Ҳар бир юмушнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Айниқса хорижда ишлаб, даромад топишнинг паст-баландликларини четда юрган ҳамюртларимиз яхши билади.
Касбий малакаси юқори, хорижий тилни мукаммал билиб яхши даромад топаётганлар кўп. Лекин баъзи сабабларга кўра четда қийинчиликка дуч бўлганлар ҳам бор.
Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш куни муносабати билан эълон қилинган “Ватанга қайтариш” номли хайрия акциясида ана шундай юртдошларимизга кўмаклашиш нияти мужассам.
Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ҳуқуқ тартибот идоралари билан ҳамкорликда ўтказилаётган ушбу акция 30 августгача давом этади.
Акция доирасида чет элларда оғир шароитда қолган Ўзбекистон фуқароларини Ватанга қайтариш ва уларни жамиятга самарали мослаштириш мақсад қилинган.
Акция доирасида чет мамлакатлар депортация марказларида бўлиб турган аёллар ва болалар хорижий давлатларнинг масъул идораларидан олинган рўйхатлар асосида ватанга олиб келинади.
Консуллик муассасалари ёки Миграция агентлиги ваколатхоналари хулосаси асосида чет элда оғир молиявий аҳволда қолган фуқароларни қайтариш ташкилий равишда амалга оширилади.
Юртга келган фуқароларни самарали реинтеграция қилиш бўйича амалий чоралар кўрилади. Улар давлат томонидан тақдим этилаётган мақсадли субсидиялар, имтиёзли кредитлар, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш дастурлари орқали қўллаб-қувватланади.
Бу ишларни самарали ташки этиш учун Миграция агентлигининг тегишли телеграм ботлари ва қисқа телефон рақамлари туну кун ишлаб турибди.
Фуқароларни қайтариш билан боғлиқ транспорт харажатлари эса Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Ушбу хайрия гуманитар акцияси – хорижда оғир шароитда қолган фуқароларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган инсонпарвар ташаббусдир. Бу ҳар бир фуқаро, айниқса, аёллар ва болалар, қаерда бўлишидан қатъи назар, давлат ҳимоясида эканлигининг амалдаги исботидир.
Бу ишлар мамлакатимизда кейинги йилларда миграцияни тартибга солиш ва меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлардан бири бўлди.
И.АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири
- Қўшилди: 01.08.2025
- Кўришлар: 188
- Чоп этиш