Женевада ўтаётган Ижтимоий адолат бўйича Глобал коалициянинг форуми доирасида “Ҳамкорлар суҳбати – инсон ҳуқуқлари иқтисодиёти” мавзусида бўлиб ўтган панель муҳокамасида Сенат Раиси Танзила Норбоева расмий баёнот билан иштирок этди.
Сенат Раиси Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш ва ҳар бир фуқарога муносиб турмуш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Баёнотда иқтисодий ва ижтимоий сиёсат фуқаролар манфаатларига хизмат қилиши, инсон ҳуқуқлари эса инклюзив ва барқарор иқтисодиётнинг асосига айланиши кераклиги алоҳида қайд этилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон инсон салоҳиятини ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш, самарали бошқарув ва экологик барқарорликка эришишни асосий устуворлик деб билади. Ушбу тамойиллар инсон ҳуқуқларига асосланган иқтисодиёт ёндашуви билан уйғунлашади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон меҳнат ҳуқуқлари соҳасида муҳим натижаларга эришди. ХМТнинг барча асосий ва устувор конвенциялари ратификация қилинди. 2023 йилда қабул қилинган янги Конституция ва Меҳнат кодексида ушбу халқаро стандартлар ўз аксини топган. Айниқса, аёллар, ёшлар ва заиф гуруҳлар манфаатларини ҳимоя қилувчи жамоавий келишув институти кучайтирилди.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга нафақат имтиёз, балки фундаментал ҳуқуқ сифатида қаралаётгани таъкидланди. ХМТ билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “2030 йилгача ижтимоий ҳимоя бўйича миллий стратегия” универсал қамров, ижтимоий хизматлар, ижтимоий суғурта ва меҳнат бозоридаги фаол чораларни назарда тутади.
Баёнот якунида инсон ҳуқуқлари тамойилларини глобал молиявий бошқарув тизимларига чуқур интеграциялаш зарурлиги таъкидланди. Бундай ёндашув Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва “ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги” тамойилини амалга оширишда муҳим ўрин тутади.
Тадбир давомида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ижобий тажрибани эътироф этди.
Ўзбекистон ҳамкорликка тайёрлигини, тажриба алмашишга очиқлигини ва ҳар бир сиёсат, бюджет ва ислоҳот инсон ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши керак, деган қатъий позициясини яна бир бор тасдиқлади.
***
Женевага ташриф доирасида Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия раиси Танзила Норбоева ХМТнинг Халқаро меҳнат стандартлари департаменти директори Корин Варга билан учрашди.
Унда Ўзбекистон халқаро меҳнат конвенцияларини ратификация қилиш бўйича тизимли ишлар олиб бораётгани таъкидланди. Жумладан, бугунги кунга қадар 25 та конвенция ва 1 та баённома ратификация қилинган.

Жорий ташриф якунлари бўйича ХМТ департаменти тавсияларини инобатга олган ҳолда махсус “йўл харитаси” ишлаб чиқилиши қайд этилди. Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган мамлакат дастурини амалга ошириш доирасида барча режалар, шу жумладан, меҳнат инспекцияси институтини янада ривожлантириш бўйича вазифалар бажарилмоқда.
К.Варга Ўзбекистон меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда эришган ютуқларини юқори баҳолади. Ўзбекистон ХМТнинг халқаро стандартларга содиқлигини намоён этаётган ишончли ҳамкорига айлангани таъкидланди. Ўзбекистон меҳнат инспекцияси тизими бошқа давлатлар учун намуна бўлиши мумкинлиги ва ХМТ ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлиги қайд этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 16.06.2025
- Кўришлар: 287
- Чоп этиш