Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг 2025 йилда амалга оширган ишлари ҳақида
ҲИСОБОТ
2025 йил давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат сиёсати амалга оширилишини жамоатчилик назорати орқали қўллаб-қувватлаш, халқаро мажбуриятлар ижросини мониторинг қилиш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда ҳуқуқий маданиятни оширишга қаратилган кенг қамровли ишлар олиб борди.
Жамоатчилик кенгашининг таркиби 17 кишидан иборат бўлиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, таълим ташкилотлари вакилларини ўз ичига қамраб олган.
Жамоатчилик кенгашининг таркиби Марказ директорининг буйруғи билан ҳар 3 йилда тасдиқланади.
Жамоатчилик кенгашининг фаолияти тасдиқланган иш режа асосида олиб борилади. Жамоатчилик кенгашининг 2025 йил мобайнида 4 та йиғилиши ўтказилди хамда қуйидаги йўналишдаги масалалар қўрилди:
- Ташкилий фаолият ва институционал ривожланиш соҳасида
2025 йил 27 февралдаги мажлисда Кенгаш таркиби ва Низоми тасдиқланиб, унинг фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари шакллантирилди.
Мазкур йиғилишда Кенгаш таркиби тасдиқланди.
- Кенгаш раислигига – Ўзбекистон Республикаси Нотариал Палатаси раиси Ашуров Дилшод Рустамович
- Кенгаш котиблигига – Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Юлдашева Гавхаржан
Мажлис давомида Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси Абдуллаев Комил Қадамович сўзга чиқиб, тақдим этилган номзодлар билан йиллар давомида самарали ҳамкорлик қилиб келинганини таъкидлади. Шунингдек, у номзодларнинг касбий маҳорати ва тажрибаси юқори эканлигини қайд этиб, уларнинг Жамоатчилик кенгаши фаолиятига қўшаётган ҳиссасига ижобий баҳо берди.
Кенгаш раҳбариятининг тасдиқланиши ва иш режасининг қабул қилиниши ташкилотнинг стратегик бошқарув қобилияти шаклланганини кўрсатади.
Кенгашнинг асосий мақсади инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик хабардорлигини ошириш ва давлат органлари фаолияти юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш экани белгиланди.
- Миллий стратегиялар ва дастурлар ижроси мониторинги йўналишида
- Амалдаги стратегиялар натижалари таҳлили
Кенгаш йиғилишларида 2020–2024 йилларга мўлжалланган Миллий стратегия ижроси таҳлил қилиниб, “йўл харитаси”да белгиланган 78 вазифанинг 69 таси бажарилгани қайд этилди.
Шунингдек, мазкур даврда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган 58 та қонун, 57 та Президент ҳужжати ва 29 та Ҳукумат қарорлари қабул қилингани таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия Ўзбекистоннинг ҳуқуқий, сиёсий ва ижтимоий ривожланиши йўлида муҳим қадам бўлиб, у янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши учун мустаҳкам асос яратди.
Жумладан, Миллий стратегиянинг ижроси давомида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонун ҳамда Меҳнат кодексининг янги таҳрири инсон ҳуқуқлари соҳасидаги демократик тамойилларни амалга оширишда асосий қадамлардан бўлди.
2020–2024 йилларда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида қатор халқаро индексларда ўз мавқеини яхшилади. Бу натижалар давлат сиёсатининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва демократик ислоҳотларни амалга оширишга қаратилганидан далолат беради.
Хусусан, Ўзбекистон 2021 йилги Ҳуқуқ устуворлиги индексида 139 та давлат орасида 85-ўринни эгаллаган бўлса, 2024 йилга келиб 142 та давлат орасида 83-ўринни эгаллади.
- Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича ҳаракатлар режаси мониторинги
2025 йил июль ойидаги мажлисда 2022–2025 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режаси ижроси муҳокама қилиниб, режадаги бандларнинг 58,2 фоизи бажарилгани маълум қилинди.
Миллий ҳаракатлар режаси ижроси доирасида 2 та қонун ва 4 та Президент қарор ва фармонлари қабул қилиниб, 1 та Дастур тасдиқланди. Шунингдек, 2 та мониторинг, 3 та танлов ва акциялар, 3 та ижтимоий сўровномалар, 26 та ўқув-тренинг машғулотлари ҳамда 20 та семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилганлиги такидлаб ўтилди.
Миллий ҳаракатлар режасининг 63-банди ижроси бўйича Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 2025 йил март ойи давомида хотин-қизлар ўртасида эрта турмуш – келтирар ташвиш”, “Вояга етмаган қизлар ўртасида эрта никоҳ ва эрта туғруқнинг салбий оқибатлари” каби мавзуларда мутахассислар иштирокида 2693 маротаба тушунтириш ишлари ва профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Режа доирасида қонунчилик, таълим, тарғибот ва ижтимоий тадбирлар амалга оширилди, бироқ айрим идоралар томонидан ҳисобот тақдим этишда камчиликлар аниқланди.
- Бола ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаси ижроси
2024–2027 йилларга мўлжалланган режанинг ижроси таҳлил қилиниб, 144 кичик банднинг 17 фоизи бажарилгани, 55 фоизи ижрода экани маълум қилинди.
2025 йилда Миллий ҳаракатлар режаси ижроси доирасида бола ҳуқуқларини такомиллаштиришга оид 1 та стратегия лойиҳаси (Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича 2025 – 2030 йилларга мўлжалланган миллий стратегия) ва 1 та Президент қарори (Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025-2030-йилларда Она сути билан озиқлантиришни қўллаб қувватлаш ҳамда чақалоқ ва ёш болалар учун овқатланишни оптималлаштиришнинг чора тадбирлари тўғрисида”ги қарор) лойиҳаси тайёрланди. Шунингдек, бола ҳуқуқларига оид 4 та ўқув-маърифий тадбирлар ташкил этилганлиги тўғрисида маълумот берилди.
Шу билан бирга болалар муассасаларида мониторинглар ўтказилиб, 450 дан ортиқ бола билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди.
- Бошқа халқаро мажбуриятлар ижроси
2025 йил декабр ойидаги йиғилишда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича миллий ҳаракатлар режалари ижроси муҳокама қилинди.
Бу муҳокамалар Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларга содиқлигини тасдиқловчи муҳим платформа бўлди.
Йиғилиш якунида Жамоатчилик кенгаши фаолиятига қўшган салмоқли ҳиссаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун фуқаролик жамиятининг энг фаол вакилларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Маросим давомида Жамоатчилик Кенгашининг фаолиятида алоҳида намуна кўрсатган, жумладан, қуйидаги йўналишларда салмоқли натижаларга эришган бир гуруҳ фаол аъзолар тантанали равишда Ташаккурномалар билан тақдирландилар. Кенгашнинг тақдирланган аъзолари, ўз навбатида, Марказ раҳбариятига кўрсатилган эътироф учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотларга ўз ҳиссаларини қўшишда давом этишларини таъкидладилар.
III. Янги Миллий стратегия (2030 йилгача) лойиҳаси муҳокамаси
2025 йил давомида Кенгаш фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси лойиҳасини муҳокама қилиш бўлди.
Муҳокамалар давомида:
- стратегиянинг тузилиши, асосий қоидалари ва амалга ошириш механизмлари тақдим этилди;
- хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги масалаларига кенг ўрин берилгани қайд этилди;
- ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва ижтимоий уй-жой дастурлари масалалари муҳокама қилинди;
- миллий қонунчиликни Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларига мувофиқлаштириш, инфратузилма стандартларини жорий этиш ва инклюзив таълимни ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, экспертлар томонидан:
- пенсионерлар ҳуқуқларини кучайтириш,
- ногиронлиги бўлган собиқ ҳарбийлар учун қулай муҳит яратиш,
- Ахборот кодекси ишлаб чиқиш муддатларини қайта кўриб чиқиш,
- стратегия чораларини молиялаштириш манбаларини аниқлаш,
- митинг ва йиғилишларга оид қонунчиликни такомиллаштириш,
- стратегияни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш каби таклифлар илгари сурилди.
Йиғилиш қарорига мувофиқ:
- стратегия лойиҳасини тайёрлаш ишларини жадаллаштириш,
- билдирилган таклифларни ҳисобга олиш,
- ижро назоратини таъминлаш вазифалари белгиланди.
- Жамоатчилик иштирокини таъминлаш
Йиғилишларда давлат органлари, ННТлар, оммавий ахборот воситалари, экспертлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этиб, очиқ мулоқот муҳити шакллантирилди.
Йил якунида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаол иштирок этган жамоатчилик вакиллари рағбатлантирилди.
- Умумий натижалар ва баҳолаш
2025 йил якуни бўйича Жамоатчилик кенгаши фаолияти қуйидаги асосий натижалар билан тавсифланади:
- инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий ва халқаро дастурлар ижроси устидан жамоатчилик мониторинги кучайтирилди;
- давлат органлари ҳисобдорлигини оширишга хизмат қилувчи таҳлилий муҳокамалар йўлга қўйилди;
- қонунчилик ва стратегия лойиҳалари бўйича экспертлик муҳокамалари ташкил этилди;
- инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий тарғибот ишлари кенгайтирилди;
- давлат органлари ва фуқаролик жамияти ўртасида мулоқот механизми такомиллаштирилди.
Хулоса
2025 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши инсон ҳуқуқларини таъминлаш тизимининг муҳим жамоатчилик институти сифатида фаолият юритди. Кенгаш давлат бошқаруви органлари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларнинг амалий самарадорлигини оширишга хизмат қилди.
Ўзбекча
English
Русский