Қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартиби такомиллаштирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 28 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг, депутатлар томонидан берилган таклифлар инобатга олинган ҳолда, қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқилган. Мурожаатномада аввало тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурлиги таъкидланган.

Айни соҳада, бир томондан, фуқароларда жиддий эътирозларни келтириб чиқараётган, иккинчи томондан, мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф эътиш бўйича Олий Мажлис палаталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига қийноқларнинг олдини олиш юзасидан тегишли вазифалар юкланганди.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Қарорда қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланди. Шунингдек, Омбудсман ҳузурида Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилди ҳамда уларнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Шу асосда тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курслари ташкил этилди. Ўтган даврда соҳанинг 1 минг 200 дан ортиқ ходими ўқитилди.

Мазкур Қарорда қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишини ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Шунингдек, бундай жиноятдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартибини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди.

Шу мақсадда “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси  ишлаб чиқилди. Қонунни қабул қилиш зарурати қуйидагилар билан изоҳланади:

Биринчидан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ва Қийноққа қарши қўмитасининг Ўзбекистон Республикасининг даврий ҳисоботларини кўриб чиқиш якунлари бўйича берган якуний мулоҳазаларида қийноққа солинган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ижтимоий, тиббий, психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда уларга етказилган зарарни компенсация қилиш бўйича бир қатор тавсиялар назарда тутилган. Қонуннинг қабул қилиниши ушбу тавсиялар ижросини таъминлайди.

Маълумки, Ўзбекистоннинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт бажарилиши бўйича тақдим этган бешинчи даврий ҳисоботи (CCPR/C/UZB/5) юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тақдим этган якуний мулоҳазаларининг 25.а-тавсиясида қийноққа солиш жиноятини содир этган шахсларни жазога тортиш ва жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш зарурлиги белгиланган.

Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Қийноққа қарши конвенция бажарилиши бўйича тақдим этган бешинчи даврий ҳисоботи (CAT/C/UZB/5) бўйича БМТнинг Қийноққа қарши қўмитаси берган якуний мулоҳазаларнинг 13.с-тавсиясида қийноқ солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни жабрланувчиларга (ёки уларнинг яқин қариндошларига) тўлиқ компенсация қилиш тавсия этилган. Шунингдек, Қўмита ўзининг 18.б-тавсиясида қийноққа солиш оқибатида олинган далиллар сабабли жиноий жавобгарликка тортилган шахсларни реабилитация қилиш ва уларга етказилган зарарни қоплашни тавсия қилган.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги маърузасида миллий превентив механизмни такомиллаштириш ҳамда БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси Факультатив протоколининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилиниши маълум қилинди. Жорий йил декабрь ойида БМТнинг Терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масаласи бўйича махсус маърузачиси Ф. Аолайннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ҳам ушбу масалага эътибор қаратилди.

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, БМТнинг Қийноқлар масалалари бўйича махсус маърузачиси Н.Мельцернинг Ўзбекистонга ташрифи 2022 йилда режалаштирилган. Ушбу ташриф доирасида айни масалаларга янада жиддий эътибор қаратилиши тайин.

Учинчидан, қийноқ билан боғлиқ ҳолатлар мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузига, шу жумладан иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги ўрнига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон БМТ Тараққиёт дастурининг Инсон камолоти индексида 106-ўринни, Жаҳон банкининг бошқарув сифати индикаторларининг сиёсий барқарорлик ва зўравонлик йўқлиги субиндикатори бўйича 136-ўринни, “Жаҳон одил судлов лойиҳаси” халқаро ноҳукумат ташкилотининг Ҳуқуқ устуворлиги индексининг асосий (фундаментал) ҳуқуқларнинг таъминланганлиги индикатори бўйича эса 110-ўринни эгаллаб турибди.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, 2021 йил 10 апрель куни Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизими (GSP+) кучга кирди. Ушбу тизимга қўшилаётганда мамлакатлар инсон ва меҳнат ҳуқуқларига, атроф-муҳит, иқлим муҳофазаси ва сифатли бошқарувга оид 30 дан ортиқ асосий халқаро конвенцияни самарали амалга ошириш мажбуриятини зиммасига олади. Бу ҳужжатларнинг 7 таси бевосита инсон ҳуқуқлари бағишланган халқаро шартномалардир.

Тўртинчидан, қийноқ ҳолатларининг олдини олишга борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳозирги ҳолати бугунги кун талабига тўлиқ жавоб бермайди. Буни қийноқ билан боғлиқ ҳолатларнинг кўпайиши ҳам кўрсатиб турибди.

Маълумотларга қараганда, 2017 йилда – 7 та, 2018 йилда – 10 та, 2019 йилда – 16 та, 2020 йилда – 15 та, 2021 йил январь-октябрь ойларида – 11 та қийноққа солиш жинояти қайд қилинган.

Бешинчидан, Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро шартномалардаги мажбируятларини миллий қонунчиликка имплементация қилишга хизмат қилади.

Зеро, 1966 йилги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда иштирок этувчи ҳар бир давлат Пактда тан олинган ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилган ҳар қандай шахсни, агар бу бузилиш расмий сифатда ҳаракат қилган шахслар томонидан содир этилган бўлса ҳам, ҳуқуқий ҳимоянинг самарали воситаси билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши белгиланган.

Бундан ташқари, Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенциянинг 14-моддасида “Ҳар бир иштирокчи давлат ўзининг ҳуқуқий тизимида қийноқларнинг қурбони товон олишини ва иложи борича тўлароқ тикланиш учун маблағларни қамраб олувчи, ҳуқуқий санкция билан тўлдириладиган адолатли ва муқобил товон (компенсация) олиш ҳуқуқига эга бўлиш ҳуқуқини таъминлайди” деб белгиланган.

Шу нуқтаи назардан, Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарар учун жавобгарликни белгиловчи 991-моддасига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарар учун ҳам жавобгарлик киритилмоқда.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 1021-моддаси иккинчи қисмига, яъни маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қопланиши лозим бўлган ҳолатларга қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш жинояти натижасижа етказилган зарарни ҳам киритиш таклиф этилмоқда.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши амалдаги Фуқаролик кодексининг 991-моддасида кўзда тутилган ҳолатлар билан қийноқдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади.

Жумладан, етказилган зарар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг мансабдор шахслари айбидан қатъи назар, давлат томонидан тўла ҳажмда тўланади.

Шунингдек, мазкур Қонун қийноққа солиш оқибатида зарар кўрган жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини янада ҳимоя қилиш ва тиклашга, уларга етказилган моддий, маънавий ва бошқа зарарларнинг қопланишига асос бўлади.

 

Мирзатилла Тиллабоев,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech