Кўплаб хорижликлар Эрондан Озарбайжон ва Арманистонга қочди

Исроил ўтган ҳафтада Теҳронга зарба беришни бошлаганидан бери камида 700 дан ортиқ хорижий фуқаролар Эроннинг қўшни Озарбайжон ва Арманистон билан чегарасини кесиб ўтган. Бу ҳақда “Arab News” нашри ёзмоқда.

Каспий денгизи соҳилидаги Астара назорат-ўтказиш пункти орқали эвакуация қилинганлар Боку аэропортига олиб кетилмоқда ва улар халқаро рейслар билан уйларига учиб кетмоқда.

Эвакуация қилинганлар орасида Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, шунингдек, Германия, Испания, Италия, Сербия, Руминия, Португалия, АҚШ, БАА, Хитой ва Вьетнам фуқаролари бор. 

Маълумот ўрнида: Озарбайжон 2020 йилда COVID-19 пандемияси сабабли қуруқликдаги чегараларини ёпганди.

– Эвакуация зарурати туфайли Озарбайжон ҳукумати Эрондан чиқиб кетаётганлар учун чегарани вақтинча очди, - деди расмийлардан бири.

Расмий Ереваннинг маълум қилишича, Ҳиндистон ҳам Арманистон орқали Эрондан 110 нафар фуқаросини эвакуация қилган. Польша Ташқи ишлар вазирлиги Теҳрондаги элчихонаси ходимларининг бир қисмини Боку орқали эвакуация қилаётганини билдирди.

Туркманистон ҳам Эрондан эвакуация қилинган 120 га яқин одамга, асосан Марказий Осиё фуқароларига ўз ҳудуди орқали транзит ўтишга рухсат берди.

Чехия ва Словакия можаролар фонида Исроилдан ҳукумат самолётларида 139 кишини уйига олиб кетди.

М.Пирматова, ЎзА

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech