23 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг Ўзбекистон учун тавсияларини фуқаролик жамияти ва болалар орасида тарқатишнинг аҳамиятига бағишланган маслаҳатлашув бўлиб ўтди. Сенатдаги ушбу маслаҳатлашув Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЮНИCЕФ ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир иштирокчиларини Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Ж.Инжумба, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси А.Яцевич қутлади.
Маслаҳатлашувда халқаро эксперт О.Хазова, шунингдек, мамлакатимиз вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги таълим муассасалари талабалари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди. Қизиқарли руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси томонидан мамлакатимизнинг бешинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган тавсиялар асосида Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилганига эътибор қаратилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг техник ҳамда эксперт кўмагида тайёрланган мазкур Ҳаракатлар режасини амалда татбиқ этиш учун болалар ва фуқаролик жамиятини фаол жалб этиш юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида кенг кўламли ислоҳотла амалга оширилди. Бунда Президентимизнинг кучли сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муҳим натижаларга эришилгани, хусусан, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилгани, давлат ва жамият ҳаётида бундай салбий ҳодисаларга нисбатан муросасиз муносабат қарор топгани муҳим аҳамият касб этади.
ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Ж.Инжумба Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларини ва БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш борасида Ўзбекистон томонидан кўрилаётган саъй-ҳаракатларни ижобий баҳолади. Ўзбекистоннинг айни соҳадаги ибратли тажрибаси бошқа давлатларга ўрнак бўлиши мумкинлиги қайд этилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси А.Яцевич Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида, жумладан, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро мажбуриятларини бажаришда юксак ютуқларга эришаётганини алоҳида таъкидлади. Унинг эътирофича, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилган туб ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида салмоқли натижаларни қўлга киритди.
Шундан сўнг яқинда ўтказилган У-Репорт сўрови натижалари тақдим этилди. Унда 1 минг 800 дан ортиқ респондент бола ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича ўз фикрларини билдирган.
Сўров натижаларига мувофиқ, респондентларнинг тўртдан бир қисмидан озроғи (22%) бола ҳуқуқлари бузилган тақдирда, уларни қандай ҳимоя қилишни билади. Баъзи болалар ўз ҳуқуқлари ҳақида гапиришдан уяладилар (16%) ёки ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилсалар, жазоланишдан қўрқадилар (13%). Болаларнинг 60 фоизидан ортиғи, агар уларнинг ҳуқуқлари у ёки бу сабабларга кўра бузиладиган бўлса, ўз ҳуқуқларни ҳимоя қила олмасликларини айтишган.
Сенат мажлисининг ёш иштирикчилари болаларнинг энг кўп бузиладиган ҳуқуқлари юзасидан ўз фикрларини билдириб, ҳукумат ва парламентга бир қатор таклифларини баён қилдилар. Болалар ҳам, ННТ вакиллари ҳам мактабга бормаслик, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит, болаларнинг йўллардаги хавфсизлиги, оиладаги зўравонлик ва ўсмирларнинг руҳий саломатлиги масалаларига урғу бердилар.
Бошқа масалалар қаторида, улар рақамли дунёда болалар ҳуқуқларини белгиловчи БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 2021 йилдаги 25-сон умумий шарҳини амалга ошириш муҳимлигини ҳам таъкидладилар.
У-Репорт сўровлари шуни кўрсатадики, қишлоқ жойларда респондентларнинг 70 фоизи, шаҳар ва вилоят марказларида яшовчи респондентларнинг 85 фоизи интернетдан бепул фойдаланиш имкониятига эга. Сенатдаги йиғилишнинг ёш иштирокчилари интернетдаги зарарли сайтларга блок қўйиш ҳамда интернетда болалар хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратишни сўрадилар.
ННТ вакиллари ва ёшлар бола ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларнинг муҳокамаларида, хусусан, қонунчилик ва маъмурий қоидаларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалда татбиқ этиш босқичларида мунтазам иштирок этиш истагини билдирдилар. Мактаб ўқувчилари таълим соҳасидаги болалар ҳуқуқларига оид бир қатор долзарб таклиф ва ташаббусларни илгари сурдилар.
Хусусан:
- инсон ҳуқуқлари бўйича ўқитиладиган соатлар сонини кўпайтириш, бола ҳуқуқлари бўйича рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда махсус курслар ташкил этиш;
- мактаб таълими ва мактабгача таълим соҳасида инклюзив ёндашувни жорий этиш;
- болаларнинг ривожланаётган қобилиятини ҳисобга олган ҳолда мослаштирилган ва давлатга қарашли органларга мурожаат қилиш учун электрон платформа яратиш;
- эшитиш қобилияти паст болалар учун халқаро имо-ишора тилини жорий этиш ва чет тилларини ўргатиш;
- мактабларда безориликнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини ўтказиш;
- болаларнинг рақамли билим ва кўникмаларини ошириш, ўқитувчилар ва ота-оналарнинг рақамли ва компьютер саводхонлигини ошириш, мактабларда хавфсиз интернет сиёсатини жорий этиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Маслаҳатлашув якунида Миллий ҳаракатлар режасида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 24.11.2023
- Кўришлар: 3651
- Чоп этиш