Вазирлар Маҳкамасида 31 январь куни "Давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор қабул қилинди.
Уга кўра, 2025 йил 1 мартдан бошлаб давлат органларининг расмий веб-сайтлари фақатгина ягона платформада юритилади. Бунда янги ташкил этилган давлат органлари ўзларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини ташкил этилган санадан бошлаб бир ой муддатда ягона платформада йўлга қўяди.
Давлат органлари раҳбарлари ўз тузилмасининг расмий веб-сайти ягона платформада юритилиши учун шахсан масъул ҳисобланади.
Давлат органлари:
— расмий веб-сайт ягона платформага ўтказилганидан сўнг бир ҳафта муддатда эски расмий веб-сайтлар домен манзилларини ҳамда веб-сайт ва ундаги маълумотларни сақлаб қолган ҳолда, ягона платформадаги расмий веб-сайтлар манзилига йўналтиради ёки уларнинг фаолиятини тўхтатади;
— Ягона платформа оператори билан ягона платформага ўтказилган веб-сайтлар фаолиятини техник қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатишни, шунингдек, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўз ичига олувчи шартномани тузиш чораларини кўради.
"Киберхавфсизлик маркази" давлат унитар корхонаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда ягона платформани ҳар олти ойда беғараз асосда киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиб борсин ҳамда киберхавфсизликни таъминлаш бўйича доимий мониторингни амалга оширади.
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»