Бишкекда ТДТ диний идоралари раҳбарлари йиғилиши бўлиб ўтди

“Анадолу” ахборот агентлиги хабар беришича, Қирғизистонда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар диний идора раҳбарлари VI йиғилиши бўлиб ўтди.Тадбирга Бишкекдаги Конгресс марказида Қирғизистон муфтийси Абдулазиз Зокиров раислик қилди. Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Бош муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон вакили мамлакатимиз бош диний идораси ўз фаолиятини изчил ривожлантириб, халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаб бораётганига алоҳида урғу берди:

– Ташкилотимиз нафақат минтақавий барқарорлик ва тараққиёт, балки келажак авлодлар учун мустаҳкам замин яратиш нуқтаи назаридан ҳам ҳаётий аҳамиятга эга. Давлат ва ҳукумат раҳбарлари саъй-ҳаракати билан жамоамиз туркий халқлар бирлигини мустаҳкамлаш, умумий манфаатни ҳимоя қилиш, ислом оламида рўй бераётган воқеаларга муносиб ёндашиш йўлида дадил қадам ташламоқда.

Ўзбекистон муфтийси оилавий муаммоларни ҳал этишда фатвонинг аҳамиятига тўхталар экан, турк дунёси иқлим ўзгариши, ўрмон ёнғини, сув танқислиги, чўлланиш, экология муаммоси каби долзарб масалаларга дуч келаётганини қайд этди.

ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев турк-ислом қадриятларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, исломофобия ва радикализмга қарши курашиш, шунингдек диний муассасалар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш муҳимлигига эътибор қаратди.

Аъзо давлатлар диний идора раҳбарлари VI йиғилиши Фатво кенгаши томонидан қабул қилинган якуний ҳужжат маъқулланди.

Ўзбекистон таклифи билан иқлим ўзгариши, табиатни муҳофаза қилиш ва атроф-муҳит муаммосини ҳал этишга даъват этилди. Навбатдаги йиғилиш Озарбайжонда ўтказилиши белгиланди. Эслатиб ўтамиз, илк анжуман 2022 йилда Истанбулда, сўнгра Туркистон (Қозоғистон), Боку, Шуша (Озарбайжон), Остона (Қозоғистон) ва Тошкент (Ўзбекистон)да ташкил қилинган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech