Парламент комиссиясининг йиғилишида муҳим масалалар кўриб чиқилди

Жорий йилнинг 13 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Парламент комиссияси аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси А.Саидов йиғилишни очар экан, халқаро мажбуриятларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва олдинда турган вазифалар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, халқимизнинг турмуш тарзи яхшилаш, тармоқдаги муаммоларнинг бартараф этилиши учун муҳим эканлигини таъкидлади.

Йиғилишда дастлаб “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТ иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси”нинг 9.д ва 20.д – бандларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, миллий ҳаракатлар режасининг 9.д-бандида камситишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплашнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган. Адлия вазирлигининг таҳлилларига кўра, миллий қонунчилик ҳужжатларида камситишга қарши ҳамда камситишдан жабрланганларнинг ҳуқуқларини кафолатловчи нормалар етарлича ишлаб чиқилган.

Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияда, маъмурий, жиноий ва фуқаролик кодексларида шахсни камситиш билан боғлиқ ҳолатлар учун жавобгарлик борлиги белгиланган. Шу билан бирга, тегишли суд просессуал қонунчилик ҳужжатларида ҳам ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун тегишли судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Комиссия аъзолари Президентимизнинг 2023 йил 12 майдаги тегишли Фармони билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан бажарилган ишлар бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг ахборотини ҳам эшитдилар.

Қайд этилганидек, мазкур дастурнинг 6 банди бўйича ижро муддати якунланиб, ишлар тўлиқ бажарилган. Фармон ижросини таминлаш давомида 20 дан ортиқ конференция, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ва тарғибот ишлари олиб борилган. 24 та бандни амалга ошириш бўйича эса ишлар изчил давом этмоқда.

Шу билан бирга, “Тадбирлар дастури”нинг 22-банди ижросини таъминлаш доирасида жорий йилнинг 25-26 май кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Европа Кенгашиининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) ҳамкорлигида халқаро конференция ҳам ташкил этилди. Унинг доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Тожикистон Республикаси Конституциявий суди ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Шунингдек, комиссия аъзолари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ва унинг “Йўл харитаси” бандларининг бажарилиши юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг умумлаштирилган маълумотини ҳам муҳокама қилдилар.

78 банддан иборат Миллий стратегияда 33 та қонун ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Янги қонун ҳужжатлари лойиҳалари —20 та, амалдаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун ҳужжатлари лойиҳалари – 4 та, амалдаги қонунларнинг янги таҳрирдаги лойиҳалари – 9 тани ташкил этади. Қолаверса, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг 20 та қонунлари қабул қилинди.

Инсон шаъни, қадр қиммати билан боғлиқ ҳар қандай камситишларнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган фуқаролар учун имтиёзлар бериш, болалар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглигига эришиш мазкур йўл харитасида белгиланган вазифаларда устуворлик касб этади.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 25-банди ижросини таъминлаш мақсадида Миллий марказ томонидан тайёрланган “Бола ҳуқуқларини ўргатиш” ва “Бола ҳуқуқлари” қўлланмалари тўғрисидаги маълумотнома ҳам муҳокама қилинди.

Бугунги кунгача мамлакатимиз 80 га яқин инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларга қўшилган. Мазкур халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар орасида бола ҳуқуқларига оид халқаро нормалар муҳим аҳамият касб этади. Мазкур халқаро ҳужжатлар ўз навбатида бола ҳуқуқлари бўйича миллий қонунчиликни такомиллаштиришга ёрдам бермоқда.

Ушбу қўлланмада бола ҳуқуқлари бўйича асосий тушунчалар ҳамда болаларнинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлари, жумладан болаларнинг яшаш, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, исм ва фуқароликка эга бўлиш, соғлиғини сақлашга бўлган ҳуқуқи, оилавий муносабатларга бўлган ҳуқуқи, таълим олиш, меҳнат қилиш, ногиронлиги бўлган болалар ҳуқуқи, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, хусусий мулкка бўлган ҳамда эркин маълумот олиш ва фикр билдириш ҳуқуқи ёритилган. Шунингдек, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, жумладан Болалар омбудсмани тўғрисидаги маълумотлар ўрин олган.

Йиғилишда кун тартибидаги кўрилган масалалар юзасидан Парламент  комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech