Шу йил 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги Йиллик 6-семинари бўлиб ўтади.
Ушбу нуфузли халқаро анжуман Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш бўйича халқаро ташаббусни илгари сурди. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатда глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш масалалари кўзда тутилади.
Йиллик 6-семинарда тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилишнинг аҳамияти муҳокама қилинади. Анжуман иши доирасида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳасини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Семинарда ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари, халқаро экспертлар, ИҲТга аъзо ва кузатувчи мақомидаги 50 га яқин давлат, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалар вакиллари иштирок этади.
Хусусан, Афғонистон, Бангладеш, Бирлашган Араб Амирликлари, Буркина-Фасо, Габон, Гвинея, Гамбия, Жазоир, Жибути, Иордания, Индонезия, Комор ороллари Иттифоқи, Мавритания, Малайзия, Мали, Марказий Африка Республикаси, Марокко, Миср, Мозамбик, Нигерия, Озарбайжон, Покистон, Саудия Арабистони, Сенегал, Серра-Леоне, Судан, Сомали, Того, Тожикистон, Тунис, Туркия, Туркманистон, Уганда, Чад, Эрон, Яман, Ўмон, Қирғизистон, Қозоғистон, Қувайт каби мамлакатлардан иштирокчилар таклиф этилган.
Ҳозирги давр тараққиётининг қатъий тамойилларидан бири шуки, ҳар ким, ҳар қаерда ва ҳар қачон инсон ҳуқуқларидан баҳра олиши лозим. Ёшлар – аксарият мамлакатлар аҳолисининг катта қисми сифатида фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларидан эмин-эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлишлари зарур.
Бу ўринда давлатнинг зиммасидаги иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларни рўёбга чиқариш бўйича жавобгарлик фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни таъмин этиш билан боғлиқ масъулиятидан асло кам эмас. Шу нуқтаи назардан, ёшларга тааллуқли дастурлар ва ёшлар бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқишда навқирон авлод вакилларининг таълим олиш, меҳнат қилиш, малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқларини кўзда тутиш тақозо этилади.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Йиллик семинари иштирокчилари ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича мавжуд халқаро ва минтақавий механизмларни таҳлил қиладилар.
Анжуманда, шунингдек, ёшларни ўз мамлакати барқарор тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга рағбатлантириш учун давлат тараққиёт стратегиясида навқирон авлод ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳисобга олиниши борасидаги илғор тажрибалар асосида амалий таклифлар ишлаб чиқилади.
ИҲТга аъзо мамлакатлар ёшлари ўз ҳуқуқларидан тўла фойдаланишида дуч келаётган асосий муаммоларга эътибор қаратилади. Семинар иштирокчилари ўзлари мансуб мамлакатлар ёшларига доир давлат сиёсати ва жорий дастурлар таҳлили бўйича хулосаларини тақдим этадилар.
Анжуман ниҳоясида якуний ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда. Унда ёшлар ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш орқали уларнинг ўз мамлакатлари тараққиёти жараёнларида бевосита иштирокини кучайтиришга қаратилган ёшлар сиёсатини ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар баён этилади. Йиллик 6-семинарда қабул қилинадиган якуний ҳужжат, шунингдек, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги сессиясига тақдим этилиши мўлжалланган.
Маълумот учун: Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) – 1969 йил 25 сентябрда Марокаш пойтахти Роботда ўтказилган ислом давлатлари раҳбарларининг биринчи йиғилишида ташкил этилган. Дастлаб Ислом конференцияси ташкилоти (ИКТ) деб юритилган дунёдаги ушбу энг йирик халқаро ислом ташкилоти 2011 йилдан буён Ислом ҳамкорлик ташкилоти деб аталади.
ИҲТ қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган. Ташкилотда расман инглиз, араб ва француз тилларида иш олиб борилади. Бугунги кунда ИҲТга икки миллиардга яқин аҳолига эга 57 давлат аъзодир. Мазкур ташкилотда БМТ, Россия, Босния ва Герцеговина, Марказий Африка Республикаси кузатувчи мақомига эга.
Ўзбекистон 1996 йилдан ИҲТ аъзоси ҳисобланади. 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» мавзусидаги ушбу сессиянинг очилиш маросимида, шунингдек, 2017 йил 10 сентябрда Астана шаҳрида (Қозоғистон) бўлиб ўтган ИҲТнинг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида нутқ сўзлади.
ИҲТнинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:
- аъзо давлатлар ўртасида дўстлик ва бирдамлик ришталарини уйғунлаштириш;
- ислом оламида юзага келган муаммоларни ҳал этиш;
- давлатлар ички қонунларига ҳурмат билан ёндашиш;
- инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
- аъзо давлатларнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланишига кўмаклашиш;
- ислом дини ҳақида турли ноҳақ ва ножўя маълумотларни бартараф қилиш;
- турли соҳаларда мамлакатлардаги институтлар билан илмий изланишларни ташкил қилиш.
ИҲТнинг Мустақил доимий инсон ҳуқуқлари комиссияси – ИҲТга аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 2011 йил 28-30 июнь кунлари Астана шаҳрида (Қозоғистон) бўлиб ўтган 38-сессиясида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ тузилган.
2019 йилда Ўзбекистон ИҲТнинг ушбу Комиссиясига раислик қилмоқда.
Комиссия ИҲТнинг низом ва декларацияларида, шунингдек, инсон ҳуқуқлари борасида умум эътироф этилган ҳужжатларда қайд этилган фуқаролик, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларни, ислом қадриятлари билан мувофиқ ҳолда, мустаҳкамлаб бориш билан шуғулланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.10.2019
- Кўришлар: 5883
- Чоп этиш