“Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Натижада оилага, аёл зотига бўлган муносабатимиз тобора юксалиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳаётимизнинг маъно-мазмунига, асосий мақсадига айланди.
Бугун Ўзбекистон аёллари барча жабҳаларда ўз ўрни ва муносиб мавқеига эга бўлиб бормоқда. Кейинги сайловларда юртимиз тарихида биринчи марта миллий парламент таркибидаги хотин-қизлар сони дунё миқёсида намунали кўрсаткичга кўтарилгани ҳам бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
Гап шундаки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган
150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Сенатда бу кўрсаткич қарийб 25 фоизга етди. Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 31 фоизи ҳам жонкуяр, фаол аёллардир. Ана шундай натижалар туфайли Ўзбекистон тарихида илк маротаба парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, миллий парламентимиз аёл депутатлар ва сенаторлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-поғонага кўтарилди.
Шунингдек, бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши – 27 фоизга, сиёсий партияларда – 44 фоизга, олий таълим тизимида – 40 фоизга, тадбиркорлик соҳасида эса 35 фоизга етди.
Буларнинг барчаси сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш борасидаги тизимли ишларнинг самараларидир. Айни соҳадаги ишлар, хусусан:
- аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;
- аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш;
- аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш;
- ҳуқуқни қўллаш амалиётида аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий нормалар асосида ўқитиш каби муҳим йўналишларда олиб борилмоқда.
Сўнгги йилларда миллий қонунчилигимиз ва халқаро конвенциялар орқали бу йўналишда зиммага олинган мажбуриятларни бажариш юзасидан амалга оширилган кенг қамровли ишлар натижасида йигирмадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат имзоланди. Хусусан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ
ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар, Президентимизнинг хотин-қизлар ҳуқуқларини ва гендер тенгликни таъминлаш, аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, уларнинг тадбиркорлик мақомини кучайтириш тўғрисидаги фармон ва қарорлари шулар жумласидандир.
Гендер тенгликни таъминлаш стратегиясининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши эса мамлакатда инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурмат билан қарашни шакллантириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтириш учун кенг имкониятлар яратади.
Гендер тенглик ҳақида сўз борганда, ушбу тушунча фақат аёллар манфаатларини ифодалаш билангаина чекланмаслигига эътибор қаратиш лозим. Аксинча, гендер тенглик тамойили ҳар икки жинс вакилларининг ўз орзу ва мақсадлари сари дадил одимлаши, ҳаёт сифатини ошириш учун бир хил имкон бериш кераклигини кўзда тутади.
Ривожланган ҳуқуқий давлат ва демократик жамият талабларидан бири – эркак ва аёл ҳуқуқлари тенглигининг таъминланишидир. Бинобарин, гендер тенглик, яъни эркаклар ва хотин-қизлар тенглиги инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади.
Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу омил энг юқори даражадаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тараққиётнинг ҳам негизидир. Мутахассисларнинг фикрича, фақат эркаклардан иборат жамоага нисбатан 50/50 фоиз эркак ва аёллардан иборат меҳнат жамоалари, айниқса агар улар ақлий меҳнат билан банд бўлса, ўз иш фаолиятида бир неча баробар юқори натижа кўрсатар экан.
Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш
ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилингани айни муддао бўлди. Қарор ижроси доирасида, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.
Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш алоҳида эътибор марказида турибди. Шу мақсадда «Аёллар дафтари» тизими жорий этилиб, Давлат бюджетидан ҳар йили 300 млрд сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди.
Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилди. Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки бараварга ортди.
Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 224 мингдан ортиқ хотин-қизга жами 6,9 трлн сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.
Соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ана шундай натижалари халқаро рейтинглардаги мамлакатимиз ўрнига ижобий таъсир кўрсатаётгани муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилди ва 5 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасида 134-ўринни эгаллади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда. Янги Ўзбекистонда бу борада қўлга киритилаётган ютуқлар БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Ўз навбатида, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқарма ижрочи директори Гада Валининг сўзига кўра, дунёда ҳар 11 дақиқада бир аёл ёки қиз ўз оила аъзоси томонидан ўлдирилмоқда. Шу тариқа 2020 йилда дунё бўйлаб 47 минг аёл ва қиз яқин шериклари ёки оила аъзолари қўлида ҳалок бўлган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама таъминлаш йўлида улкан қадамлар қўйилди. Давлатимиз раҳбари яқинда эълон қилган “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” номли муҳим концептуал ҳужжатда ана шу ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибидан жой олди.
Аввало, Ўзбекистон Президентининг янги стратегик дастурига бу борада алоҳида Миллий дастур қабул қилиш режаси киритилгани диққатга сазовор. Бўлажак Миллий дастур мамлакат хотин-қизлари бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришдек эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Бундан ташқари, навқирон ёшларимизни, айниқса, қизларимизни соғлом ва етук этиб тарбиялаш, уларнинг қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида камол топтириш ишлари бундан буён ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибор марказида бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги вақтда хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган, фарзандларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган аёлларимиз барча ислоҳотларимизда фаол иштирок этмоқдалар. Бу, ўз навбатида, ҳурматли оналаримиз, опа-сингилларимизга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг узвий қисми бўлиб келаётганининг ёрқин далолатидир.
Жамиятнинг демократик ўзгаришлар йўлидан нечоғлик илгарилаб кетгани – шу жамиятнинг аёлларга муносабати, бу борадаги маданий-маънавий савияси билан белгиланади. Зеро, оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оилалардаги, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб турадилар.
Ойдин Иброҳимова
- Қўшилди: 08.01.2022
- Кўришлар:
- Чоп этиш