Инсон ҳуқуқлари уйи ходимлари китоблар тақдимотида иштирок этди

25 декабрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида таниқли адиб Комил Синдаровнинг янги детектив асарлари — «Қабоҳат гирдоби» ва рус тилидаги «Жажда мести» китоблари ҳамда ёзувчи Жаббор Шукур ташаббуси билан ўзбек тилига ўгирилган Бошқирдистон халқ ёзувчиси Марсел Салимнинг “Олтин китоб” асарининг тақдимоти бўлди.

Ушбу тақдимот адабиёт ва ҳуқуқ соҳалари уйғунлигининг яна бир ёрқин мисоли бўлди. Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари уйи ходимлари Малика Толипова ва Шодия Исмоилова иштирок этди.

Комил Синдаров нафақат илмий, балки ижодий соҳада ҳам ўз ўрнига эга шахс сифатида танилган. Унинг “Терговчи” туркумидаги 14 та детектив асари ҳуқуқий билимлар ва бадиий тасвирлаш маҳоратининг уйғунлигини намоён этади. Бу асарларда ҳуқуқшуносликнинг қизиқарли масалалари маҳорат билан бадиий шаклда ифодаланган. Унинг китоблари нафақат ҳуқуқшунослар, балки детектив жанрига қизиқувчи кенг ўқувчилар оммаси учун ҳам қизиқарлидир.

Ўз навбатида, Жаббор Шукур ташаббуси билан ўзбек тилига ўгирилган “Олтин китоб” асари ҳам тадбирнинг диққатга сазовор воқеаларидан бири бўлди. Бошқирдистон халқ ёзувчиси Марсел Салим қаламига мансуб бу асар ўзаро адабий алмашинув ва халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам экани таъкидланди.

Бундай маънавий-маърифий тадбирлар миллий адабиётни қўллаб-қувватлаш, унинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқий саводхонликни оширишда катта аҳамиятга эга. Тақдимотда иштирок этган Миллий марказ вакиллари ушбу тақдимотни Янги Ўзбекистон жамиятида инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқий онг-тафаккурни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим қадам сифатида баҳоладилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech