Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳаси ва у билан тасдиқланаётган Концепция лойиҳаси жорий йилнинг 31 январь куни қуйи палата мажлисида биринчи ўқишда қабул қилиниб, 10 февралга қадар палата расмий веб-сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган эди.
Концепция лойиҳаси бўйича муҳокамаларда барча юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жамоатчилик муҳокамаси жараёнида аҳолидан 400 тадан ортиқ изоҳлар, таклиф ва тавсиялар келиб тушди.
Шунингдек, 3 февраль куни Қонунчилик палатасида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилиб, ташаббускор депутатлар томонидан журналистларнинг лойиҳага оид саволларига жавоблар берилди. 6 февраль куни эса Қонунчилик палатасида юртимиздаги 16 та конфессия вакиллари билан концепция лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда барча конфессиялар вакиллари Концепция лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, унинг қабул қилиниши юртимизда динлар ва конфессиялараро тотувликни таъминлашга, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этдилар.
Лойиҳа юзасидан илмий-тадқиқот муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан Парламент тадқиқотлари институти, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ва бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Келиб тушган изоҳлар, таклиф ва тавсиялар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, аксарият фуқароларимиз мазкур Концепция ўз вақтида ишлаб чиқилганлигини ҳамда уни қабул қилиш юртимиз тараққиёти учун хизмат қилишини алоҳида эътироф этиб, уни қўллаб-қувватлашмоқда.
Келиб тушган изоҳ, таклиф ва тавсиялар атрофлича ўрганиб чиқилди. Ушбу таклифларнинг муҳокамаси ҳамда концепция лойиҳасини маромига етказишга бағишлаб ишчи гуруҳи ва масъул қўмитанинг йиғилишлари ўтказилди.
Мажлисда Концепция лойиҳаси кенг жамоатчиликнинг таклиф-мулоҳазалари асосида янада такомиллаштирилгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, фуқароларимиз Жаҳонгир Сафоев, Аҳмаджон Орипов, Амирулло Тўхлибоев, Шаҳнозахон Ғоффарова ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан билдирилган таклифлар асосида Концепциянинг 10 дан ортиқ бандларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида лойиҳага киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар: турли конфессиялар ўртасида ўзаро мулоқотни ўрнатиш, конфессиялараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон халқининг динларга оид маданияти ҳамда ислом цивилизациясининг ёрқин ютуқлари сифатида тан олинган буюк мутафаккир ва олимларнинг диний-фалсафий меросини, қўлёзма манбаларни ўрганиш бўйича илмий-амалий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг таълим олиши учун кенг шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни илм-фанга фаол жалб этиш орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш каби масалаларга қаратилгани таъкидланди.
Мажлисда қонун лойиҳаси ҳамда Концепция лойиҳаси бандма-банд муҳокама этилди. Депутатларнинг саволларига атрофлича жавоблар берилди.
Муҳокамалар давомида сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари сўзга чиқиб, Концепция давлатчилигимиз ривожининг бой миллий-тарихий тажрибасига ва умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда ишлаб чиқилганлигини ҳамда кўпмиллатли ва кўпконфессияли Ўзбекистонда умумжамият манфаатларини рўёбга чиқариш, демократия, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик асосида ўзаро тотувликда яшаш ҳамда изчил тараққий этиш учун зарур барқарор муҳитни таъминлашга қаратилганлиги алоҳида қайд этдилар.
Шундан сўнг мазкур концепция ва уни тасдиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»