БМТ вакиллари Марказий Осиё давлатларининг можароли ҳудудлардан фуқароларни қайтариш тажрибасини ўрнак қилиб кўрсатди

БМТнинг Венадаги (Австрия) бош қароргоҳида БМТнинг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича комиссиясининг 34-сессияси доирасида "Сурия ва Ироқдаги жанговар ҳаракатлар ҳудудларидан қайтган шахсларни самарали реабилитация ва реинтеграция қилиш: Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси" мавзусида қўшма тадбир бўлиб ўтди.

Аввало қайд этиш керакки, мазкур комиссия БМТнинг жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов соҳасидаги асосий директив органи ҳисобланади. У тегишли масалалар бўйича резолюциялар ва қарорлар қабул қилади, шунингдек, ушбу соҳада миллий ва халқаро стратегияларни ишлаб чиқиш ва устувор йўналишларни белгилаш мақсадида давлатлар ўртасида билим, тажриба ва маълумот алмашиш учун платформа бўлиб хизмат қилади.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистондаги минтақавий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган тадбир БМТга аъзо давлатларда катта қизиқиш уйғотди.  

Тадбирда Осиё, Африка, Европа, Шимолий ва Лотин Америкаси мамлакатларидан 50 дан ортиқ вакиллар иштирок этишди.

Барча нутқларнинг асосий ғояси Марказий Осиё давлатлари БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг чақириғига муносиб жавоб берганини, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ўз фуқароларини жанг майдонларидан қайтариш тўғрисидаги қарорларини бажариш мажбуриятини ўз зиммаларига олганларини ва аллақачон 2 мингдан ортиқ кишини ўз юртларига қайтарганликларини тасдиқлашдан иборат бўлди.

Хусусан, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг (БМТ НЖҚКБ) Европа, Ғарбий ва Марказий Осиё бўйича дастурларини мувофиқлаштирувчиси Жереми Милсом ушбу тадбир Марказий Осиё мамлакатларининг экстремизм ва терроризмга қарши курашда ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларига бўлган қатъий интилишини тасдиқлайди..

БМТ НЖҚКБ вакили Кейт Фитспатрик минтақа мамлакатларининг ҳаракатларини бошқа давлатлар учун кучли ва илҳомлантирувчи намуна деб баҳолади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори ўринбосари Шафоат Нуруллаева ўз нутқида Ўзбекистон томонидан терроризмга қарши курашда амалга оширилаётган асосий чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Экспертнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича ёндашувлар концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқилиб, ижтимоий реабилитация ва профилактика каби "юмшоқ усуллар"ни қўллашга эътибор қаратилмоқда.

Дин соҳасидаги маърифат ва илмий тадқиқотларга алоҳида урғу берилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий номидаги халқаро марказлар ташкил этилди.

Динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, инклюзив диний сиёсат ва радикал мафкура таъсирига тушиб қолган шахслар билан ишлаш устувор йўналишлар қаторига киради. Бундай комплекс ёндашув нафақат радикаллашув оқибатларини бартараф этиш, балки унинг сабабларининг олдини олиш имконини ҳам беради.

Ш.Нуруллаеванинг фикрича, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан БМТ Аксилтеррор бошқармаси шафелигида Ватанга қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича минтақавий экспертлар кенгаши ташкил этилгани бу борадаги муҳим қадам бўлди.

Бу минтақавий ҳамкорликни институтсионаллаштириш ва қўшма саъй-ҳаракатлар самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим омил бўлганлиги таъкидланди.

"Бугунги кунда ижобий натижалар кузатилмоқда: мазкур масала юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда, қўшма тадбирлар ва муҳокамалар ташкил этилмоқда," — дея қўшимча қилди СМТИ директори ўринбосари.

Унинг фикрича, Кенгаш репатриантлар билан ишлашнинг профессионал билим ва услубларининг ноёб манбаига айланиш, шунингдек, уларни реинтеграция ва реабилитация қилиш соҳасида самарали амалиётларни таклиф қилиш салоҳиятига эга.

Умуман олганда, иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг репатриантларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Минтақавий экспертлар кенгашини тузиш ташаббусини юқори баҳоладилар, унинг долзарблиги ва аҳамиятини таъкидлаб ўтдилар. 60 дан ортиқ мамлакатдан ўн минглаб аёллар ва болалар ҳамон можаролар ҳудудида қолиб, ватанларига қайтишни кутаётгани таъкидланди. БМТ вакиллари бошқа давлатларни Марказий Осиё мамлакатларининг тажрибасидан ўрнак олишга чақирди.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech