Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакатимиз вакили Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитасининг аъзоси бўлди. Шу йил 17 октябрда Сербиянинг Белград шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси раҳбари Акмал Саидов 2020-2023 йиллар оралиғидаги муддатга ушбу юксак лавозимга сайланди.
Парламентлараро иттифоқ – халқаро ташкилотлар орасида ёши энг улуғидир. 1889 йилда таъсис этилган мазкур ташкилот ўтган даврда том маънода парламентлараро халқаро бирдамликнинг ёрқин ифодасига айланди.
Бу нуфузли ташкилот дунё парламентларининг етакчи халқаро органи сифатида қарийб 178 мамлакатни ўзида бирлаштирган. Бош қароргоҳи Женевада жойлашган.
Аъзо парламентлар ва уларнинг депутатлари ўртасида юксак қадриятларни илгари сурадиган ушбу уюшма барча миллатлар ўртасида ҳамкорлик ва мулоқотни рағбатлантириб келмоқда. Айни вақтда тинч ва ҳамжиҳат келажакни таъминлаш учун самарали қарорлар қабул қилиш йўлида хизмат қилмоқда.
Парламентлараро иттифоқ дунё мамлакатларининг қонун чиқарувчи органлари учун глобал мулоқот майдони ҳисобланиб, унинг доирасида муҳокама қилинаётган масалалар жаҳон ҳамжамияти эътиборига етказилади. Жорий йилда энг кекса парламент ташкилоти ҳисобланган ушбу тузилманинг 130 йиллиги нишонланди.
Парламетлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида 1 минг 700 дан ортиқ парламент аъзолари, БМТ ҳамкорлари ҳамда бутун дунёдан фуқаролик жамияти вакиллари қатнашди. Улар орасида 140 мамлакат делегатлари, шу жумладан 70 нафар спикер, 40 нафар парламент вице-президенти ва 700 дан ортиқ парламент аъзолари бор бўлиб, иштирокчиларнинг 30 фоизини аёллар ва 17 фоизини 45 ёшга тўлмаган ёш парламент аъзолари ташкил этди.
Ассамблея мажлисларида “Халқаро ҳуқуқни мустаҳкамлаш: парламентнинг ўрни ва механизми” ҳамда “Минтақавий ҳамкорликнинг ҳиссаси” мавзулари бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди.
Шунингдек, нуфузли анжуман иштирокчилари гендер тенгликни мустаҳкамлаш, ёшлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, парламент аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизими билан барча инсонларни қамараб олиш каби йўналишларда сўнгги янгиликларни кўриб чиқдилар.
Бугунги кунда Парламентлараро иттифоқнинг овози дунё бўйлаб тобора баланд янграмоқда. Мазкур ташкилот фаолияти мисолида ҳозирги замон халқаро муносабатлари мезонларининг самарадорлиги баралла кўринмоқда.
Ўтган йиллар давомида Парламентлараро иттифоқ кўплаб халқаро ва минтақавий парламентлараро ташкилотлар юзага келиши учун намуна бўлиб хизмат қилди. Бундай ташкилотларнинг сони айни вақтда 100 тадан ошади.
Парламентлараро Иттифоқ БМТ билан яқин хамкорлик қилади ва унинг мақсадлари ҳамда вазифаларини қўллаб-қувватлаб келади. Парламентлараро Иттифоққа БМТнинг Бош Ассамблеяси қошидаги кузатувчи-ташкилот мақоми берилган.
Парламентлараро иттифоқнинг Ижроия қўмитаси 18 нафар аъзодан иборат бўлиб, улар Ташкилот доирасидаги барча, яъни 6 та геосиёсий гуруҳдан сайланган вакиллардир. Ижроия қўмита маъмурий орган вазифасини бажаради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов номзоди Парламентлараро иттифоқнинг Евроосиё гуруҳи томонидан илгари сурилди. Белградда ўтказилган сайловда юртимиз намояндаси Ташкилотга аъзо барча мамлакатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, А.Саидовнинг шундай юксак лавозимга сайлангани Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизни том маънода демократик йўналишда ривожлантириш, хусусан, парламентаризмни мустаҳкамлаш соҳасида амалга оширилаётган шиддатли ва қамровдор ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганининг яна бир ўзига хос ифодасидир.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Сенатининг 2019 йил 21 июнда бўлиб ўтган йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида мамлакат қонун чиқарувчи органининг халқаро йўналишдаги фаолиятини кучайтириш зарурлигини алоҳида қайд этганди.
Президентимиз, жумладан, парламентимиз Парламентлараро иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси ва Ўзбекистон номидан Олий Мажлис аъзо бўлган бошқа халқаро парламент ташкилотлари билан ишлаш стратегиясини белгилайдиган, аниқ ва узоқ муддатни кўзлайдиган иш режаларини белгилаб олиши лозимлигини таъкидлади.
Шу маънода, Парламентлараро иттифоқ билан янада яқин ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши изчил ва мантиқий асосга эга. Мазкур Ташкилот Ижроия қўмитасига мамлакатимиз вакилининг аъзолик мақоми Ўзбекистонга аввало халқаро парламентлараро муносабатларнинг жаҳоний кўламдаги кун тартибидан мунтазам хабардор бўлиб бориш учун шароит яратади.
Янада муҳими, биз айни шу кун тартибини шакллантиришда бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлмоқдамиз. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Халқаро муносабатларда очиқ ва амалий, фаол ташқи сиёсат олиб борилаётгани туфайли ишончли ҳамкор сифатида мамлакатимизнинг халқаро обрўси тобора ортиб бормоқда”.
Маълумот учун: Акмал Саидов парламентаризм соҳасида қарийб 30 йиллик амалий тажрибага эга. У 1990-1992 йилларда Конституциявий комиссия аъзоси сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнларида бевосита иштирок этган.
Истиқлолнинг ўтган даврида 5 маротаба миллий парламент депутатлигига сайланган. 1999 йилдан буён парламентнинг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси ҳисобланади.
А.Саидов, шунингдек, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2017 йил 10-11 июль кунлари Кот д’Ивуарда бўлиб ўтган 44-сессиясида ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси таркибига Осиё қитъасидан Ўзбекистон вакили сифатида аъзо бўлган. Бир йилдан сўнг ИҲТ Комиссиясининг раиси этиб сайланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.10.2019
- Кўришлар: 5332
- Чоп этиш