Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остида анъанавий V Республика “Китобхонлик ҳафталиги”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маълумки, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойида анъанавий “Китобхонлик ҳафталиги” тадбирлари ташкил этилади.
Тадбирда қайд этилганидек, 2025-2026 йил ўқув йилидан бошлаб мактабларда ҳафтанинг ҳар шанба кунини “Китобхонлик куни” деб белгилаш, “Ноширдан китобхонга” тамойили асосида китоб савдо-ярмаркалари ҳамда “Жадидлар изидан” республика танловини ўтказиш, таълим муассасалари кутубхоналарининг китоб фондларини ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналари билан тизимли таъминлаш каби муҳим вазифалар белгиланган.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошида болалар ва ўсмирлар адабиёти бўйича ёзувчи-шоирлар, эксперт-мутахассислар, кутубхоначи ва педагог-кадрлардан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, бугунги кунда болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган 50 та янги асарларни яратиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.

Тадбирда “Туркий адабиёт дурдоналари” асарлар мажмуаси Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент ва Ижод мактабларига, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати таркибидаги Темурбеклар мактаби ва Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицейларга тақдим қилинди.
Ҳафталик доирасида республика бўйича 1000 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар, Тошкент шаҳридаги “Dream park” истироҳат боғида ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларидаги маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек, туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларида “Ноширдан китобхонга” тамойили асосида китоб савдо-ярмаркалари ўтказилади.
Бундан ташқари, 25-26 апрель кунлари Ёзувчилар уюшмасининг “Паркент ижод уйи”да ташкил этиладиган ноширлар ва муаллифлар учрашувида болалар ва ўсмирлар адабиётини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА
- Қўшилди: 21.04.2025
- Кўришлар: 82
- Чоп этиш