Жазони ижро этиш тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ИИВ ахборот хизмати раҳбари ўринбосари Нилуфар Бегматова маълумот берди:
– Маҳкумларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари таъминлаш билан бирга тарбиявий ишларнинг самарали йўлга қўйилгани натижасида содир этган жиноятидан чин кўнгилдан пушаймон бўлаётган, тўғри йўлга тушаётган шахслар сони ошмоқда.
Маҳкумларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини такомиллаштиришга қаратилган кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Жиноят-ижроия кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, маҳкумларни сақлаш шароитлари халқаро стандарт талабларига мувофиқлаштирилди ва уларнинг ҳуқуқлари янада кенгайтирилди.
Маҳкумларга сайлаш ва ижтимоий суғурта олиш каби ҳуқуқлар берилди. Жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши бўйича ҳуқуқий кафолат мустаҳкамланди ҳамда “Уста-шогирд” мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Тизимда 6 та умумтаълим мактаби ва 4 та касб-ҳунар таълими маркази фаолият олиб бормоқда.
Жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни муассасада ишлаган даврини умумий меҳнат стажига қўшиш орқали уларга келгусида пенсия олиш имконияти яратилди. Маҳкумларга сурдо-таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Жазо муддатини ўтаётган шахсларга нисбатан қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишига йўл қўйилмаслиги қонунда белгиланди.
Биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган умумий тураржойларни махсус воситалар ва мосламалар (пандус) билан жиҳозлаш йўлга қўйилди. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жинси, ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат қобилияти ва иложи борича, ихтисослигини ҳисобга олган ҳолда ишлаши белгиланди. Маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини баҳоловчи аниқ мезонларни белгилаш орқали уларга адолатли рағбатлантириш чоралари қўлланилмоқда.
Ўз навбатида, маҳкумларга қариндошлари билан телефон сўзлашуви, йўқлов ва учрашувлар сони қарийб икки бараварга кўпайтирилди. Шунингдек, маҳкума аёлларга вояга етмаган фарзандлари билан чекланмаган миқдорда учрашиш имконияти яратилди.
2020 йил 30 июндаги 625-сон қонунга асосан маҳкумларнинг жазо муддатини ўташ давомида шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилди. Маҳкумларни тинтув қилиш вақтида жисмоний куч ва махсус воситалар асоссиз қўлланилишига йўл қўйилмайди. Маҳкумлар ва уларнинг яқин қариндошларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида қисқа муддатли учрашув, видеоучрашув ва телефон орқали сўзлашувларни ўзаро алмаштириш тартиби жорий этилди. Маҳкумларни жазо ўташ даврида адолатли мезонлар асосида рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби белгиланди. Вояга етмаган маҳкумларга ота-оналари билан учрашувларга нисбатан чекловлар олиб ташланди. Маҳкума аёлларни вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби белгиланди.
Шунингдек, тергов ҳибсхоналари ва ёпиқ турдаги колонияларда адвокатлар учун алоҳида 69 хона ташкил этилди. Омбудсман ва Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга жазони ижро этиш муассасаларига ҳеч қандай монеликсиз кириш учун шароитлар яратилди.
Барча жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида махсус контингентнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини таъминлаш учун улар билан амалга оширилиши мумкин бўлган айрим процессуал ҳаракатлар ёки бошқа тадбирларни амалга ошириш мақсадида видеокузатув воситалари билан жиҳозланган 49 та “Cўровхона” ташкил этилди.
Озодликдан маҳрум қилинган шахсларнинг сақлаш шароитларини халқаро стандартларга мослаштириш, уларни қўриқлаш ва назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, жазони ижро этиш тизимини рақамлаштириш бўйича мақсадли чора-тадбирлар белгиланди.
Хусусан, жазони ижро этиш муассасаларига 8 минг 276 дона видеокузатув мосламалари ўрнатилди. Муассасаларда хизмат ўтаётган ходимлар 360 дона бодикамера билан таъминланди. Видеокузатув воситалари Департамент Ситуацион таҳлилий марказига интеграция қилиниб, муассасалар ҳудудидаги (ходимлар ва маҳкумлар) ҳаракатларни онлайн назорат қилиш имконияти яратилди.
Жазони ижро этиш муассасасида маҳкумлар ва уларнинг яқин қариндошлари масофадан туриб видеоучрашувни амалга ошириши учун махсус хоналар ташкил этилди. Департамент тасарруфидаги 11 та тергов ҳибсхонаси, 18 та жазони ижро этиш колонияси рентген-сканер қурилмалари, бошқалари электрон навбат аппарати билан таъминланди.
Жазони ижро этиш департаменти билан давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида меморандумлар имзоланиб, маҳкумларни тарбиялаш, жамиятга мослаштириш, тўғри ҳаётга қайтариш борасида ҳамкорликда тарбиявий-профилактик ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу каби ишлар маҳкумларни қайта тарбиялашда муҳим ўрин тутмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 07.02.2025
- Кўришлар: 601
- Чоп этиш