Ҳозирги кунда технология оламида ҳайратланарли инқилобий ўзгаришлар юз бермоқда. Жумладан, бутун дунёда сунъий интеллект ва робот техникаси кенг қўлланила бошланиши натижасида иқтисодиётда ва кундалик турмушда катта бурилиш, янги технологик инқилоб арафасида турибмиз. Хусусан, бу масала рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёнини амалга ошираётган Ўзбекистонда алоҳида долзарблик касб этади.
Шу жиҳатдан Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги “Меҳнат иқтисодиёти ва инсон капитали” илмий мактаби ҳамда Г. В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида “Иқтисодиётда сунъий интеллект асослари” ўқув фани бўйича дарслик яратилиши бугунги давр талабларига мос кадрлар тайёрлаш вазифасини самарали амалга оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди. Академик Қ. Х. Абдурахмонов раҳбарлигида фаолият олиб бораётган иқтисодчи олимлар томонидан тайёрланган бу дарсликда сунъий интеллект ва робот техникасини иқтисодиёт тармоқларига жорий қилиниши натижасида яратиладиган янги имкониятлар ҳамда юзага келадиган муаммо ва таҳдидлар муҳокама қилинган.
Хўш, “Сунъий интеллект» ибораси қаердан келиб чиққан? 1956 йилда АҚШдаги Дартмут университетида ўтказилган семинарда математик-олим профессор Жон Маккарти аниқ муаммоларни ҳал қилиш учун “сунъий интеллект”дан фойдаланиш усуллари тўғрисида маъруза қилган. Унинг фикрича, интеллект мақсадларга эришиш қобилиятининг ҳисоблаш компонентини назарда тутади. Инглиз тилидан таржима қилинганда “интеллект” сўзи ақлнинг ўзини эмас, балки “ақлли фикр юритиш қобилияти”ни англатади. “Интеллект” — бу шундай технологик тизимки, у ўзини ўзи ўқитиш жараёнида маълум бир муаммоларни ҳал қилиш учун дастурларни яратиш қобилиятига эга.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Иқтисодиётда сунъий интеллект асослари” дарслиги сунъий интеллектнинг техник тафсилотлари ёки моҳияти тўғрисида тўлиқ маълумот беришни мақсад қилмаган. Дарслик асосан сунъий интеллектни жамият тараққиётининг турли соҳаларида кенг қўллашнинг иқтисодий оқибатларига бағишланган. Муаллифлар сунъий интеллект тушунчаси, пайдо бўлиши, ривожланиш босқичлари ва истиқболини ёритиб, унинг бизнес жараёнларини оптималлаштириш ва ходимларнинг иш сифатини оширишда, давлат бошқаруви ва хизматларини кўрсатишда қўлланилиши иқтисодиёт учун қандай натижаларга олиб келишини батафсил баён этганлар.
Дарсликнинг чоп этилишидан кўзланган асосий мақсад — бу сунъий интеллектнинг иқтисодиётдаги ўрнини тушунишга ёрдам бериш, ундан фойдаланиш асослари бўйича талабалар билимларини ривожлантириш, глобал ва миллий иқтисодиётда юзага келиши кутилаётган янги шароитларда тўғри қарорлар қабул қилишга “сунъий интеллект” ёрдамида кўмаклашишдан иборат.
Дарслик 8 та мавзуни ўз ичига олган бўлиб, улар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, муаллифлар “Сунъий интеллект тизими: умумий тушунчалар, ривожланиши”, “Сунъий интеллектда машинали ўқитиш”, “Сунъий интеллектда чуқур ўқитиш”, “Роботларнинг сунъий интеллект тизимидаги ўрни”, “Сунъий интеллектнинг иқтисодиётда тутган ўрни”, “Инсон капитали ва сунъий интеллект”, “Сунъий интеллект технологияларининг ижтимоий-меҳнат муносабатларига таъсири”, “Иқтисодиёт соҳаларида сунъий интеллектдан фойдаланиш” каби мавзуларда амалга оширилган илмий изланишлар натижаларини батафсил ёритишган.
Дарслик сунъий интеллект билан боғлиқ бир қатор муаммоларга амалий жавоб топишга ёрдам беради. Ундан бугун мавжуд касблар келажакда бўладими ёки улар йўқ бўлиб, ўрнида бошқалари пайдо бўладими, келажакда ишга жойлашиш ва муносиб ҳаёт кечириш учун қандай малакаларни эгаллаш керак, сунъий интеллект ва робот техникасига асосланган иқтисодиёт шароитида яшашлари учун ёшларга қандай таълим ва тарбия бериш керак, Янги Ўзбекистонда сунъий интеллект ва роботлаштиришнинг ривожланиши қандай истиқболга эга, деган кўпчиликни ўйлантираётган саволларга жавоб топиш мумкин.
Дарслик юқори савияда, тушунарли ва равон тилда ёзилган. Маълумотларни тақдим этишда маъновий ғализлик, ноаниқлик ва ортиқча мураккабликка йўл қўйилмаган. Ҳар бир мавзуни ёритишда фанга тегишли тушунча ва таърифлар, атама ва иборалардан лозим даражада фойдаланилган. Муаллифлар томонидан сунъий интеллект ривожланишини таҳлил этишда жаҳон иқтисодиёти ва миллий иқтисодиётга хос бўлган замонавий тенденциялар ҳисобга олинган.
Мазкур дарслик кенг қамровлилиги ва оммабоплиги билан иқтисодий фанлар соҳасидаги “янги авлод дарсликлари” жумласига киради ва, шубҳасиз, сунъий интеллект ва робот техникасининг иқтисодиёт соҳаларига жорий қилиниши оқибатлари тўғрисида фундаментал билимларни ўзлаштиришга хизмат қилади. У нафақат бўлажак иқтисодчилар ҳамда сунъий интеллект ва робот техникаси соҳасида фаолият олиб бораётган илмий ва амалиётчи ходимлар, балки бошқа турли соҳа вакиллари, жумладан ҳуқуқшунослар, умуман кенг жамоатчилик учун ҳам фойдали манба сифатида тавсия этилиши мумкин.
Акмал САИДОВ,
академик.
- Қўшилди: 27.12.2024
- Кўришлар: 705
- Чоп этиш