф ва тезкор ахборот майдони вужудга келди. Турли ахборот сайтлари ривожлана бошлади, блогерлик ҳаракати кенг қулоч ёзди. Бугун ҳар ким ва ҳар бир ташкилот, хоҳ у матбуот соҳаси бўлсин, хоҳ бошқа соҳа ўз сайти, “Telegram” канали, “Facebook”, “Youtube”, “Instagram” каби ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини юритиши оддий ҳолга айланди. Табиийки, бундай ҳолатда ахборот олиш ва етказиш жабҳасида ҳам рақобат кескин кучайиб кетди.

Бугунги кунда жамиятда аудитория қамрови бўйича, умуман, контент рейтингларида нодавлат оммавий ахборот воситалари, хусусан, интернет сайтлари, шунингдек, блогерлар юритаётган онлайн каналлар етакчи ўринларда туради. Биз уларнинг бу ютуқларидан фақат хурсанд бўламиз.

Яхши томони шундаки, мазкур ҳолат плюрализм мавжудлигини англатади. Бундай воқелик эса ахборот тарқатишда рақобатни кучайтириб, сўз ва фикр эркинлиги учун янги имкониятлар эшигини очади. Бу, ўз навбатида, фуқаролик жамияти қуришнинг асосий талабларидан биридир.

Бошқа томондан, плюрализмни бошбошдоқлик, ўзбилармонлик деб тушунмаслик керак. Чунки бундай қараш давлат ахборот хавфсизлиги, ижтимоий барқарорлик ҳамда социал кайфиятни издан чиқариб юбориши мумкин.

Шунинг учун бу борадаги олтин ўрталиқни таъминлаш бугун ҳар қачонгидан муҳимдир. Бинобарин, охирги пайтларда айтилаётганидек, нафақат Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА каби расмий ахборот етказиб берувчилар, балки давлат ҳокимияти органлари матбуот нашрлари, веб-сайтлари фаолияти, салоҳияти, моддий-техника базаси, кадрларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни тубдан қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Фуқаролик жамиятида журналистиканинг ўрнини белгилаб беришда журналистнинг ҳам муҳим ўрни бор. Мамлакатимизда сўнгги йилларда журналист кадрлар тайёрлайдиган ўқув даргоҳлари сони кўпайди. Шундай экан, бўлғуси журналистларнинг давлат органлари муассислигида фаолият юритадиган таҳририятлар ва телеканалларда амалиёт ўташини ташкил қилиш ҳам долзарб масалалардандир. Бу ерда улар ҳақиқий журналистик материаллар қандай тайёрланишини ўрганади, соҳанинг негизини ташкил этувчи билим ва малакаларини оширади.

Аслида, демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятида журналистларнинг обрўси анчайин баланд бўлади. Чунки улар ҳақиқий тўртинчи ҳокимият, давлат ва халқ ўртасидаги ўзига хос маънавий-маърифий кўприклардан бири ҳисобланади.

Бинобарин, журналист ҳар бир сўзи учун масъулиятни ҳис этади, халқ, жамият олдида жавобгар ва ҳисобдор бўлади. Блогерда эса мутлақо бошқача ёндашув. У кўп ҳолларда ўзининг шахсий фикрини ифодалайди ва бу фикр жамиятга муайян таъсир ўтказади. Бу ерда гап журналистларни блогерлар билан, давлат оммавий ахборот воситаларини хусусийлари билан таққослашда эмас. Асосийси, бугунги кунда улар ўртасидаги мувозанатни сақлаш муҳимдир.

Бунда журналистлардан давр талабларига мослашиш, меҳнат самарадорлигини ошириш талаб этилади. Бу эса мамлакатимизнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Сўзимизни мамлакатимиз Президентининг фикрлари билан хулосалаймиз. Яъни: “Ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак”.

 

Севара Ишмуратова,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий

маркази Умумий бўлими бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech