ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ МАҲАЛЛА ТИЗИМИ

Дунёда фақат Марказий Осиё халқларигагина хос бўлган ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб институти мавжуд. Тарихан мингйилликларга туташиб кетган, миллий менталитет ва қадриятлар асосида шаклланган бу ижтимоий тузилма маҳалла деб аталади. Бугунги кунда маҳалла Марказий Осиё минтақасида жойлашган Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг энг фаол бўғини ҳисобланади.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, маҳалла институтининг мақоми ва аҳамияти янада юксалди. Маҳалла халқ ва давлат ўртасидаги алоқани таъминловчи мустаҳкам кўприкка айланди. Айниқса, сўнгги йилларда амалга оширилган демократик ва инсонпарвар ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистонда катта ваколатлар ҳамда имкониятларга эга бўлган янги маҳалла тизими ташкил топди.

2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдум асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига маҳалла институтининг мақомини белгиловчи алоҳида модда киритилди. Яъни Конституциянинг 127-моддасида: “Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларда, шунингдек шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар раисни сайлайди”, дея аниқ белгиланди.

Ушбу модданинг давомида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатлари, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятлари, миллий қадриятлар, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал қилиши қайд этилган.

Шунингдек, Конституциямизда давлат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиши, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишда кўмаклашиши кафолатланган.

Маҳалла тизимини ислоҳ этиш ва унинг ижтимоий муносабатлардаги ўрнини юксалтиришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрда қабул қилинган “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, айниқса, муҳим аҳамият касб этди. Унга мувофиқ, маҳалла тизими тузилиши, мақоми, вазифа ҳамда ваколатларига кўра тубдан ўзгарди.

Биринчидан, республика, вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари шакллантирилди.

Иккинчидан, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди.

Учинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида “Маҳалла еттилиги” фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими очилди.

“Маҳалла еттилиги” жамоатчилик асосида фаолият олиб борувчи маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторидан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири муайян вазифага масъул ҳисобланади.

Масалан, профилактика инспектори маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашса, ижтимоий ходим оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ҳамда оилаларни аниқлайди, уларнинг эҳтиёжларига қараб, ижтимоий ёрдам берилишини ташкил этади. Солиқ инспектори эса тадбиркорларга солиқ хизматларини кўрсатиш, солиқ базасини кенгайтириш, солиқларни ундириш ва маҳалла бюджетининг даромадини шакллантиришга масъулдир.

Маҳалла бюджети Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ҳисобидан шакллантирилиб, унинг маблағлари маҳалланинг иқтисодий ҳамда ижтимоий даражасини оширишга йўналтирилади.

Бугунги кунда “маҳалла еттилиги”нинг жамоавий қарорлари асосида “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш амалиёти йўлга қўйилган.

“Маҳалла еттилиги” аъзоларининг фаолияти асосий самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқ тегишли мезон бўйича баҳоланиб, шунга кўра уларга моддий рағбат ажратилмоқда. Албатта, уларга асосий иш жойидан бериладиган иш ҳақи ҳам сақлаб қолинган.

Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистонда янгича тизим асосида фаолият олиб бораётган маҳаллалар халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Маҳалла тинч бўлса – юртимиз тинч, маҳалла обод бўлса – бутун мамлакатимиз обод ва фаровон бўлади”.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech