Ўзбекистонда давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бўлган гендер тенглик ва маҳалла институтини ривожлантириш масалалари мамлакатимизда кенг қамровли ижтимоий ислоҳотларнинг асосий омилларидан ҳисобланади.
Сўнгги йилларда юртимизда хотин-қизларнинг фундаментал ҳуқуқларини таъминлаш масаласига давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилмоқда. Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жамиятдаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга ва ватанимиз тараққиётини юксалтиришга хизмат қилади.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масалаларига оид 40 дан зиёд норматив- ҳуқуқий ҳужжат, хусусан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон хотин-қизларни камситиш ва таъқиб қилишнинг барча шаклларидан ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя этишни назарда тутувчи халқаро шартномаларга қўшилди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари алоҳида ўрин эгаллайди. Хусусан, Конституциянинг 42 ва 58-моддаларида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, улар учун муносиб турмуш ва иш шароитларини яратиш ҳамда хотин-қизларга жамиятнинг барча жабҳаларида эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар таъминланиши назарда тутилган.
Бу борада 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонун мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган яхлит ва асосий қонун ҳужжати ҳисобланади. Ушбу қонун билан илк бор миллий қонунчилигимизда «гендер» тушунчасига таъриф берилган.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилди.
Республикада оила ва хотин-қизларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг муаммоларига тизимли ечим топиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилди.
Ҳар бир маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва шу орқали камбағалликни қисқартириш мақсадида 2022 йил 1 январдан бошлаб “Ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Натижада камбағаллик даражаси сўнги 2 йилда 17 фоиздан – 11 фоизга тушди.
Хотин-қизларни касбга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда саломатлигини мустаҳкамлаш ишларини энг қуйи бўғин – маҳаллаларда тизимли ташкил этиш мақсадида 1 минг 600 дан ортиқ маҳаллада Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилди.
Биргина 2023 йилда мазкур йўналишда намунали деб топилган 35 та маҳаллада шундай марказлар фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига жами 1 миллиард 689 миллион сўм давлат гранти маблағлари ажратилди.
Шу билан бирга олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда камида 20 нафар эҳтиёжманд хотин-қизни касаначилик асосида иш билан таъминлаган тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳар йили ҳар бирининг қиймати 50 миллион сўм бўлган лойиҳалар танлови ўтказиб келинмоқда.
Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимида хотин-қизлар масалалари бўйича алоҳида бошқарма, ҳудудий ички ишлар органларида раҳбарлик лавозимлари ҳамда шаҳар ва туман ички ишлар бўлимларида хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лавозимлари жорий этилди.
Мазкур лавозим жорий этилиши Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш ва гендер тенгликни таъминлашга қаратилган бир қанча ижобий ўзгаришларга олиб келди.
Биринчидан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда давлат сиёсатининг самарадорлиги ошди. Бу лавозим орқали хотин-қизларга оид муаммолар тизимли равишда ўрганилиб, уларга комплекс ечимлар топилишига эришилмоқда.
Иккинчидан, аёлларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда иштирок этиш даражаси кўтарилди. Чунки инспекторлар хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратиш, уларнинг лидерлик салоҳиятини рағбатлантиришга алоҳида эътибор бермоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати гендер тенгликни таъминлаш мақсадида ўзининг халқаро мажбуриятларига, жумладан, БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенциясига мувофиқ қабул қилинган мажбуриятларга содиқдир. Мазкур сиёсатни такомиллаштиришда БМТ конвенциявий органлари, халқаро ташкилотлар ва халқаро экспертларнинг тавсияларига катта эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон дастурида фаол иштирок этмоқда. Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури тасдиқланган.
Ушбу Дастур тадбирларини ижро этиш доирасида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Aёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” ўқув ва махсус курслари жорий қилинди. Имконияти чекланган шахслар, аёллар, болалар ва мигрантлар ҳуқуқлари бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.
Халқаро ҳамжамият томонидан 2024 йилда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 45 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бинобарин, мазкур тадбирлар дастури Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссиянинг 2024 йил 15 апрелдаги йиғилишида муҳокама қилинди ва тасдиқланди.
Ўтган даврда айни йўналишда халқаро, минтақавий ва миллий тадбирлар ўтказилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-маърифий ҳамда таълим-тарбиявий ишлар такомиллаштирилиб, аҳоли, ёшлар ва болалар учун дарслик, қўлланма ва бошқа адабиётлар тайёрлаш ишлари кучайтирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, гендер тенглик таъминланиши ва маҳалла институти фаолияти Янги Ўзбекистон жамиятининг барқарор ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ. Бу омиллар, айниқса, қашшоқликни камайтириш, соғлиқни сақлаш ва таълимни яхшилаш, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорликни оширишга ёрдам беради.
Дилноза Раҳматжонова,
Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги
таълим ва маърифат бўлими масъул ходими
- Қўшилди: 26.12.2024
- Кўришлар: 526
- Чоп этиш