Ўзбекистон "GTCI 2025" рейтингида минтақада биринчи ўринни эгаллади

INSEAD ва Portulans Institute томонидан эълон қилинадиган "Global Talent Competitiveness Index" (GTCI) жаҳон талант рақобатбардошлиги рейтингида Ўзбекистон учун муҳим бурилиш кузатилди: мамлакат илк бор Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида 1-ўринни, глобал рейтингда эса 71-ўринни эгаллади.

Бу кўрсаткич мамлакатнинг талантларни тайёрлаш, жалб этиш ва рағбатлантириш борасидаги салоҳияти ортиб бораётганини англатади.

Минтақада кейинги ўринларда Қозоғистон (72-ўрин) ва Қирғизистон (87-ўрин) қайд этилган.

"GTCI 2025"да мамлакатлар даромад гуруҳлари бўйича ҳам таққосланган. Ушбу бўлимда Ўзбекистон “қуйи ўрта даромадли мамлакатлар” орасида биринчи ўринга чиқди.

Бу Ўзбекистоннинг иқтисодий тоифасида кадрлар салоҳияти бўйича энг илғорлар қаторига кирганини кўрсатади.

Ўзбекистоннинг "GTCI 2025" рейтингидаги натижаси мамлакатнинг кадрлар салоҳиятига берилган глобал баҳо. Минтақада етакчиликни қўлга киритиш ва даромад тоифасида биринчи ўринга чиқиш Ўзбекистоннинг барқарор ислоҳотлари, инновацион сиёсати ҳамда ёшлар салоҳиятига берилаётган катта эътибор натижаси.

Бу кўрсаткичлар келажакда Ўзбекистонни рақобатбардош иқтисодиёт, инновацион ҳудуд сифатида мустаҳкамлайди.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech