“Янги Ўзбекистоннинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси" лойиҳаси. Бу кенг кўламли чуқур ўзгариш ҳамда янгиланишларнинг мантиқий давоми, десак, муболаға эмас. Хўш, буни нималарда кўриш мумкин?
Нуқтаи назар
Аввало, 94 та миллий мақсадни қамраб олган, еттита устувор йўналишдан иборат Тараққиёт стратегияси ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш орқали инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш асосида халқпарвар давлат барпо этишга йўналтирилган.
Тараққиёт стратегиясида инсон капиталини ривожлантириш ҳам кўзда тутилган. Аслида ҳам инсон капитали Ватанимизда белгиланаётган улуғвор режаларнинг изчил ҳамда муваффақиятли амалга оширилишининг асосий омили.
Ҳозирги даврда миллий инсон капитали ҳажми жаҳоннинг тараққий этган давлатларида улар миллий бойлигининг 70 — 80 фоизидан ортиғини, ривожланаётган мамлакатларда эса 50 фоиздан кўпроқни ташкил қилади. Жумладан, АҚШда бу кўрсаткич 95 триллион доллардан, Хитойда 25 триллион доллардан ортган ва улар миллий бойлигининг 77 фоизига тенгдир. Умуман, жаҳонда инсон капитали 365 триллион АҚШ долларига етади, бу дунёдаги жами бойликнинг 66 фоизи билан баробардир.
Яна бир муҳим жиҳат, БМТнинг Тараққиёт дастури томонидан эълон қилинган сўнгги — 2019 йилги Инсон капиталини ривожлантириш индексида Ўзбекистон 0,720 кўрсаткич билан дунёнинг 189 давлати ўртасида 106-ўринни эгаллади. Бунда аҳолимизнинг туғилган пайтида кутилаётган умр кўриш давомийлиги 71 йил 7 ойга тўғри келиши башорат қилинган. 2019 йилда таълим олишнинг ўртача давомийлиги 11 йил 8 ойга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот 7142 долларга тенг бўлган. Ватанимизнинг ушбу кўрсаткичлари Инсон капиталини ривожлантиришнинг юқори индекси даражаси қаторига киритилган, бироқ ана шу гурухдан ўрин олган мамлакатларнинг ўртача кўрсаткичидан пастдир.
Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон капиталини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётганлигини таъкидлаш керак. Ҳозирги пайтда Президент мактаблари, буюк алломаларимиз номи билан аталадиган ихтисослаштирилган мактаблар, ижод мактаблари, “Темурбеклар мактаби” каби замонавий ва инновацион таълим масканлари ташкил этилган. Кейинги 5 йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, 182 минг нафар ёшга, умумтаълим мактабларини тугаллаганларнинг 28 фоизи учун талаба бўлиш имконияти яратилди. Ваҳолан- ки, 4 йил аввал бу рақам атиги 9 фоизни ташкил этарди.
Мамлакатимизда олий таълим муассасаларининг сони 77 тадан 153 тага етди. Уларнинг 104 таси давлат, 30 таси чет эл, 19 таси нодавлат олий таълим муассасаларидир. Ўзбекистонда 22 та давлатнинг 60 та олий таълим муассасаси билан қўшма таълим дастурлари асосида битирувчиларга икки томонлама диплом бериш йўлга қўйилган. Агар ёшларимиз 2018 йилда 15 та чет эл университет ва институтларида таълим олиш имкониятига эга бўлган эса, 2021 йилда бундай олий таълим муассасаларининг сони 58 тага етган. Бу айни чоғда ўз самарасини бераётир.
Ўзбекистонда инновацион технологияларга асосланган, юқори қўшимча қийматга эга рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган замонавий корхоналар ташкил қилиняпти. Миллий иқтисодиётимиз учун сифат жиҳатидан мутлақо янги аэрокосмик, қуёш энергияси, “блокчейн", “яшил иқтисодиёт” каби соҳалар шакллантирилмокда. Илмий тадқиқот ва инновация фаолиятининг истиқболли йўналишларини аниқлаш, хорижнинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан ихтисослаштирилган илмий-тажриба лабораториялари, технопарклар ва бошқа инновацион тузилмалар, эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш, замонавий илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш юзасидан тизимли чора-тадбирлар кўрилмокда.
Тараққиёт стратегиясида 2026 йилгача рақамли иқтисодиётни тез ривожлантирадиган асосий соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 бараварга, электротехника саноатида эса юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2 бараварга ошириш, “яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, “яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳага фаол жорий этиш кўзда тутилмокда.
Бу мақсадларга эришишда таълим сифатини тубдан ошириш, ўрта таълим тизимини замон талабларига мослаштириш, олий таълимга қамров да- ражасини 50 фоизга етказиш, қабул кўрсаткичини камида 250 мингга кўтариш, 10 та салоҳиятли олий таълим муассасасини жаҳоннинг “03" ва “ТНЕ" энг яхши университетлари халқаро рейтингларига киришга мақсадли тайёрлаш вазифалари қўйилган.
2022 йилнинг ўзида Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ка- мида биттадан нодавлат олий таълим муассасасини ташкил этиш орқали уларнинг жами сони 34 тага етказилади. Шунингдек, Тараққиёт стратегиясида Қорақалпоғистон Республикасида 5 та нуфузли маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларини ҳамда Тошкент вилоятида 5 минг нафар талабага мўлжалланган Нурафшон давлат университетини ташкил этиш ҳам режаланган. Урганч давлат университети қошида Муҳаммад Хоразмий номидаги халқаро математика маркази ташкил этилади.
“Эл-юрт умиди" жамғармаси орқали эркин ва ижодий фикрлайдиган ёшларни нуфузли хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга юбориш кўламини 2 бараварга ошириш ҳамда хорижий давлатларнинг энг нуфузли университетларида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олишларини йўлга қўйиш кўзда тутилмокда.
Тараққиёт стратегиясида таълим сифатини ошириш бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2022 йилда ўрта таълим тизимини замон талабларига мослаштириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида дарсликларни янгилаш дастурини амалга ошириш, янги ўкув ўринлари яратиш, мактаб ўқувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича касб ўрганиш истагидаги битирувчиларни давлат томонидан камида бир касбни эгаллашига кўмаклашувчи тизимни жорий қилиш кўзда тутилган.
Айни чоғда қайд этиш жоиз, олий таълим муассасаларини битирган ёшларнинг эгаллаган ихтисосликлари бўйича ишга жойлашиш муаммоси сақланиб қолаётганлиги ҳам маълум. Бозор иқтисодиёти шароитларида олий таълим муассасаларининг барча битирувчиларини фақат давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан иш билан таъминлашнинг имкониятлари чекланган.
Шу боис фикримизча, Тараққиёт стратегиясига йирик компаниялар, бирлашмалар, бошқа иш берувчилар томонидан манзилли буюртма асосида олий таълим муассасаларига миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифасини киритиш мақсадга мувофиқ бўларди.
Эркин ЭРНАЗАРОВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
журналист.
- Қўшилди: 12.01.2022
- Кўришлар:
- Чоп этиш