ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН КОНСТИТУЦИЯСИНИ ҲАЁТГА ТАТБИҚ ЭТИШНИНГ ҲАЛ ЭТУВЧИ ДАВРИ

(2024 йил сарҳисобига айрим чизгилар)

Умр – сувдек югурик, дейдилар. Бугунги умримизга дохил дақиқа, соат, кун, ҳафта, ой ва йилларнинг ўтиш тарзи ушбу азалий ҳикматнинг мантиғига сиғмай ва суръатига ета олмай қолаётгандек гўё. Нега деганда, “югурик” сўзи илдам, чаққон, чопқир, чопағон каби фақат ижобий мазмунга эга маъноларни англатади. Бугунги шиддатли давр эса нафақат эришилган ютуқ ва самаралар, балки кутилмаган тарзда ҳамда глобал миқёсда юзага келаётган турли хатару таҳдидларга ҳам ёндош кечмоқда.

Шу маънода, якунига етган йил сарҳисоби хусусида сўз юритганда, шубҳасиз, агар 2023 йил – илк бор референдум асосида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган йил мақомида тарихимизга зарҳал ҳарфлар билан битилган бўлса, 2024 йил – янги Ўзбекистон Конституциясини ҳаётга татбиқ этишнинг ҳал этувчи даври сифатида Ватанимиз тарихига муҳрланиши аниқ, деган фикрга келамиз.

Чунки янгиланган Асосий қонунимизнинг “Муқаддима”сида эътироф этилганидек, ушбу Конституцияни жумладан, “Ўзбекистоннинг  жаҳон ҳамжамияти, энг  аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини  ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилиб”, халқимиз қабул қилди.

 

“Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон”

(Ўзбекистон Президентининг янги китоби)

 

“Янги таҳрирдаги Конституциянинг чинакам ташаббускори ва муаллифи халқимиздир”. Бу ҳаққоний эътироф Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли иккинчи салмоқли муаллифлик асарида алоҳида таъкидланган. Ушбу китобда Ўзбекистоннинг кейинги 7 йиллик ислоҳотлари натижаси умумлаштирилган ва олдимизда турган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти чуқур очиб берилган.

Ватанимиз дунёга, дунё эса юртимизга юз тутмоқда. Минтақамиз ва бутун жаҳонда дўстларимиз, ҳамкорларимиз кўпаймоқда. Ўзбекистон ҳозирги кунда аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 та давлатдан бири ҳисобланади. Юртимиз шиддатли демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бормоқда.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида 2024 йилда улкан амалий қадамлар қўйилди. Мустақил юртимизнинг ҳар бир қутлуғ одимида ва бунёдкор халқимизнинг ҳар қайси ютуғида Истиқлолнинг буюк қудрати ёрқин намоён бўлмоқда. Шунинг учун, Президентимиз эътироф этганидек, бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас!

Миллат Сардори халқимизни яна бир ҳақиқатни унутмасликка чорламоқда. Яъни: бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистон эмас. Ҳали бу маррага етиш учун олдимизда жуда олис ва машаққатли йўл турибди. Лекин биз дадил олдинга боришдан, керак бўлса, кутилмаган, аммо пировард натижаси самарали ва халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ноанъанавий қарорлар қабул қилишдан чўчимаслигимиз зарур.

Шу нуқтаи назардан, “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” асарининг қуйидаги асосий хусусиятларини санаб ўтиш ўринли:

биринчи хусусияти: Ўзбекистоннинг умумбашарий муаммоларни бартараф этиш ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган глобал ташаббусларига эътибор қаратилган;

иккинчи хусусияти: мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари алоҳида таъкидланган;

учинчи хусусияти: Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ҳамда миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг моҳияти ва аҳамияти чуқур мушоҳада қилинган;

тўртинчи хусусияти: ривожланиш стратегияларимизнинг мақсади, асосий тамойиллари, фалсафаси ва мазмун-моҳияти кенг очиб берилган;

бешинчи хусусияти: ҳозирги замонда Янги Ўзбекистонни тараққий эттиришнинг жорий ҳолатига холис баҳо берилган ҳолда, миллий тараққиётимиз истиқболлари ҳақида атрофлича фикр юритилган.

Китобнинг эътиборга сазовор жиҳати шуки, Янги Ўзбекистондаги кўпқиррали сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий ислоҳотларнинг, мамлакатимиз ва жаҳон ҳамжамияти ўртасидаги муносабатларнинг бирон-бир йўналиши муаллиф эътиборидан четда қолмаган. Президентимиз камтарлик билан қайд этганидек, “Биз сиз билан биргаликда башариятнинг ажралмас қисми ҳисобланган, бутун дунёда Янги Ўзбекистон, дея эътироф этилаётган жонажон Ватанимизнинг тарихан ниҳоятда қисқа, мазмунан бир неча ўн йилликларга татигулик мураккаб ва шарафли йўлига яна бир бор назар ташладик”.

Ҳозирги замоннинг шиддатли ва зиддиятли тараққиёт тамойилларини мураккаб ва таҳликали давр нуқтаи назаридан тушуниш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, келажакка катта ишонч билан қараб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнларида онгли ва бунёдкор фуқаро сифатида муносиб иштирок этишда, янги ватанпарвар авлодни тарбиялашда ушбу асарнинг аҳамияти беқиёсдир. Муҳими, муаллиф чорлаганидек, “Янги Ўзбекистон барчамизники эканини, унинг орзудан – ҳақиқатга, имкониятдан – воқеликка айланиши бизга боғлиқ эканини асло унутмайлик”.

 

Янги таҳрирдаги Конституция ва сайловлар

 

Янгиланган Конституция қабул қилингани Янги Ўзбекистон ҳаёти барча соҳаларининг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Хусусан, конституциявий нормалар ва умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида Сайлов кодекси тубдан такомиллаштирилди.

Давлатимиз раҳбари 2024 йил 27 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, шунингдек, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлигига бўлиб ўтган сайловларнинг қуйидаги хусусиятларига эътиборни қаратди:

биринчидан, сайлов янги таҳрирдаги Конституциямизга мувофиқ ўтказилган биринчи сайлов сифатида тарихга кирди;

иккинчидан, Ўзбекистонда сайлов илк бор аралаш тизим асосида ўтказилди;

учинчидан, ушбу сайловларда ҳуқуқ ва ваколатлари сезиларли даражада кучайган, масъулияти бир неча карра ортган янги халқ вакиллиги тизими шакллантирилди;

тўртинчидан, бу жараёнда сиёсий партияларнинг фаоллиги ошди, улар ўртасида кучли рақобат сезилди;

бешинчидан, сайловлар тўлалигича очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик муҳитида ўтди;

олтинчидан, сайловнинг барча босқичлари тўлиқ рақамлаштирилди, “E-saylov” ахборот тизими жорий этилди. Илк бор электрон овоз бериш тартиби синовдан ўтказилди. Овоз бериш жараёнларини онлайн кузатиш имкони яратилди;

еттинчидан, сайловда миллий ва хорижий кузатувчилар иштирок этди;

саккизинчидан, Марказий сайлов комиссиясининг мустақиллиги ошди, профессионал сайлов органлари ташкил этилди;

тўққизинчидан, сайловда 15 миллиондан зиёд сайловчи қатнашди. Бу натижа ислоҳотларимизга ишонч ортганлигини кўрсатади ва халқимиз Янги Ўзбекистонни қуриш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлаётганлигининг яққол далилидир.

Сайлов кампаниясида иштирок этган сиёсий партияларнинг шиддат-шижоати ҳам бир қатор янгича жиҳатлари билан эътиборни тортди. Хусусан:

· сиёсий партиялар сайловга жиддий тайёргарлик кўрганлиги яққол сезилди;

· партиялар сайловга аниқ ғоя ва дастурлари билан чиқди;

· ҳар бир партия ўз аъзолари ва электорати талабларига асосланган амалий таклифларини илгари сурди.

Шундай қилиб, 2024 йилги сайловлар, бир томондан, якунига етган йилнинг энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаси; иккинчи томондан, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясини амалга ошириш йўлидаги яна бир салмоқли амалий қадам ҳисобланади.

Бу ҳақда сўз борганда, биринчи навбатда, Президентимизнинг 2023 йил 8 майда қабул қилинган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида ўнлаб қонун ва қонуности ҳужжатлари янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияга мувофиқлаштирилганини таъкидлаш лозим.

Бундан ташқари, 2023 йил 7 ноябрда Президентимизнинг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармон билан давлат раҳбарининг 10 та фармони ва 4 та қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Ўзбекистон Президенти 2024 йил 19 февралда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Шу асосда бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Шунингдек, 2024 йил 17 октябрда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳокимларнинг ҳамда халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Президентимиз 2024 йил 18 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисидаги нутқида эътироф этганидек, “Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришганимизга  саккиз  йил  бўлди.  Бу  даврда  халқимизнинг сиёсий тафаккури тубдан ўзгарди, сиёсий маданияти сезиларли даражада юксалди”.

Президентнинг парламент ҳафталиги

 

Ўзбекистон Президентининг 2024 йилда Олий Мажлисга тақдим этган “Мурожаатномаси” ҳам аввалгиларидан бутунлай фарқли ва ўзига хос бўлди. Бу ўринда Мурожаатнома парламентга яхлит ва ягона дастурий ҳужжат сифатида тақдим этилмасдан, балки давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 18, 19 ва 20 ноябрь кунлари Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биринчи мажлисларида ҳамда ҳар икки палатанинг илк қўшма мажлисида сўзлаган нутқлари – “Мурожаатнома” мақомида эълон қилингани ҳақида сўз бормоқда.

Ушбу “Мурожаатнома”да, биринчи навбатда, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида янги таҳрирдаги Конституциянинг таъсири ва илк амалий натижалари чуқур таҳлил этилди. Янгиланган Ўзбекистон Конституциясини ҳаётимизнинг барча соҳаларига теран татбиқ этиш истиқболлари белгилаб берилди.

Халқимиз 2023 йилда тарихимизда биринчи марта референдум асосида қабул қилган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасида қуйидаги муҳим норма бор: “Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди”.

Парламентга тақдим этилган бешинчи “Мурожаатнома” тимсолида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси нормаларини ҳаётга татбиқ этишда  давлатимиз раҳбари қандай ўрнак ва намуна кўрсатганлигига эътибор қаратиш айни муддаодир. Чунки, дунёнинг баъзи мамлакатларида давлат бошлиғи гоҳ суд ҳокимияти, гоҳида ижро этувчи ҳокимият – Ҳукумат билан ўзаро низода бўлса, баъзан қонун чиқарувчи ҳокимият, яъни парламентдан чўчиб туриши ҳолатлари учрайди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти янги таҳрирдаги Конституциянинг 11-моддасида белгилаб қўйилган давлат ҳокимияти тизимидаги уч тармоқ – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини нечоғлик муваффақият билан таъминлаб келаётганлиги таҳсинга сазовор. Буни Президентнинг янги “Мурожаатнома”си тақдим этилиши билан боғлиқ қуйидаги омиллар мисолида яққол кўриш мумкин.

Биринчи омил, янги сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан янги тайинланган Ҳукумат ўртасида келишилган ҳолда фаолият юритиш амалиёти мувофиқлаштирилди. Бунинг учун ўзаро ҳамкорликни таъминлайдиган энг мақбул таклифлар олға сурилди.

Иккинчи омил, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери, Сенат Раиси ва Бош вазир лавозимларига энг муносиб номзодлар итаклиф этилди. Парламент палаталари томонидан ушбу кадрларнинг бир овоздан маъқуллангани, ўз навбатида, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида келгусидаги самарали ҳамкорликни кафолатлайди.

Учинчи омил, Янги Ўзбекистон миллий тараққиётининг устувор йўналишлари ва энг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Тўртинчи омил, истиқболдаги қонун ижодкорлиги дастури доирасида яқин йилларда парламент қабул қилиши ҳамда Ҳукумат амалга ошириши керак бўлган энг муҳим қонунлар рўйхати таклиф этилди.

Бешинчи омил, аҳолининг маънавий-маърифий ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, айниқса, ёшларни давлат рамзларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, жамиятда конституциявий ватанпарварлик туйғусини ошириш юзасидан амалий таклифлар билдирилди.

Олтинчи омил, давлатимиз ташқи сиёсатининг тинчлик, барқарорлик ва ўзаро манфатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган устувор соҳалари ривожини таъминлашга эътибор қаратилди.

Сайлов якунлари асосида Қонунчилик палатасига 63 нафар депутат қайта, 87 нафар депутат эса янги сайланди. Қуйи палата депутатларининг 38 фоизи ёки 57 нафари аёллардир. Бу натижа минтақамиздаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Депутатларнинг 11 нафари, яъни 7,5 фоизи 35 ёшгача бўлган навқирон юртдошларимиздир.

Қонунчилик палатасига илк бор ногиронлиги бўлган шахс сайланди. Депутатлар сафида турли миллат вакиллари борлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Натижада қуйи палата том маънода инклюзив органга айланди.

Ўз навбатида, Президентимиз янги таркибдаги Сенатнинг ўзига хос хусусиятларига ҳам алоҳида тўхталар экан, юқори палата аъзосига нисбатан янгича таъриф берди. Яъни, “Сенатор деган ном – юксак ва шарафли мақом”.

Аслида ҳам, сенатор Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун хизмат кўрсатади. Сенатнинг янги таркиби сифат жиҳатидан юқори даражада шаклланди. Сенаторларнинг интеллектуал салоҳияти жуда баланд – ҳар уч сенатордан бири илмий даражага эга. Сенат аъзоларининг 27 фоизи ёки 16 нафари хотин­қизлардир.

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ҳам янги давр бошланди, чунки аксарият сенаторлар бир вақтнинг ўзида маҳаллий Кенгаш депутати ҳамдир. Ўтган даврда “Сенат – ҳудудий вакиллик палатаси” деган таърифнинг моҳияти янада аниқ аҳамият касб этишига эришилди. Яъни, аввало, Сенатнинг маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорлиги кенгайди.

Бугунги кунда маҳаллий Кенгашлар 15 тадан кўпроқ масала бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга. Аммо уларни тайёрлаш, келишиш ва тасдиқлаш бўйича ягона тартиб йўқ. Шу муносабат билан маҳаллий Кенгашларнинг мақоми ва ваколатларини кучайтиришга жиддий эътибор қаратилаётган бўлишига қарамай, маҳаллий Кенгаш депутатлари тажриба алмашадиган, малака ва кўникмаларини оширадиган тизим йўлга  қўйилмаган. Шу нуқтаи назардан, маҳаллий Кенгашларнинг энг яхши тажрибаларини оммалаштириш, намунали Кенгашлар фаолиятини эътироф этиш амалиётини йўлга қўйиш тақозо этилади.

Кейинги даврда Янги Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланмоқда. Янги Ўзбекистон Президенти нуфузли халқаро минбарлардан катта­катта ташаббусларни олға сурмоқда. Бу ташаббусларнинг мазмун­моҳияти ва аҳамиятини халққа етказишда депутатлар ва сенаторлар фаол бўлишлари керак.

Ўз навбатида, Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисида сўзлаган нутқида янги Ҳукумат фаолиятининг қуйидаги муҳим йўналишларига, яъни:

· макроиқтисодий кўрсаткичларга оид вазифалар;

· “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш истиқболлари;

· иқтисодиёт ва аҳоли даромадларини ўстиришда юқори қўшилган қиймат яратадиган саноат тармоқларини ривожлантириш ҳамда саноат кооперацияси масалалари;

· келгуси беш йилда иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини 85 фоизга етказиш борасидаги асосий вазифалар;

· озиқ­овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган таъсирчан чора­тадбирлар;

· соғлиқни сақлаш, таълим ва спортни ривожлантириш дастурларини рўёбга чиқаришга эътиборни қаратди.

Шу билан боғлиқ ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги устувор вазифалари белгилаб берилди.

Биринчи устувор вазифа: ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини одамларга янада яқинлаштириш лозим.

Иккинчи устувор вазифа: ижроия органлари қарорлар қабул қилишда қонунийликни таъминлаши шарт. Ҳозирда эса қонуности ҳужжатларни жамоатчилик билан маслаҳат қилишга риоя этилмаяпти. Ҳукумат тақдим этаётган қонун лойиҳаларининг сифати пастлигича қолмоқда. Зотан, хитой файласуфи Шан Ян айтганидек, “Яхши қонун халлқа ҳурмат ифодасидир”.

Учинчи устувор вазифа: Ҳукумат ва вазирликлар жойларда аниқланган муаммоларни ҳал этишда Қонунчилик палатаси қўмиталари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур. Назорат органлари ҳисоботларини парламент қўмиталарида муҳокама қилиш керак. Бундан кейин вазир ўринбосарларидан бири Қонунчилик палатаси қўмиталари билан ҳамкорлик учун масъул бўлади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Парламент назорати – бу, аввало, халқ назорати, халқ сўрови”. Шу маънода, парламент ва депутат сўровига ҳар бир раҳбар шахсан жавоб бериши шарт.

Тўртинчи устувор вазифа: самарали ташқи сиёсат олиб бориш учун, жумладан, Ташқи сиёсат концепциясини янги таҳрирда қабул қилиш керак бўлади. Марказий Осиё бешлиги доирасидаги ҳар томонлама ҳамкорликка кўмаклашиш ҳам доимий эътиборда туриши даркор.

Бешинчи устувор вазифа: давлатимиз суверенитети, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш; миллий ғурур ва ватанпарварликни камол топтириш; ёшлар тарбияси каби соҳалардаги вазифаларни ўзида қамрайди.

Президентимиз янги сайланган депутат ва сенаторларни ҳақли огоҳлантирганидек, халқ хизматчисининг масъулиятни ўз зиммасига олганидан сўнг беғам­бепарво, лоқайд  бўлиб  юришга,  ҳузур­ҳаловатга  берилиб  яшашга  маънавий ҳаққи йўқ. Давлат раҳбари таъбири билан айтганда, Соҳибқирон  Амир  Темур  бобомизнинг “Салтанат тўнини кийгач, танимдан ҳаловат кетди”, деган таъсирчан сўзларида давлатчилик ишига, эл­юрт хизматига бел боғлаган инсон амал қилиши зарур бўлган олий мезон назарда тутилган.

 

Инсон қадри ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш

 

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасига оид 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилди ва уларни ратификация қилди. Сўнгги 8 йилда қабул қилинган учта комплекс тараққиёт стратегияси ҳамда турли соҳаларни ривожлантиришга оид 60 дан зиёд стратегия, концепция ва дастурларга инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, унинг ривожланиши ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш, ижтимоий тенглик каби тамойиллар, ғоялар тўлиқ сингдирилди.

Ўзбекистон Президенти “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”, деб таъкидлагани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Агар дунё мамлакатлари конституцияларида инсоннинг 110 дан ортиқ ҳуқуқи қайд этилган бўлса, бу ҳуқуқларнинг 90 таси эндиликда мамлакатимизнинг Асосий қонунида мавжуд ва шу ҳуқуқлардан 40 таси янги конституциявий ҳуқуқлардир.

Конституциямизнинг 20-моддасига биноан: “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат  органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди”.

Ўзбекистонда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича қамровдор саъй-ҳаракатлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу йўлдаги барча интилишларимиз БМТнинг ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган “Ҳеч кимни унутмаслик ва ортда қолдирмаслик” асосий тамойилига мувофиқдир.

Эътиборли жиҳати шундаки, «Ўзбекистан – 2030» стратегиясида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мос равишда, қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, адвокатура институтининг мавқеини кескин ошириш, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш ва адлия тизимини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгиланган. Мазкур Стратегия доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги чора-тадбирлар қабул қилинди.

Хусусан, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади. Ушбу судьяга “хабеас корпус” институтини қўллаш борасида бир қатор ваколатлар берилмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун миллий ва халқаро институтларга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланди. Конституциявий шикоят институти конституциявий даражада мустаҳкамланиб, фуқаролар Конституциявий судга бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Жаҳон мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг мақоми конституциявий даражада таъминланди.

Ўз навбатида, 2024 йилда Ўзбекистон биринчи марта БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC) ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Маъмурий кенгаши аъзолигига сайланди. Шунингдек, Ўзбекистон вакили илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлди.

Мамлакатимизга 2024 йил август ойида БМТнинг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Б.Раджагопал ташриф буюрди. БМТ Махсус маърузачиси билан тегишли давлат ташкилотлари ва турли муассасаларда бўлиб ўтган учрашувларда мамлакатимизда аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш соҳасида амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон БМТ тузилмалари, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатимиз томонидан ратификaция қилинган шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига миллий маърузалар ўз вақтида тақдим этиб келинмоқда.

Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этиш лозим. Айни халқаро ташкилот кўмагида мамлакатимизда меҳнат соҳасида 40 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, 24 та халқаро конвенция ратификация қилинди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий таълим самарадорлигини ошириш, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга оид Жаҳон дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича ишлар фаол давом эттирилмоқда. Шу мақсадда Янги Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим миллий дастури изчил амалга оширилмоқда.

Яна бир муҳим тадбир: 2024 йил июнь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи форум “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзусига бағишланди. Ўзбекистон Президентининг Форум иштирокчиларига йўллаган табригида 2018 йилда ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Осиё форуми жаҳон амалиётига ўзига хос “Самарқанд руҳи”ни олиб киргани таъкидланди.

Шу билан бирга, 2024 йилда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 45 йиллиги, Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенция қабул қилинганининг 40 йиллиги ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 35 йиллигини нишонлашга қаратилган кўламдор тадбирлар ўтказилди.

 

Ёшлар тарбияси ва тадбиркорлик ривожига

алоҳида эътибор

 

Бугунги кунда инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ғояси давлатимизнинг бутун ички ва ташқи сиёсатининг тамал тошига, янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларнинг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига ҳамда ушбу эзгу саъй-ҳаракатларни ўзаро боғлаб турувчи муҳим омилга айланди. Бу саъй-ҳаракатларни ривожлантириш йўлида Ўзбекистон Конституциясининг “инсон – жамият – давлат” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш ва инсон ҳуқуқларига тааллуқли нормалари 3,5 баробар оширилди.

Шу маънода, 2024 йилда Янги Ўзбекистон фуқароси, жамияти, давлати, давлат раҳбарининг диққат-эътибори ана шу муҳим конституциявий принципларни рўёбга чиқаришга қаратилди. Бунда, айниқса, Президентимизнинг ниҳоятда тиғиз кун тартиби доирасидаги қизғин амалий фаолияти ва унинг самаралари алоҳида аҳамият касб этади.

Президент Матбуот хизматининг ҳар ойда эълон қилиб бораётган маълумотларини умумлаштирганда, давлатимиз раҳбари 2024 йилда 115 та қонун, 193 та фармон, 373 та қарор ва 52 та фармойиш имзолагани аён бўлади. Шунингдек, Президентимиз иштирок этган 126 та селектор йиғилиши ва тақдимотларда энг долзарб масалалар муҳокама этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йилда юртимиз вилоятларига 16 марта, жумладан, мамлакат пойтахти ва Тошкент вилоятига бир неча бор сафар қилди. Бу ташрифлар давомида ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши ва жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Юртбошимиз аҳоли ҳаётини янада фаровонлаштириш, маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва шаҳар-қишлоқларни обод қилишга қаратилган янгидан-янги ташаббусларни илгари сурди. Аҳолининг турли қатламлари вакиллари билан самимий мулоқотда бўлиб, "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да ёшлар билан тадбиркорлар муаммолари ечимига алоҳида эътибор қаратди.

Шу ўринда Ўзбекистон Президенти томонидан ҳал қилинган давлат бошқарувининг жорий ва стратегик масалалари кўлами жуда кенг эканлигини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. Бундай тиғиз кун тартибига йил бўйи – ҳар бир ой, ҳафта ва кун давомида қатъий амал қилинганидан кенг жамоатчилигимиз Интернет ҳамда ойнаи жаҳон орқали мунтазам хабардор бўлиб турди.

 

Фаол ва ташаббускор ташқи сиёсат

 

Ўзбекистон Президенти дунёдаги ва минтақамиздаги вазиятга ғоят синчковлик билан аниқ ва холис баҳо берар экан, замонавий таҳдидларни бартараф этиш учун икки томонлама ва кўп томонлама, минтақавий ва глобал даражалардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлагани жуда муҳим. Давлатимиз раҳбари ҳақли қайд этганидек, “Бундай мураккаб шароитда ҳеч бир мамлакат якка ҳолда барча замонавий хавф-хатарларни четлаб ўтиб, уларнинг сабаб-оқибатларини бартараф этишга қодир эмаслиги айни ҳақиқатдир”.

Янги Ўзбекистон дунёнинг 156 та давлати билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Юртимизда 46 та чет эл элчихоналари, 3 та бош консуллик, 13 нафар фахрий консул, 24 та халқаро ва 27 та хорижий ташкилот ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Хорижий мамлакатларда ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистоннинг 59 та дипломатик ва консуллик ваколатхоналари мавжуд. Мамлакатимиз 100 дан ортиқ халқаро ташкилот аъзоси бўлиб, турли хил кўп ва икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантириб келмоқда.

Ўзбекистон Президентининг 2024 йилдаги фаол ва ташаббускор ташқи сиёсатининг географияси қандай кенг ва самаралари қанчалик қамровдорлигини мана бу рақамлар ҳам яққол тасдиқлаб турибди. Ўтган йил давомида Президентимиз дўст ва ҳамкор мамлакатларга 18 марта давлат, расмий ва амалий ташрифларни амалга оширган. Хорижий ташрифлар чоғида нуфузли давлат арбоблари билан 47 та учрашув ўтказган.

Ўз навбатида, 2024 йилда мамлакатимизга БМТ Бош котиби, шунингдек, Беларусь, Қозоғистон, Малайзия, Россия, Мўғулистон, Қирғизистон, Германия каби давлатларнинг бошлиқлари ва ҳукумат  раҳбарлари ташриф буюрди. Ўзбекистон Президенти йил давомида мамлакатимизга ташриф буюрган турли халқаро ва хорижий делегациялар билан 90 марта учрашди.

Яна бир эътиборли ташаббус: Президент Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсий мулоқот соҳасига, таъбир жоиз бўлса, “телефон дипломатияси” амалиётини татбиқ этди. Давлатимиз раҳбари 2024 йилда ҳамкор давлатлар бошлиқлари ва ҳукуматлар раҳбарлари ҳамда таниқли давлат арбоблари билан телефон орқали 49 марта мулоқот қилди.

Бу мулоқотлар аввало ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари билан боғлиқ энг муҳим мавзулар муҳокамасига бағишланди. Шу билан бирга, Президентимиз ўз ҳамкасбларини туғилган куни ёки сайловда эришган ғалабаси билан табриклади. Баъзан қайсидир ҳамкор мамлакатда юз берган фожеа муносабати билан таъзия изҳор қилиб, кўнгил сўрашдек инсоний бурчга риоя этилди.

Мухтасар айтганда, бугунги кунда дунёда содир бўлаётган чуқур сиёсий ва иқтисодий зиддиятлар даврида якунига етган йил Янги Ўзбекистон жамияти ва давлати учун баракали келди. Мамлакатимиз жаҳон ҳамжамияти учун умумий муаммоларни ўзаро мулоқот, маданий-цивилизациявий, миллатлараро ва динлараро ўзаро ҳамкорлик орқали ҳал этишга астойдил интилмоқда.

 

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати

“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2024 йил 29 декабрь кунги 265 (1326)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech