Бутун дунёда, шу жумладан, мамлакатимизда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 30 йиллиги кенг нишонланди. Бу Конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция — болалар ҳуқуқларига доир халқаро ҳуқуқ нормалари кучига эга ҳамда истиқболли энг тўлиқ илк ҳужжатдир. Жаҳоннинг 196 та давлати мазкур Конвенция иштирокчилари ҳисобланади.
Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимиз учун 1994 йил 29 июлда кучга кирган. Ўзбекистон БМТнинг мазкур Конвенцияси талабларига қатъий риоя этиб келмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, истиқлол йилларида мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Энг муҳими, бу ҳуқуқий асосларнинг мазмун-моҳиятига бола ҳуқуқлари ҳимояси борасидаги миллий ва умуминсоний ғоялар баб-баравар сингдирилди.
Конституциямизнинг 64-моддасида белгиланганидек, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради.
Бугунги кунда Ўзбекистонда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунлар амал қилмоқда. 2017 йилда “Болаларни уларнинг соғлигига зарар етказадиган ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июлдаги қарорига асосан БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган Тадбирлар дастури тасдиқланди. Тадбирлар дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини бажариш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ҳақида сўз борганда, бу ҳужжат, бир томондан, Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини амалда намоён этган бўлса, иккинчи томондан, унинг нормалари Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга ҳар томонлама мутаносиб эканини таъкидлаш лозим.
Ўзбекистон Президентининг қарори Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш жараёнида болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган тизимли ислоҳотларга шиддат ва шижоат бағишлади.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция дунёнинг барча минтақаларидаги халқлар учун тенг аҳамиятга эга. Унинг асосий мақсади болалар манфаатларини имкон қадар ҳимоя қилишдан иборат.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 1-моддасига кўра, агар миллий қонунларда балоғат ёши бирмунча эрта белгиланган бўлмаса, 18 ёшга тўлмаган ҳар қандай шахс бола ҳисобланади. Бу 18 ёшга тўлмаган ҳар бир инсон Конвенцияда қайд этилган барча ҳуқуқларга эга деганидир.
Ўзбекистонда ҳам 18 ёшгача бўлган шахслар бола деб тан олинади. Лекин маълум ёшдаги болалар айрим ҳуқуқларни мустақил амалга оширишлари мумкин.
Жумладан, болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланган. Бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.
Яна бир мисол: айтайлик, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган.
Бундай ҳолларда, 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 2-моддасига биноан жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий қобилиятлари ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, мазкур Конвенция ҳар бир болага нисбатан қўлланилади.
Мамлакатимизда 18 ёшга тўлмаган 12 миллион 200 минг нафардан ортиқ бола бор. Аммо, болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган институт яқин вақтга қадар мавжуд эмасди. Шу маънода, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимининг жорий этилиши маъқуллангани ниҳоятда муҳимдир.
Конвенциянинг 3-моддасида болани ижтимоий қўллаб-қувватлаш, суд, маъмурий бошқарув ва қонунчилик органлари томонидан қарорлар қабул қилишда боланинг энг устун манфаатлари кўзланиши тавсия қилинган. Содда қилиб айтганда, болалар билан иш олиб борадиган барча ташкилотлар ҳар бир бола учун барча яхшиликларни қилишга интилиши керак.
ЮНИСЕФ тавсиясига кўра, бола манфаатларида судларга киритилган даъволар бож ва бошқа тўловлардан озод қилиниши мақбул ҳисобланади. Шу маънода, юртимизда болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилишда даъвогар давлат божи ва тўловлардан озод этилиши билан боғлиқ янги имтиёз ҳам халқаро андазаларга тўла мутаносибдир.
Яқин вақтгача қонунчилигимизда чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган бола маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир қилса, унинг ота-онаси Ўзбекистонда қонуний асосга кўра яшаб турган бўлса-да, ҳуқуқбузар болани мамлакатдан чиқариб юборишга доир норма мавжуд эди. Ушбу нормани бекор қилиш йўлида муҳим қадамлар қўйилди.
Бинобарин, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 8-моддасига биноан, иштирокчи давлат бола ўз ота-онасидан боланинг хоҳиш-иродасига зид тарзда айрилишига йўл қўймайди. Боланинг энг устун манфаатлари шундай айрилишни талаб қиладиган ҳоллар бундан мустасно.
Конвенцияга кўра, бола ўзининг камол топишида ўзи фаол иштирок этиш, ўз фикрини баён қилиш ҳуқуқига эга. Бу эса бола ҳаётига оид масалаларни ҳал этишда унинг фикри ҳисобга олинишини таъминлайди.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция боланинг яшаш ва соғлом ривожланиш ҳуқуқига, фарзандликқа олиш билан боғлиқ ҳуқуққа, норасо болалар ва қочоқ болалар, шунингдек ҳуқуқбузарлик содир этган болаларнинг ҳуқуқларига оид қоидаларни ўз ичига олади.
Болаларга ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилишда оила ва ота-онанинг биринчи даражали роли, болаларга ёрдам кўрсатиш борасидаги мажбурияти ҳам Конвенцияда муносиб эътироф этилган.
Болаларни камситмаслик – Конвенциянинг муҳим тамойилларидан ҳисобланади. Болалар ирқи, танасининг ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқоди, миллий, этник ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати, соғлиғининг аҳволи ота-онаси ёки қонуний васийси ёхуд қандайдир бошқа ҳолатлардан қатьи назар, бирон-бир камситишларсиз ўз ҳуқуқларидан фойдаланишлари лозим.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июлдаги қарори билан тасдиқланган Тадбирлар дастурига асосан 20 ноябрь куни мамлакатимиз таълим муассасаларида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган умуммиллий дарс ўтказилди.
Жумладан, бизнинг 307-мактабда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг Матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғулом Мирзаев ўтказган дарсда мактаб раҳбарияти, ўқитувчилар ва 2-4-синф ўқувчилари қатнашди.
Машғулотда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилиниши тарихи, ушбу халқаро ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, Конвенция талабларини бажариш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ўз навбатида, ўқувчилар Конвенция моддаларини ёддан айтдива мазмунини шарҳладилар.
Мактаб кутубхонасига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан чоп этилган инсон ҳуқуқларига доир нашрлар тўплами тақдим этилди. Болаларга бадиий-адабий китоблар совға қилинди. Тадбир мактабимиз жамоаси ва болаларда катта таассурот қолдирди.
Хулоса қилиб айтганда, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция нормалари юртдошларимиз ўртасида кенг тарғиб қилинаётгани бежиз эмас. Айниқса, бола ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ҳақида жойлардаги болалар манфаатлари йўлида ишлаётган тегишли давлат ва жамоат тузилмаларини мақсадли, ялпи ва тизимли хабардор қилишни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани жуда муҳим.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак. Ҳаммаси ўзимизнинг, Ўзбекистонимизнинг болалари. Вақтида меҳр кўрсатсак, ишга, илмга, касбу ҳунарга, эзгу фазилатларга ўргатсак, уларнинг йўлини очиб берсак, эртага фойдаси ўзимизга, жамиятимизга тегади».
Раҳима КАРАЕВА,
Тошкент шаҳридаги 307-мактаб
бошланғич синф ўқитувчиси
- Қўшилди: 20.11.2019
- Кўришлар: 9223
- Чоп этиш