Шу йил 6-7 ноябрь кунлари Саудия Арабистони пойтахти – Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича декларацияси лойиҳасини муҳокама қилиш ва маромига етказиш юзасидан Ҳукуматлараро ишчи гуруҳнинг 3-мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу анжуман Ислом ҳамкорлик ташкилоти Котибияти ва ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси томонидан ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад ИҲТ Котибияти ва Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ишлаб чиққан Декларация матнини якуний таҳрирдан чиқаришдир. Ҳужжат лойиҳаси ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 2015 йилда бўлиб ўтган 42-сессияси қарорига биноан тайёрланган.
Мажлисда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.
Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқлари бўйича департаменти директори элчи Саид ал-Этер Ҳукуматлараро ишчи гуруҳ мажлисига раислик қилди. Элчи ИҲТга аъзо давлатларда инсон ҳуқуқларини ёйишда ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларининг самарадорлигини оширишда ушбу халқаро ташкилотнинг роли кучайиб бораётганини қайд этди.
Декларация лойиҳасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро нормалар ва ислом қадриятлари ўз мужассамини топган. Янги ҳужжат ислом динининг инсон ҳуқуқларига доир энг асосий концепцияларини ўзида акс эттиради.
ИҲТ Бош котибининг ўринбосари элчи Таҳри Али Ваҳит бунга қадар ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича декларацияси сифатида қабул қилинган Исломда инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Қоҳира Декларацияси ташкилотга аъзо давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон стандартларга қатъий содиқлигини намоён этганига эътиборни қаратди. Элчининг фикрича, ИҲТга аъзо давлатларнинг бу борадаги тажрибаси ва жамоавий хоҳиш-иродаси янги Декларацияни ишлаб чиқишда алоҳида ўрин тутади.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича декларацияси лойиҳаси муҳокамаларида Ўзбекистон, Покистон, Марокаш, Миср, Туркия, Саудия Арабистони, Фаластин, Мавритания, Қувайт, Қатар ва бошқа давлатлар вакиллари ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.
Мамлактимиз вакиллари томонидан анжуман иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон илгари сурган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва айни вақтда халқаро миқёсда муҳокама қилинаётгани, 2018 йилда Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтгани ҳамда ушбу халқаро анжуман якунида қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд Декларацияси БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясининг расмий ҳужжати мақомига эга бўлгани ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Октябрь ойи бошида ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Ўзбекистон Ҳукумати ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси офиси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган йирик халқаро анжуман ўтказди. Ушбу нуфузли семинар якунида Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларацияси қабул қилинди. Бу ҳақдаги ахборот ҳам мажлис аҳлида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон 2021–2023 йилларда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланиш учун ўз номзодини илгари сурган. Жидда анжумани иштирокчиларининг эътироф этишича, шу мақсадда мамлакатимиз томонидан "Ихтиёрий мажбуриятлар ва Бош Ассамблеянинг 60/251-резолюцияси доирасидаги мажбуриятлар" номли ҳужжат ишлаб чиқилгани ҳамда миллий парламентда маъқуллангани жуда муҳимдир.
Маълумот учун: Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Исломда инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Қоҳира Декларацияси ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 1990 йили Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган 19-сессиясида қабул қилинган. Ўшанда бу ҳужжат ИҲТ доирасида инсон ҳуқуқлари мавзусини муҳокама қилиш йўлидаги дастлабки амалий қадам бўлган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 08.11.2019
- Кўришлар: 5630
- Чоп этиш